Қайғули Қисмат Қурбони
XIX аср охири — XX аср бошларида Америкада яшаб, атиги қирқ йил умр кўрган бу адиб олам-олам адабий мерос қолдириб кетган: «Мартин Иден», «Ёввойилар чақириғи», «Денгиз бўриси», «Темир товон» сингари романлари, юзлаб ҳикоялари Америка адабиёти тарихидан муносиб жой эгаллади. Бу — Жек Лондондир.
Туғилмасидан шунча ғавғо
Нимагадир кўпчилик уни инглиз деб ўйлайди. Балки
фамилияси Лондон бўлгани учундир. Ҳолбуки, бу адиб 1876 йилнинг 12 январь куни
Американинг Сан Франциско шаҳрида дунёга келган. Эътиборлиси шуки, у умрининг
ярмигача, яъни 20 ёшигача оилавий шароити туфайли деярли ҳеч қаерда ўқий
олмаган. Онаси Флора Веллмен мусиқа ўқитувчиси ва спиритист (ўлган одамнинг
руҳи билан гаплаша оладиган одам) бўлган.
Флора ўша пайтда (1875 йили) астролог Уильям Ченийдан ҳомиладор бўлиб қолади. Бундан хабар топган Чений ҳомилани
олиб ташлашни талаб қилади. Флора эса бунга кўнмайди. Ўз навбатида, Уильям ҳам
болани қарамоғига олишдан бош тортади. Оқибатда қиз ўз жонига қасд қилади. Тўппончадан
унчалик жиддий жароҳат олмаган бўлса ҳам, вақтинчалик ақлий носоғлом бўлиб
қолади, яъни ақлдан озади. Кўзи ёригач, Флора чақалоқни боқишни собиқ
хизматкори — Виржиния Прентисга топширади. Кейинчалик бу аёл Лондон ҳаётида
асосий она тимсоли бўлиб қолади.
1876 йилда Флора Веллмен фуқаролар уруши ветерани —
Жон Лондонга турмушга чиқади. Ёш оила Сан Францискодан Беркелейга кўчиб
келганда кичик Жон (кейинчалик Жек исмини олган) ўрта мактабни наридан-бери
тугатганди. 1896 йилда эса, яъни 20 ёшга тўлганда ўзи орзу қилган Калифорния
университети талабаси бўлади. Ва шу ерда онаси нима учун ўз жонига қасд қилгани
ҳамда ҳақиқий отаси кимлигини аниқлашга киришади, газеталарни титишга тушади
(онасининг ҳомиладор бўлгани тўғрисидаги хабар «Сан Франциско Кронокайл» («San
Francisco Chronocile») нашрининг 1875 йил 4 июндаги сонида босилиб чиққан).
Жек ўша пайтда Чикагода яшаётган Уильям Ченийга хат ёзадию ўзи кутмаган жавобни олади: яъни Чений унинг отаси бўлиши мумкин эмаслиги, чунки у жинсий заиф экани ва агар мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам, Флоранинг боошқасига турмушга чиққанию болани аборт қилдиришдек туҳматни унга ағдарганини рўқач қилади. Бу воқеадан сўнг Жек чуқур қайғуда
қолади. Барибир ҳақиқатнинг тагига етгач, Беркелейдан Клондайкка кўчиб кетади.
Ўн уч ёшида ишчи
Лондон туғилган уй 1906 йилда содир бўлган Сан Франциско зилзиласидан кейин ёниб кетган. Офат ҳақидаги мемориал лавҳалар
Калифорния тарихий жамиятида сақланади. Унинг оиласи ишчилар синфига мансуб
бўлган. У билим олмаган, лекин китоб ўқишни жуда севарди. Кунини маҳаллий
кутубхоналарда ўтказарди. Унинг ёзувчиликка кириб келишига энг асосий сабаб
Оуиданинг «Сигна» романини топиб олиши (1885 йил) билан боғлиқ дейиш мумкин.
Негаки, ундаги ўқимаган деҳқон боласининг келажакда машҳур опера бастакори
бўлиб кетгани Лондонга жуда қаттиқ таъсир қилади ва у янада кўпроқ ўқишга
киришади.
