Мухлислар, уйғонинг!


Бу мақолани олдинроқ ёзмоқчи эдим. Яъни чипталар сотувга чиқарилди деган куни. Лекин кейин кутдим. Балки байрамдан кейин ўз жойига тушиб кетар деб. Асқар Толибжонов отлиғ кимса (уни энди ҳамма танийди) 22 мартдан чипталар кассага чиқади, деганди.

Мана, баҳорнинг 22-кунини ҳам тугатдик. Тўғри, бугундан чипталар сотувга чиқди. Эътибор беринг, кассага эмас, айнан сотувга чиқди! Ўзбекистон футбол федерацияси бундан сал олдинроқ (18 мартдан ҳам олдин) чипталар нархлари ҳақида маълумот эълон қилганди. Афсуски, 15, 25 ва 30 минг сўмдан деб эълон қилинган нархлар ҳозир олиб ташланибди.

Демак, бошидан бошлаймиз. 15 март куни ЎФФ расмий сайтида “Ўзбекистон - Ливан ўйини чипталари 18 март куни сотувга чиқади” деган хабар чоп этилди. Унда “Мазкур ўйин чипталарини 18 мартдан 26 мартгача (21 мартдан ташқари) ҳар куни соат 10:00 дан 12:00 ва 16:00 дан 18:00 гача бўлган вақт давомида Тошкентдаги «Бунёдкор» стадиони кассаларидан ҳарид қилиш мумкин. Маълумот учун, стадион ҳудудигаги кассалар билан параллел равишда, «Чилонзор» метро бекати атрофида ҳам, «Бунёдкор» стадиони маъмуриятига тегишли кассаларда учрашув чипталари сотуви йўлга қўйилади” деган “ваъдалар” бор эди.

18 март куни барча мухлислар чипта олиш умидида соат 14дан бошлаб “Бунёдкор” стадиони атрофига йиғилишди. 5 минг нафардан зиёд одам бир жойга тўпланса, анча ваҳимали тус олади. Бунинг устига машиналар тиқилинчи ҳам бор бўлса. Шу кунги “аншлаг”лар ҳатто бир неча сайтларга ҳам чиқиб кетганди, лекин негадир кейинчалик улар ўчириб юборилди. Хуллас, бу куни ҳеч ким кассадан чипта сотиб ололмади...

Кечга томон Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов айни шу куни 6 мингта чипта сотилганини маълум қилди, қолаверса, чипталар сотувда эканини ҳам маълум қилди. Бу хабар 19 март куни ЎФФ рамсий сайтида хабар қилинганди.

20 март куни “Ўзбекистон - Ливан ўйини чипталари 22 март куни сотувга чиқарилади” номли хабар пайдо бўлди федерация сайтида. Чипта сотуви қолдирилишининг сабаби қилиб Наврўз байрами кўрсатилган. Майли, ўзбек сабрли халқ, 22 кутишди мухлислар...

Лекин энди кеч бўлганди. Чипталар аллақачон қўлга чиқиб бўлган, кассада ҳам “осмон” нархда сотилаётган эди. 22 март куни чипта сотилиши 23 мартга қолдирилгани ҳақида хабар чиқди. Ҳар ҳолда сотувга чиққани учун. Қолаверса, 22 март куни Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубоги саралаши доирасидаги гуруҳ босқичи ўйини борлиги учун мухлислар чипта можаросидан сал чалғишди...

Аслида чипта нархи қанча эди? Нарх бир мезон ва меъёр асосида ишлаб чиқилиши, нархи сунъий оширилмаслиги учун қатъий белгиланиши керак эмасмиди? Бунга ЎФФ жавоб бермаса (ҳар ҳолда Твиттердаги ЎФФ саҳифаси шундай деган), унда ким масъулиятни ўз бўйнига олади? Мираброр Усмонов бу билан қизиқмаса ёки иши бўлмаса, кимдир бу бетартибликка жавоб бериши керакдир?

Майли, бунисига ҳам чидаймиз. Ўлган устига тепган қилиб, Ўзбекистон БААга ютқазиб ўтирибди. Энди мухлислар нима қилсин? Дардини кимга айтсин? Миржалол Қосимов на тактикани билса, на ўйинчиларни ўйната олса, на бир янгилик қила олса... Ҳозирча айтарли ҳеч нима қилмади. Ҳаммаси Абрамов ташлаб кетган ташландиқ тактикалар. Янги ҳаво, янги қон кирмади термага!

Бу гапларни ҳозир ёзиш керак эди. Ливангача бўладиган ўйиндан олдин боқибеғам Миржалол ўқисин! “Оғироёқ” футболчилар ўқисин! Тебса, тебранмас Асқар ўқисин! Футболимизни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган (айбларни ўзидан соқит қиладиган) ЎФФдагилар ўқисин! Зепп Блаттер билан кўришиб, ош-қатиқ бўлган (балки МОҚқа ҳам раҳбар бўлгани учун) Мираброр Усмонов ўқисин! Ишқилиб ким бўлсаям, бу мухлислар дардини кимдир ўқисин! Чорасини топсин!

Ёки! Мухлислар, уйғонинг! Қачонгача шу таркиб ва тактика (балки мураббий ҳамдир) билан юраверамиз? Нимадир қилиш керакмасми?

Мухлислар, уйғонинг! Футболчиларимиз орқасини кўтаролмаяпти! Биттадан тепвориш керак!

Мухлислар, уйғонинг! Янги стадион экан деб, бир ойлик иш ҳақингизга чипта олиб, стадионда футбол кўришингиз шартми? Уйда, оилангиз билан кўринг! Стадионга ҳеч ким бормасин!

Ана ўшанда ҳам яна “жимжитлик” бўлса... Уёғини билмадик! Вақт кўрсатади. Балки Ливанни ютармиз. Ўйинга чипта олганлар ҳам бордир. Яна билмадим. Пала-партиш фикрлар мана шу эди. Бир нима қилиб тушуниб оларсиз...

Заҳириддин

Comments

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)