Бозордаги латифа (романдан парча)
Яқинда бир латифа эшитди: бир бой одам каттагина
бозор қурдирибди-ю, унга киришни пуллик қилиб қўйибди. Дастлабига эллик сўм
бўлган нархга биров ғиринг деявермагач, тобора ошириб бораверибди. Бозор эгаси
биронта одам норози бўлишини ёки ғалаён чиқишини кутармиш-да, бозорга кириш
нархини ҳар ҳафта оширармиш.
Хуллас, у ўз қавмининг адолатсизликка қарши бош
кўтаришини дил-дилидан истаб, шу ишни қилибди. Аммо... Аммо қавмининг феъли яна
ўзини кўрсатибди — нарх ҳар қанча оширилмасин, биров ғиринг демабди. Ахийри
бойнинг жаҳли чиқиб, бозор дарвозаси олдига девдай бир одамни қўйибди-да,
кирганнинг ҳам пулини олишини, ҳам кетига битта тепишини буюрибди. Эҳтимол шу
хўрликка, ҳақоратга чидаёлмас, дея ўйлабди.
Қарангки, яна кутгани бўлмабди —
одамлар кетларига биттадан тепкини еб, бозорга навбати билан аста-секин
кириб-чиқаверибдилар. Хўжайиннинг ҳафсаласи пир бўлиб, ҳаммасига қўл силтаган
кунларининг бирида дарвоза олдида ғала-ғовур кўтарилибди. Хўжайин «Хайрият-ей», дея қувониб,
дарвоза томон шошибди.
Қараса, не кўз билан кўриб, не қулоқ билан эшитсинки,
одамлар кетга тепувчини кўпайтириб қўйишни талаб қилаётганмиш, акс ҳолда навбат
чўзилиб кетаётганлигини айтишаётганмиш...
Наби Жалолиддин, "Қурб" романи (2009 йил)
Comments
Post a Comment