«ТУНУКА ЛАЙЧА» АНТИКИНОМУКОФОТИ
Дунёда кино мукофотлари жуда кўп. Деярли ҳар бир жонзот номи билан аталадиган мукофотлар етарли. Айнан шу нарса каминани ўйлантириб қўйди ва шу ондаёқ миямга бир ажойиб фикр келди. Аниқроғи, шу пайт кўчада юргандим дўстларим билан. Киномукофотлар ҳақида гап чиқиб кетди. Кетимиздан акиллаган кучукни кўриб, бир шеригим: «Итлар номи билан бошланадиган мукофот йўқмикан?», деб қолди. Ана шу лаҳзада «лайча» сўзи хаёлимдан ўтди.
Аввалига «Тилла» лайча» деб номладим. Кейин тилла аслида мукофот эканини ўйлаб, гарчи қўштирноқ ичида бўлса ҳам, бу номни «Тунука лайча» антикиномукофоти номига алмаштирдим. Анча шармандали чиқди, тўғрими? Энди бу антимукофотнинг шартлари ва мақсадлари билан таништирсам.
Бу антимукофот, асосан, миллий киноларимиз орасидан «сараланган» фильмларимизга «насиб» қилади (ҳозирча). Мақсад — ўзбек киносининг савиясини ошириш, савиясиз фильмларнинг сонини кескин ва шармандаларча камайтириш, савиясиз режиссёрлик, актёрлик ва сценарийлик ишларини аниқлаб, уларни маърифатга ундаш. Ана шундагина фильмларимиз савияси сезиларли даражада кўтарилиши мумкин.
Антимукофот «совриндорлари» қандай аниқланади?
Энг аввал, сўровнома ўтказилади. Бу сўровнома журналистлар ва мухлислар иштирокида ташкил этилади. Сўровномада исталган одам исталган фильмга «овоз» бериши мумкин. Фақат холисона бўлса бас. Бу «мукофот» биринчи марта ташкил этилаётгани боис, бу йилги сўровномада шу кунгача ишлаб чиқилган энг савиясиз деб ҳисобланган ўзбек фильмларини «саралашингиз» мумкин. Кейинги йиллардан бир йиллик кинолар аниқланади.
«Тунука лайча» антикиномукофоти номинациялари:
Бош «мукофот» — энг савиясиз фильм.
Энг савиясиз режиссёрлик иши: 3та ўрин.
Энг савиясиз сценарий: 3та ўрин.
Энг савиясиз роль ижрочиси (актёр\актриса): 3тадан ўрин.
Қўшимча номинациялар:
Энг бачкана режиссёр: 3та ўрин.
Энг бачкана сценарий: 3та ўрин.
Энг бачкана актёр\актриса: 3та ўрин.
Уларга «мукофот» — шу номинацияларни олиб, шарманда бўлганидир.
Сўровномада қатнашиш учун zahiriddin@list.ru электрон манзилига ўз вариантларингизни жўнатинг. Сизнинг ҳар бир овозингиз биз учун жуда ҳам муҳим ва албатта, беэътибор қолмайди.
Comments
Post a Comment