Қишлоғимизнинг четидаги бир кулбада қандайдир одам яшар, лекин унга ҳеч ким парво қилмас эди. У ёлғиз эди. Ҳамма уни девона деб чақирарди. Сочи ўсган, қорасидан кўра оқ толаси кўпроқ, эгнида қаердандир топиб олган йиртиқ-ямоқ тўн, бошида эса яғири чиққан қалпоғи бор. Ёшини аниқ айтиш мушкул. У навқирон бир йигитдек туюлса-да, юзидаги ажинлар, сочидаги оқлар қаримсиқ кўрсатарди. Кексайиб, ёши ўтиб қолган десам, ҳаракатлари, ғайрату шижоати куч-қувватга тўлалигидан далолат берарди. Менга ўхшаб бошқа болалар ҳам у билан гаплашишга роса қизиқардик.