Ўзим танимайдиган “синфдошим”
Офисда ишлаб
ўтирганимда телефоним жиринглади. Нотаниш рақам. Гўшакни кўтариб, “алло” дедим.
У томондан қанақадир нотаниш одамнинг овози келди. Биринчи ҳайратим — у мени
сенсираб гапиргани эди.
— Алло, Зокир,
қалайсан? Ишларинг яхшими? Безовта қилмадимми?
— Йўқ, бемалол,
— дедим кимлигини билишга уриниб, уни танимаганимни билдирмасликка ҳаракат
қилиб.
— Бир нима
сўрамоқчийдим, сизларда “Астраганус” деган дори қанча туради? — дея мени
таниган нотаниш одам бамайлихотир мени саволга тута бошлади.
— Узр, қанақа
дори? Менда дори нима қилади? — дедим ҳайратимни яширолмай, ҳали ҳам уни
танигандек оҳангда.
— Ие, бу нима
деганинг? Дорихонада ишламай қўйдингми? — деди у.
Энди аниқ
билдим, мен уни, у мени, бир-биримизни танимаймиз, у адашиб тушган. Лекин
исмимни тўғри айтди, сенсираб гапирди, аммо барибир танимадим. Шуни сўрашга
мажбур бўлдим.
— Узр, ким бу?
— Нима? Ҳали мени
танимадингми? Ҳазиллашмагин! — деди нотаниш овоз гинали оҳангда.
— Йўқ,
танимадим, овозинг таниш лекин, — дедим хижолат бўлганга ўхшаб.
— Мен —
Бобобекман, синфдошинг, — деди у куюниб.
Бундай исмли
синфдошим йўқлигини инобатга олиб, у адашиб тушганига шубҳам қолмади.
— Узр, Бобобек
деган синфдошим йўқ, ким биландир адаштиряпсиз, — деб телефонни босиб қўймоқчи
бўлдим.
— Ие, Зокир,
ўзингмисан? Оқибат қани? Шунчалик катта одам бўп кетдингми? Майли, кечирасиз
бўлмаса, — деди-да ўзи гўшакни қўйди.
Буёғи қизиқ
бўлди-ю. Ростданам бирор синфдошим бўлсаю, уни танимадиммикан? Роса хижолатли
ҳолат. Йўқ, бунга аниқлик киритиш керак. Дарҳол хонамдан ташқарига чиқиб, унга
ўзим телефон қилдим. Ахир ростданам синфдошим бўлса, хижолатдан ўламан-ку.
— Алло, узр, бу
рақамни қаердан олдингиз? — дедим нимадан бошлашни билмай.
— Қаердан
олдим? Телефонимда синфдошларим рақамини сақлаб юраман, — деди у иддао билан.
Тоза хижолат
қилди-ку бу. Ростданам рақамим бўлса керакки, мени исмим билан чақирди,
сенсираяпти, мен эса уни танимаяпман. Ахир Бобобек деган синфдошим йўқлиги
аниқ. Энди билдим, кимдир ҳазил қиляпти.
— Хўп, майли,
қайси мактабда ўқиганмиз? — деб сўрадим янада аниқлик киритиш учун.
— 36-мактабда.
— Қаердаги?
— Булунғурдаги.
Шу ерга
келганда ҳам енгил тин олдим, ҳам жаҳлим чиқиб кетди. Шунча вақтимни олгани
учун росаям сўкким келди.
— Қанақа
Булунғур? Мен умуман самарқандликмасман!
Шу гапни
айтишим билан “синфдошим” телефонни босиб қўйди. Энди ўзи хижолат бўлгандир. Лекин
ҳануз тушунмаяпман, у қанақа қилиб менга қўнғироқ қилдию, исмимни қандай билди.
Comments
Post a Comment