13 ёшидан эса Лондон ҳақиқий ҳаётга қадам қўяди.
Консерва заводида кунига 12-18 соатдан ишлай бошлайди. Ҳали ёш бўлгани учун
бошқа енгилроқ иш ҳам қидирарди. Натижада, қора танли онаси — Виржиния
Прентисдан озроқ пул олиб, чиғаноқ овловчи Френч Френкдан унинг асобини сотиб
олади ва ўзи ҳам шу меҳнат билан шуғуллана бошлайди. Бир неча ой чиғаноқ овлаб
юргач, «Калифорния балиқчилик патрули» аъзосига айланади. 1893 йили Софи
Сазерленд номли шхуна(кичик елканли кема)да Япония қирғоқларига сузиб кетади.
Ватанига қайтганида шаҳарда «93-йил ваҳимаси» ҳукм
сураётган эди. Темир йўл заводидаги ва бошқа фабикалардаги ишчилар оғир
меҳнатдан қутулиш учун бош кўтарган эдилар. Лондон эса бу ғалвалардан қочиш
учун Келли армияси сафига қўшилиб, ўзининг сарсонликларини бошлайди. Бу
дарбадарлик 1894 йили Эри вилоятига қарашли қамоқхонада (30 кун) давом этади.
Денгизчи ва маҳбус сифатида ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган Жек Оклендга қайтиб, мактабга қатнай бошлайди. Шу мактаб журналига бир қатор
мақолалар ҳам бериб туради. Унинг чоп этилган дастлабки асари — денгиз
саёҳатидаги тажрибалари акс этган «Япон соҳилидаги тўфон» ёзишмалари бўлади.
1896 йилга келиб, ўзи роса хоҳлаган Калифорния университетига кириш учун
имтиҳонга ҳеч қанча вақт қолмаганда жуда қаттиқ тайёрланиб, талаба бўлади. Аммо
моддий томондан қийналиб, 1897 йили университетни тарк этади ва бошқа ҳеч
қаерда ўқимайди. Биограф Русс Кингменнинг таъбири билан айтганда, «Жекнинг
ҳатто талабалик иши ёзгани ҳақида ҳам хотира йўқ».
Тақдирдан илҳомланган ёзувчи
Унинг энг муваффақиятли ҳикоялари Клондайкда ёзилган. Бироқ бу жой унинг соғлигига яхши
таъсир қилмаган. Тўйиб овқатланмаслик оқибатида Жекнинг милклари шишиб, кейинчалик
тўртта олд тишидан ҳам айрилади. Бу очлик вақти келиб, унинг қорни, оёқ
мускулларига ҳам ўз таъсирини ҳам ўтказмай қўймайди. Бахтига довсонлик авлиё
ота — Уильям Жадж билан бошпана, овқат ва баъзи дорилар орқали жон сақлаб
қолади. Клондайкдаги қийинчиликлардан омон қолган Лондон ўзининг бу қисматидан
илҳомланиб, энг яхши ҳикояларидан бири бўлган «Олов ёқиш»ни ёзади.
Оклендга қайтгач, Лондон қандай кун кечириш
кераклигини англаб қолади. Бирор жойда ишлай деса, ўқимаган, саводсиз ва
дипломи йўқ. Шу пайтда унга ҳикоялари «ёрдамга келади». Ҳар хил нашриётларда
чоп эттиришга бел боғлайди. Унинг биринчи нашр этилган ҳикояси «Суддаги одам»
деб номланади. Бу ҳикоя шунчалик шуҳрат қозонадики, натижада, антологияларда
тез-тез чоп этиладиган бўлади. Ўша давр нашрларидан бири «Оверленд Манзли»
(«Overland Monthly») унинг ҳикояси учун бор-йўғи 5 доллар таклиф қилади, холос.
