ЗАМОНА ЗЎРМИДИ ЁКИ... “Қўрғошин” фильмини кўриб

Ҳамманинг оғзида “Қўрғошин”, ҳамма ерда “Қўрғошин”, ҳамма кинофестивалларда “Қўрғошин”, Ҳожибой қизиқ айтганидек, “бу каналга олсанг ҳам, шу фильм, у каналга олсанг ҳам, шу кино”. Ростдан ҳам шунчалик зўрми? Мақташга арзийдиган фильмми? Шунча мукофотга лойиқми?

Россиянинг Анапа шаҳрида ўтказилганКиношок-2011” ҳамда Олмаотада бўлиб ўтганЕвроосиёхалқаро кинофестиваллари совриндори ҳисобланмишҚўрғошинҳақида гаплашамиз бугун. Ҳар нарсанинг ютуғи билан биргаликда камчилиги ҳам бўлади, албатта. Ҳеч нарса мукаммал эмас. Демак, аввал ютуқлардан бошлайман.

Фильм номи нега “Қўрғошин”?

Шу кинони икки марта кўрдим (телевидениеда икки марта беришди холос ҳозирча). Табиийки, ҳамма қатори мен ҳам фильм номига эътибор бердим. “Қўрғошин” кимга қаратилган? Ёки ниманинг эвазига шу ном берилган? Буни фильм режиссёри Зулфиқор Мусоқов қисман айтиб кетди: “Бу номни икки мақсадда танлаганмиз, яъни биринчиси — расмий, ўз хизматларининг махфий номи, иккинчиси — қўрғошин оғир, юмшоқ ва заҳарли металл ҳисобланади”.
Фильмда қўрғошин ким ёки нима? Мени мана шу савол қийнади. Режиссёр айнан нимани қўрғошинга ўхшатяпти. Бир нечта фаразларим бор. Бирламчи, ўша давр назарда тутилган: “юмшоқ, лекин заҳарли” давр. Иккиламчи, яна бир “юмшоқ, лекин заҳарли қўрғошин” — бу Сталин. Бош қаҳрамон Умар Қодировнинг Сталиннинг олдига кириб чиққанидан кейинги ҳолати фикримни исботлайди.

Халқ ҳақмиди ё давлат?

Фильмдаги ўша давр муҳити жуда яхши тасвирланган. Ҳар бир деталгача эътибор берилган, ҳатто трамвайларгача. Балки трамвайлар замонавийдир, лекин кадрларнинг оқ-қоралиги фильмнинг бу “айбини” беркитиб кетган. Асосий ғоя эса уруш даҳшатини, урушдан кейинги асоратларни кўрсатиб бериш бўлган. Жумладан, “юраги касаллиги учун фақат битта болани боқиб олган” содда ўзбек аёли ва унинг гунг ўғлини олайлик. Аслида бу гунг бир одамнинг калласини болта билан иккига бўлиб ташлаган (даҳшатлироқ чиқсин, фильм ҳолатидан келиб чиқай), қочиб кетмаган ва айбини бўйнига ҳам олиб турибди. Бундай жасоратли қотилликни амалга ошириш учун юракда мислсиз нафрат жо бўлиши лозим. Болада худди шу нарса бор эди: ота-онасидан, синглисидан, кўз ўнгида, айрилганди.
Ёки уруш тугагандан кейин ҳам ўн йил ўтиб уйига қайтган аскар ва унинг хотинининг шунча пайт хабар бермаганидан аразлаб йиғлаганига берган жавоби ҳам қўрқинчли янграйди: “Нима, Сибирдаги ҳар бир дарахтга почта қутиси ёки телефон осиб қўйишган деб ўйлайсанми? Хат ўқимоқчимисан? Мана, ўқи”, дейдию, кўйлагининг тугмаларини ечиб, кўкрагини очади. Кўксига ўйиб ёзилган ёзувлар нафақат аскарнинг дарди, балки бир умрга муҳрланган урушнинг асорати ҳам эди.

Роль ижрочилари хусусида

Умар Қодиров ролини маромига етказиб ижро этган Бобур Йўлдошев маҳоратини яна бир карра намоён этди. Фильмда у оддий завод ишчиси образини талқин қилган. Ярим кечаси уйидан олиб кетишгандаги унинг хавотири, Сталин билан телефонда гаплашганда нафаси ичига тушиб кетгани, Сталин олдига кириб чиққандан кейин ҳолсизланиб йиқилаёзгани ва катта лавозим юклатилганда ўзини тутиши — буларнинг бари ўзбек характери.
Рим Марлен (Маркс-Ленин исмлари қўшилмасидан олинган ном) образида намоён бўлган актёр Темур Мусоқовни эса бутунлай бошқача қиёфада кўрамиз. Уни кино мухлислари “Осмондаги болалар”даги Бахтиёр образи орқали яхши танишади. Кўпроқ комик ролларда кўришга ўрганганимиз Темурга “Қўрғошин”да жуда жиддий роль топширилган ва у буни моҳирона ижро этганки, энди Темур Мусоқов деганда Бахтиёр эмас, Рим Марлен кўз олдимизда гавдаланади.
Яна бир асосий ролни Кристина Тоирова (“Осмондаги болалар” фильмидаги Лола) ижросида кўрамиз. Рисолат образини талқин қилган Кристина ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин. Умуман, фильмда маҳоратли актёрлар жамланган: Отабек Мусаев, Азиза Бегматова, Ражаб Адашев ва кичик эпизодда таниқли режиссёр Аюб Шаҳобиддиновни ҳам актёр сифатида кўришимиз мумкин.

Камчилик бўлмаса, шу ҳам фильмми?

Ана энди фильмдаги айрим хатоликларга тўхталиб ўтсам. Бу фақат каминанинг нуқтаи назари ҳисобланишини эслатиб кетсам. Бирламчи, шу билан бирга, энг катта камчилик — режиссёр Сталинни ўзбекча “гапиртирган”. Бошқа руслар ҳам “ўзбеклашган”. Ҳар ҳолда хунук ва ғалати кўринаркан. Бу ҳолатни фильм анонсида кўрганимдаёқ ўйлагандим. Балки режиссёр томошабинга қулайлик туғдириш учун шундай қилгандир. Солиштириш учун мисол келтираман, “Ватан” фильмида русча гапирадиган жойлар жуда кўп, чунки фильмнинг асосий қисми Россияда бўлиб ўтади.
Иккиламчи, бу фикр баъзи ҳамкасбларимнинг тилидан ҳам янграган, яъни Сталинни улуғлаб юборган режиссёр. Бунга эътироз билдираман. Негаки, Сталин вафотини эшитгач, бутун халқнинг мотам тутиши — бу Сталиннинг улуғлигидан эмас, балки ўша пайт шахсга сиғинишининг яққол исботи.

Зулфиқор Мусоқовни яна бир муваффақиятли фильми билан табриклайман. Режиссёр ўзи таъкидлаганидек, “бу фильмни телевидениеда ҳам бериш керак”.

12 ноябрь, 2011 йил

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!