ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, «КАШАНДА ГРИППИ»!
Олти соатдан бери ёнилғи қуйиш шохобчаси ёнидан
жилмаётган бир одамдан сўрашибди:
— Биродар, бу ерда эрталабдан бери турибсиз. Бирор
нарса керакми?
— Йўқ, раҳмат. Чекишни ташламоқчи эдим. Бу ерда чекиш
ман қилинган экан.
Мана, салкам уч йил бўлибди сигарет чекишни
ўрганганимга. 2006 йил баҳорида бу савилга «кўнгил қўйгандим». Бунга сабаб нима
эди? Нима учун чекишни ўргандим?
Агар чекаётган бўлганимда бу саволга жаоб топишим қийин кечарди. Лекин ҳозир бемалол бир неча сабабларни
кўрсатишим мумкин. Биринчидан вояга етган йигит дастлаб «катта»лардан ўрнак
олади, уларга ўхшаш, тақлид қилиш учун ҳам улар қилган ҳамма ишни қилгиси
келади (бу, албатта, кўпроқ кўча болаларига тегишли). Ҳа, кўчада ўсаётган бола
(у мактабга бормайди, уйда ўтирмайди) бу заҳарга ўша кўчада ўрганади.
Иккинчиси — олий ўқув юртларида ўқийдиган
талабаларнинг аксарияти чекади. Нима учун? Ахир сигарет ҳам текинга
тарқатилмайди-ку! Чекувчи талабанинг ўзидан сўрасангиз, бу нарсани унча
хушламаслигини айтадию, аммо ҳеч ташлай олмаётганини рўкач қилади. Йўқ! Ўзим
чеккан одам сифатида бунинг сабабини аниқ айта оламан: талабалар ўзича худди
бир катта ишда ишлайдиган ташвиши кўп амалдордек кўриниш учун тамаки тутатишади
(бу тажрибада синалган). Эътироз билдиришингиз мумкин, ҳақиқатдан «хумор» учун
чекадиганлар бор-ку, деб. Кечирасизлар-у, ўша «хумор» тутгунга қадар шу каби
хаёллар елкангизнинг устида жойлашган нарсада айланаверган.
Учинчидан, оила муҳити ҳам қисман таъсир қилади. Кўп
оилаларда ота бемалол уйида — аёли, ўғил-қизлари олдида чекиб ўтираверади.
Албатта, бу ҳолатни кўрган бола дадасининг нега шу савилни тутатишига қизиқиб
кўради. Бола учун идеал кўпинча ота ва онаси бўлишини ҳисобга олсак, оиладаги
бу заҳарли муҳит, албатта, мурғак қалб соҳибига таъсир қилмай қолмайди.
Тўртинчи сабаб эса чекиши умуман мумкин бўлмаган ўзга жинс вакилларига тегишли. Ҳа, айнан аёллар ёки қизлар орасида
ҳам «кашанда»лар бор. Улар ўзбек эмас, дея кўрманг. Бизнинг миллатга мансублари
ҳам топилади. Аёллар учун ҳам чекиш қандай зарар эканини айтиб ўтириш шарт
эмас.
Хўш, бу «кашанда гриппи»дан қутулишнинг иложи борми?
Бу саволга 90 фоиз кашанда «йўқ» деб жавоб беради (чунки у кашанда-да).
Ҳақиқатдан ҳам ташлаш қийинлиги учун эмас, балки ўзлари ундан қутулишни
хоҳламаётганликлари сабабли ҳам шундай жавоб беришади. Камина, шукрки, бу
иллатдан халос бўлганимга уч ойдан ўтиб қолди. Аввало қандай қилиб ташлаганимни
айтиб берсам: рости, кунига 4-5 дона сигарет чекардим. Бу соон секин-аста
кўпайиб борди. Ва ниҳоят, соғлигимга ўз таъсирини ўтказди. Бошим қаттиқ оғриб,
тинмай йўтала бошладим. Йўқ, бу оддий бош оғриғи ёки одатий йўтал эмасди. Буни
кейинроқ англаб етдим. Синаб кўриш мақсадида бир кун чекмадим (аслида чекишни
ҳам истамаётган эдим). Натижа эса ижобийлаша борди. Ана шунда ўз-ўзидан тамакидан
воз кечишга қарор қилдим.
Энди «чекишни ташлолмаётганлар» (аниқроғи, «ташлашни истамаётганлар»)
учун, тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, айрим текин маслаҳатларимни бериб ўтсам:
1. Чекишнинг зарарлари ҳақида сўзловчи реклама ва
видеороликларни томоша қилиш. Бу нарса бир марта бўлса-да, «чекишни ташлашим
керак», деган хаёлга боришингизга сабаб бўлади.
2. Тамакидан ҳазар қиладиган дўстларингиз билан кўпроқ мулоқотда бўлинг, иложи бўлса, чекувчилардан йироқлашишга ҳаракат қилинг. Чекмайдиган ўртоғингизнинг «Нега
чекасан?», деган саволини кутманг. Аксинча, ундан «нега чекмайсан?», деб
сўранг.
3. Чекишдан қутулишнинг энг сўнгги варианти — ёнингизда бир тийин ҳам пул олиб юрманг. Агар тушлик қилиш учун керак бўлади, десангиз ҳам, уни уйга ташлаб келинг. Барибир унга овқат олиб емайсиз ва сигарет харид қиласиз.
4. Энг сўнгги чора. Буниси фақат ва фақат ўзингизга
боғлиқ. Ирода керак, дейишади-ю. Ана ўша иродада гап кўп. Аввало, биз эркакмиз
(қизлар ўзи билади). Йигит кишининг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ.
Илова. Бу мақолача 2009 йилда ёзилган. Шуни ҳам инобатга олиб ўқинг.
Comments
Post a Comment