Бундан Жек тушкунликка тушиб, ёзувчиликни ташлаб кетишига бир баҳя қолади
(бизнинг ёзувчиларга сабр берсин). Бироқ «Зе Блек Кет» («The Black Cat») нашри
унинг «Минг хил ўлим» ҳикояси учун 40 доллар беради ва Жекнинг таъбири билан
айтганда, «адабиёт уни ҳаётга қайтаради» («Мартин Иден» романида ушбу жараёнлар
очиқ-ойдин тасвирланган). Бу пул «ҳаётида ҳикояси учун олган илк қалам ҳақи»
бўлади. Бир томондан унгга омад кула бошлаган дейиш ҳам мумкин. Негаки, шу
даврда янги технологиялар пайдо бўлган, журналлар ҳам нашр қилина бошлаган ва
уларга материал топшириш анча осонлашган. Кичик ҳикоялари тез суръатда
қўлма-қўл бўлган Лондон 1900 йилга келиб, 2500 доллар (ҳозирги 250 минг доллар)
маблағ тўплаб олади.
Ёзувчининг «Ёввойилар чақириғи» романи 1903 йилда
нашриётга топширилган. Бунга мисол қилиб, «Сетедей Ивнинг Пост» («Saturday
Evening Post») нашрида келтирилган қайдларни берамиз: «1903 йил 26 январда Жек
Лондон «Ёввойилар чақириғи»нинг тўлиқ қўлёзмасини тақдим этади. 12 февралга
келиб, муҳаррир уни бир шарт билан сотиб олишини айтади. Яъни, агар Лондон ушбу
асарини 5000 сўздан иборат қилиб, қисқартириб берса, кейин «савдолашиш»га рози
бўлади. Жек бунга кўнади ва ҳар бир сўз учун 3 центдан беришини сўрайди. 3 март
куни эса 750 доллар миқдоридаги чекни олади. Роппа-роса 22 кундан кейин
«Макмиллан» нашриёти бу китобнинг барча ҳуқуқларини 2000 долларга сотиб олади
ва кенг миқёсда тарғиб қилишга ваъда беради. Ўша пайтда ёзувчига айнан шу нарса
керак эди. Чунки унинг асарлари дунё бўйича ёйилмаган эди. Шунинг учун на
Лондон, на Жорж Плетт Бретт номидаги «Нью Йорк Макмиллан» нашриёти унинг
шуҳратига ишонади ҳамда таваккалчиликка қўл уради. Агар Жек ўзининг асарлари
пайти келиб, Америка адабиёти дурдонаси бўлишини ва бунинг орқасидан бойиб
кетишини билганида бошқача «савдо-сотиқ» қилган бўлармиди... Аммо Жек Лондон
қароридан ҳеч ҳам афсусланмаган. «Макмиллан» эса унинг муваффақиятида муҳим
роль ўйнаган».
Жек Окленддаги Мерритт кўли бўйидан ижарага олган вилласида яшаб юрган вақтда замонасининг ажойиб шоири Жорж Стерлинг билан учрашиб қолади ва шу кундан бошлаб улар ажралмас дўстга айланадилар. 1902 йилда Стерлинг Пидмонт
яқинидаги ўз уйи ёнидан Лондонга бошпана топишда ёрдам беради. Шоирга ёзган
хатларида Лондон уни «бургут бурунли юнон» дея тасвирлайди ҳамда хат охирига
«Бўри» деб имзо қўяди. Кейинчалик ўзининг автобиографик романи «Мартин Иден»да
(1909) Стерлингни Русс Бриссенден ва «Ойдаги водий»да (1913) Марк Холл сифатида
тавсифлайди.
Икки хил турмуш
1900 йилнинг 7 апрель куни Жек Лондон Бесси Меддерн исмли
аёлга уйланади. Айни шу пайтда «Бўрининг ўғли» ҳикояси ҳам нашрдан чиқади. Бесс
адибнинг бир неча йиллик дўсти бўлган. Штац ёзади: «Бу икки жуфтлик ҳеч қандай
муҳаббатсиз, балки дўстлик ва бир-бирига бўлган ишончи орқали оила қуришди».
Биограф Русс Кингменнинг айтишича: «Улар бир-бирига мос тушишган... Жекнинг
Бессини севмаслиги аниқ бўлса-да, бундай муваффақиятли турмуш ўзига ёққанини таъкидлайди».
Гарчи Лондон оилали бўлса ҳам, севгининг икки хил фалсафаси таққосланган хатлар жамланган романи — «Кемптон ва Вейс мактублари»нинг ҳаммуаллифи Анна Странский билан ҳам дўстлигини давом эттиради. Анна Дейн Кемптон номидан хат ёзиб,
турмушнинг романтик кўринишларини таҳлил қилади. Жек эса Херберт Вейс образи
орқали дарвинизм а евгеника(одамларнинг наслининг ирсий соғломлиги ва уни
яхшилаш йўллари ҳақидаги таълимот)га таянган ҳолда севгини илмий жиҳатдан очиб
беради. Жумладан, асар қаҳрамони ўзи таниган икки аёлни қиёслайди: «(Биринчиси)
тентак, қўпол табиатли, ғалати ва одобсиз. Уни кўрсам, худди сеҳрлаб қўйгандек
қоним қайнайди. (Иккинчиси) келишган, гўзал ва мағрур аёл, болаларининг онаси.
Бу турдагиларни «инсоният онаси» дея таърифлайман. Агар ер юзидаги ҳамма аёллар
унга ўхшаса, инсоният насл қолдиришда муваффақиятга эришади. Биринчисини
«ўртоқ» деб олсам, иккинчисини «она» сифатида кўраман, сўнгги ва ҳаёт динининг
энг муқадас онаси».
Ҳаётда Жек Бесни «она-қиз» деб чақирган бўлса, ўз навбатида, Бесс ҳам унга «ота-ўғил» номини қўйиб олган. Уларнинг биринчи фарзанди Жоан 1901
йил 15 январда, иккинчиси Бесси (кейинчалик Беки) 1902 йил 20 октябрда таваллуд
топган. Иккаласи ҳам Лондоннинг машҳур романи — «Ёввойилар чақириғи» ёзилган
жой — Калифорниянинг Пидмонт шаҳарчасида дунёга келишган.
Жоан Лондоннинг мемуар асари — «Жек Лондон ва унинг қизлари»даги (отасининг вафотидан сўнг босилиб чиққан) суратларга қўйилган сарлавҳалар ҳам ёзувчининг бехато бахти ва болалари билан фахрланишидан дарак беради. Лекин бу турмуш узоқ давом этмаган.
Кингмен таъбири билан айтганда, 1903 йилдан «ажрашиш муаммоси пайдо бўла
бошлаган... Бесси яхши аёл эди, бироқ улар бу ҳолатда яшай олмадилар. Ўртада
муҳаббат йўқ эди. Ҳатто дўстлик ва ўзаро ҳурмат ҳам тугаб қолганди».
Жозеф Ноэль ёзади: «Бесси абадий она тимсоли эди. У
дастлаб Жек учун яшади: қўлёзмадаги хатоларни тўғрилади, грамматикани ўргатди.
Бироқ болали бўлишгач, Бесси улар учун яшай бошлади. Бу унинг энг шарафли ва
қўпол хатоси эди». Жек эса Ноэль ва Жорж Стерлингга ўз турмушидан нолийди: «У
покиза аёл. Хулқи сал ўзгарганини айтганимда ёмон кўрган эди. У мени ва
болаларимни лаънати покизалигининг қурбонига айлантирди. Бу даҳшат! Ҳар сафар
уйга кеч қайтганимда мен билан бир хонада ётишни истамасди».
1903 йил 24 июлда Жек рафиқасига бошқа ерга кўчиб
кетаётганини айтади. Бу эса уланинг ажримини тезлаштиради. Натижада, 1904 йил
11 ноябрда ажрим қарори расман тасдиқланади.
Меддерн билан ажашган Лондон бир йил ўтиб, «Жорж Плетт Бретт» Макмиллан нашриётида котиба бўлиб ишлаган Шармиан Киттреж билан турмуш қуради. Кингмен уни шундай таърифлайди:
«Жекнинг қалбдоши, доимо ёнида бўлгувчи аёл». Уларнинг асосий вақти саёҳатда
ўтган. 1907 йил «Снарк» яхтасида бу икки жуфтлик Ҳаваи ороллари ва Австралияга
сафар уюштирадилар. Лондоннинг кўплаб ҳикоялари Ҳаваи таассуротларига асосланиб
ёзилган. Унинг бу гўзал оролга қилган охирги саёҳати 1915 йилга тўғри келади ва
10 ой давом этади.
Лекин бу икки жуфтлик фарзанд кўролмайди. Бир чақалоғи
ўлик туғилади. Бошқаси ҳаётга келмасдан аборт қилинади.
Ишбилармон чорвадор
1905 йили Жек Сонома тоғининг шарқий қияликларидаги Сонома вилояттига қарашли (Калифорния) Глен Эллен деган жойдан 26 450 долларга 1000 акрлик (4 кв. км.) ер сотиб олади. Адибнинг сўзлари билан айтганда, «бу
— рафиқасига дунёдаги энг севимли нарса бўлиб қолган». Унинг бу ранчони соттиб
олишидан асосий мақсади — бизнес қилиш бўлади. 1910 йилдан кейин унинг асарлари
«қайнар хумча»га айланади. Жоан Лондон ёзади: «Бир неча мунаққидлар унинг
асарларини жиддий танқид қилавериб, охири чарчаб қолишди. Жек эса уларга парво
ҳам қилмади».
Клерис Штац таъкидлайди: «Лондон ўзининг ерга оид (аграр) қарашларини Иден образида яратиб берган. У қишлоқ хўжалигини ўрганишга қаттиқ
бел боғлайди». Осиё қишлоқ хўжалигининг табиатга зиёни тегмайдиган усулидан
фойдаланишни Америкада ҳам қўллаб кўради. Ранчодаги уй қурилишига италиялик ва
хитойлик қурувчи усталарни ёллайдики, бу уйлар ҳозир ҳам икки хил услубдаги
чиройини йўқотмаган.
Аммо бу ранчо тарихчилар назаридан-да четда қолмаган.
Масалан, Штацга ўхшаган тадқиқотчилар буни «амалга ошиши мумкин бўлган» лойиҳа
деб, замонасининг энг омадли иши сифатида нисбат беради. Кевин Старр сингари
тарихчилар эса ёзувчининг ёмон раҳбар бўлганини қайд этади. Уларнинг фикрича,
Жек ичкиликдан анча зарар кўради. Старр Лондоннинг 1910-1916 йиллар оралиғида 6
ой ранчода бўлмаганини айтади. Кейин «унинг бошлиқларча ҳаракати ўзига ёқишини
ва ишчиларнинг Лондон устидан кулганини» ҳам таъкидлайди.
Лондон бисотидаги 80 минг доллар сармояни 15 минг кв. фут (тахминан 4,5 кв. км.дан ортиқ) узунликдаги ҳашаматли уйни қуришга сарфлайди. Бироқ қурилиш якунланишига оз вақт қолганда уй ёниб кул бўлади ва Лондонлар у ердан кўчиб кетишади.
Жек Ҳаваига уюштирган саккиз ойлик сафари чоғида (1915 йил декабрдан) Дюк Каханамоку, шаҳзода Жона Кухио Каланиана’оле, қиролича Лили’уокалани ва бошқа машҳур инсонлар билан учрашиб, 1916 йил июлда қайтиб келади. Гарчи у буйраги билан боғлиқ
муаммолардан қийналса ҳам, ижод қилишда давом этаверади...
Ранчо ҳозирда Миллий тарихий жойга айлантирилган ва Жек Лондон давлат тарихий хиёбони томонидан ҳимоя қилинади.
Ижоддаги зиддиятлар
Лондон нафақат атоқли ва омадли ёзувчи бўлгани учун, балки ёзиш услуби жиҳатдан ҳам бир неча бор плагиаторликда айбланган. Ёзувчининг ўзи ёш ижодкор Синклейр Люиснинг романлари ва сюжетларини сотиб олиб, газеталардан ҳам фойдаланган.
Жумладан, Эгертон Р.Янг унинг «Ёввойилар чақириғи» романи сюжетини ўзининг «Шимолистондаги итларим» асаридан олганини айтиб ўтади. Жек эса Янгнинг гапини маъқуллаб, бу асардан манба сифатида фойдаланганини таъкидлайди ва унга миннатдорлик хати юборади.
1901 йил июлда, яъни бир вақтда иккита ҳикоя нашр этилади: Жек Лондоннинг «Ой юзли» асари «Сан Франциско Аргонавт»(«San
Francisco Argonaut»)да, Френк Норриснинг «Кок-ай Блеклокдан ўтиш» ҳикояси «Сенчури»
(«Century») нашрида чоп этилади. Қизиқ томони шундаки, бир йил олдин ҳам худди шу сюжет орқали асосида Чарльз Форрест Мак Линнинг ҳикояси босилиб чиққан эди (плагиат нафақат ҳозир, балки олдин ҳам бўлган экан, биз нолимасак ҳам бўларкан).
1906 йилда «Нью Йорк Ворлд» газетаси Жек Лондоннинг «Ҳаётга муҳаббат» ҳикоясини босиб чиқади. У билан параллел равишда Августус
Биддл ва Ж.К.Макдональднинг «Тунги қуёш йўлида адашганлар» асари ҳам чоп
этилади. Лондоннинг қизи Жоан бу вазиятни шундай изоҳлайди: «Жек Биддлникини
қайта ёзган холос». Бунга жавобан Лондон газета уни плагиаторликда
айбламаганини айтади, бир неча манбалардан фойдаланганини мисол қилиб келтирган
ҳолда шундай изоҳ беради: «Журналистикадан адабиёттга қайтган одам сифатида —
мен ҳаётдан журналистикага кириб келган инсоннинг ёзишмаларидан
фойдаланганман». (Шунча кўп плагиаторлар бўлгани билан уларнинг ҳеч бири Жек
Лондончалик машҳур бўлмаган, уларни ҳозир ҳеч ким танимайди ва эсламайди.)
Бемаврид ва номаълум ўлим
Жек Лондон вафоти юзасидан жуда кўплаб мунозаралар
олиб борилган. Аксарият манбаларда ўз жонига қасд қилган, деган тахминлар ҳам
учрайди. Булар, асосан, унинг асарларига таянган ҳолда айтилган. Лекин
ёзувчининг ўлими ҳақидаги сертификат унинг уремия (жигар билан боғлиқ касаллик
тури) бўлганини ёки уремик заҳарланганини тасдиқлайди. У 1916 йил 22 ноябрда
ранчосидаги кичкина уйчасининг айвонида ухлаб ётганида оламдан ўтган.
Маълумотларга кўра, адиб танаси жуда қаттиқ оғриган.
Автобиографик романи — «Мартин Иден»да бош қаҳрамон
ўзини сувда чўктиради. Бошқа мемуар асари — «Жон Барлейкорн»да эса ёш бола Сан
Франциско кўрфазига ўзини ташлайди ва тўрт соат мобайнида сувда бехуш оқиб
юради. Охири бир балиқчи қутқариб қолади. Буларнинг бари Жек Лондоннинг
«биографик афсоналари»ми?!
Лондон кучли одам бўлган, лекин ҳаёт қийноқлари туфайли бир неча жиддий касалликларни орттириб олган. Айниқса, Клондайкдаги маълум муддат
очликдан сўнг, вафоти пайтида у ичбуруғ ва уремия касалликларидан жуда азоб
чеккан. Рафиқаси Шармиан билан «Снарк»даги саёҳати чоғида ўша давр учун
номаълум бўлган инфекциялар ва паразитларни юқтириб олган. Русс Кингмен ва
бошқа кўплаб биографлар ҳозир ҳам ёзувчининг меъёридан ортиқ гиёҳванд модда
истеъмол қилиш оқибатида ёмонлашган уремияси натижасида дунёдан кўз юмганини
инкор этмайдилар.
Адибнинг хоки Калифорниянинг Глен Эллен шаҳридаги Жек Лондон давлат тарихий хиёбонига (иккинчи рафиқаси Шармиан Киттреж (1955) ҳам ўша ерда) дафн этилган. Қабр ҳеч қандай безаксиз, оддий
шағал тошлардан иборат.
Адибнинг иккинчи ҳаёти
Қаҳрамонимизнинг ҳаёти ҳақидаги деярли барча нарсаларни ёзиб бўлдик. Аммо унинг иккинчи ҳаёти — ўлмас
асарлари, нодир ҳикоялари, бетакрор романлари хусусида хотима ўрнида ёзиб
ўтишни лозим топдик. Уни дунёга танитган жанри ҳикоя эди.
Лондон ҳикоялари «баён этиш қудратига эга» бўлиб, «туғма куч» билан ёзилган. Унинг энг машҳур ҳикояси — «Олов
ёқиш». Бу ҳикоя — ёлғиз сафарга чиқиш тентаклик эканини билса-да, қайсарлик
қилиб Клондайкка кетган қаҳрамон ҳақидадир. У 70 даража совуқда муз ёрилиб, бир
кўрфазда сувга тушиб кетади. Унинг омон қолиши эса олов ёқиб, кийимини
қуритишга боғлиқ бўлиб қолади. Афсуски, бош қаҳрамон қандай қилиб олов ёқишни
билмайди.
Ҳикоянинг машҳур версияси 1908 йилда босиб чиқилган. Сал олдинроқ (1902) дастлабки
версияси ҳам нашр қилинган, аммо иккаласи бир-биридан тубдан фарқ қилади. 1994
йилги антологияда уларнинг тавофути қуйидагича изоҳланган: «Иккала версияни
таққослаш худди адабиётнинг буюк асари билан болаларнинг яхши бир эртагини
солиштиришга тенг».
«Ой юзли» ҳикоясини эса Эдгар Аллан Понинг «Эртак айтувчи юрак» асари билан қиёслаш кифоя.
Жек бокснинг ашаддий ишқибози ва рашкчи ҳамда ҳаваскор боксчи бўлгани боис, қари ва ёш жангчи ўртасидаги мусобақа тасвири туширилган «Бир парча гўшт» ҳикоясини ёзган. «Мексикалик»да ҳам пул учун жанг
қиладиган бир боксчининг муваффақиятсизликлари қаламга олинган.
Адибнинг йирик асарларига келсак, оз бўлса-да, анча мазмундор ва бетакрор романлар гувоҳига айланамиз. Келинг, фактларга юзланайлик.
Мунаққид Максвелл Гейсмар «Ёввойилар чақириғи» романини «гўзал насрий шеър» деб
атаган. Муҳаррир Франклин Уолкер эса «Гаклберри Финн» ва «Волден»лар ёнида
турса бўлади», дея тавсифлаган. Романнавис Э.Л.Докторов уни «шоҳасар»
даражасигача кўтарган.
Аксинча, ғарблик ёзувчи ва тарихчи Дейл Уолкер Жекнинг романларидан кўра ҳикояларини кўпроқ «тан олган»: «Жек Лондон ноқулай романнависдир. Туғма
бетоқатлиги ёки ақлининг тез ишлаши фақат унинг ҳикоялари ютуғи учун хизмат
қилди. Энг яхши романлари ҳам ҳикояларичалик машҳур бўлмади». Фикрининг якунида
«энг узун қисқа ҳикоя» таърифини келтириб ўтган.
Бундан сўнг, албатта, «Мартин Иден» ёдга олиниши
керак. Негаки, бу роман унинг ёш ёзувчи ҳақидаги, яъни автобиографик дурдона
асари ҳисобланади. Бундан ташқари, «Денгиз бўриси» (шу номда фильм ҳам бор),
«Темир товон», «Оқ сўйлоқ» сингари романлари — 20 йиллик меҳнати яна 20 минг
марта яшашга ҳам бемалол етади.
Илова. «Мартин Иден» романини ўқишни тавсия
этаман. Чунки унда ҳақиқий ҳаёт, ўзининг бошидан кечирган ҳаёти акс эттирилган.
Айниқса, матонат ва сабр ҳақидаги дурдона асар.
Comments
Post a Comment