Йўл – Туш – Ўнг
Йўл
У бу йўлдан қандай қилиб юришни
ўйлади. Сакраб юрсинми, югурсинми, эмакласинми, ҳозирча ҳал қилолмади. Қандай
юрса, манзилига тез ва омон етиши ҳақида бош қотирарди. Лекин бу йўлнинг
адоғини айни пайтда кўролмас, шу тариқа секин-аста йўрғалашга тушди. Теварак
атрофда бир зоғ йўқ, тиккада қўёш унга ҳамроҳ эди...
Туш
Балки тўғри иш қилгандир. Бироқ бу
ҳақда ўйлашга ҳозир унинг вақти йўқ. У биринчи навбатда шу ўй-хаёллардан
қутулишни истарди. Йўқ, нега айнан у? Нима учун ҳар сафар у муаммолар гирдобида
қолиши керак? Нима, бошқа одамларда дўст йўқми? Шундай ўйлар билан уйдан чиқиб,
бироз хаёлланиб туриб қолди...
Ўнг
Кеча ёмон боплади лекин. Бир ўзи
ҳамманинг олдида уни ер билан битта қилди. Ҳам курсдошларининг олдида обрўсини
ошириб олди. Буни аввалроқ қилиши керак эди. Анчадан бери жиғига тегиб юрганди.
Рост-да, дўсти бўлса, оғзига келганини гапираверадими?..
Йўл
Йўрғалашда давом этаркан, қуёш
баданини қиздира бошлади. Йўлда турли майда тошлар унинг бемалол юришига халал
берар, лекин у ҳозирча бунга парво қилмасди. Йўлида қоқилмай кетаётгани учун
хаёллари уни банди этганди. Энди у фақат йўлида тўғри кетса бўлгани...
Туш
Қуёш тиккага келиб қолибди. Қиш
бўлишига қарамай, куннинг тафти баданини қиздира бошлади. Кеча ерда қор бор
эмасмиди? Бугун замин қуп-қуруқ ҳолда унинг қадам ташлашини кутиб турибди. Тоза
ҳаводан чуқур нафас олиб, ўнг оёғини кўтарди. Лекин ер бир айлангандек туюлди.
У оёғини кўтарганча ҳайратдан бироз қотиб қолди. Ё боши айландимикан?..
Ўнг
Бугун ўқишга борсинми ёки яна кечаги
қиз билан учрашсинми? Ҳозир унинг хаёлида шу эди. Қиш бўлишига қарамай, отаси
олиб берган “иномаркаси” турганда иккиланиб ўтирадими? Ҳа, кошки домлаларнинг
оғзини ёполмаса, бу унга муаммо эмас. Яхшиси, тағин кеча танишган қизига
қўнғироқ қилади. Машинаси бўлса, қизлар ҳам жон дейди. Телефони қани?..
Йўл
Шундай иссиқ кунда қорга нима бор
экан? Ўзи ҳозир қишми ёки ёз? Айтганча, боя йўлда қор йўқ эди шекилли. Ёки
эътибор бермадимикан? Ҳа, аниқ эсида, майда тошлар бор эди. Айни дамда улар қор
остида қолибди. Балки қуёшнинг қайноқ тафтидан салқинлик қидиришгандир. Майли,
“ғарч-ғурч” қилиб бораверсин-чи, эҳтимол қор ҳам эриб кетар...
Туш
Йўқ, боши айланмабди. Чунки
атрофидаги тик дарахтлар қийшайиб қолибди. Кўзига шундай кўринаётганмикан? У
кўтариб турган оёғини ерга қўйди. Қуриб қақшаган замин унинг қадами тушган
жойдан тарс ёрилдию, ер иккига ажрала бошлади. У бўлинаётган ернинг ҳар икки
томонида икки оёғи билан пича туриб қолди. Шу лаҳзада бир тарафга ўтмаса,
оёқлари ораси иккига айрилиб кетишини ўйлади. Лекин қай томон ўтишни
билолмади...
Ўнг
Чамаси, телефонини уйда қолдирган.
Чўнтакларини қаради, машинасини текширди, йўқ, демак, диванда қолган. У уйга
кириб, ётоқхонасидан аппаратни излашга тушди. Негадир тополмади, жиғибийрони
чиқди. Асабийлашди. Кеча кафеда унутганмикан ё? Унинг сўнгги илинжи шу бўлди.
Ҳа, жони ачиса, арзийди. Охирги русумдаги, анча қиммат телефон эди. Мақтанмаган
одами қолмаганди. Балки уни ҳам кечаги дўсти ўғирлагандир...
Йўл
Зум ўтмай, йўлдаги қорлар музлади.
Унинг юриши қийинлашди. Ҳар қадам ташлаганда сирпаниб кетмасликка,
йиқилмасликка уринарди. Лекин ўзи совуқ қотмасди, аксинча, иссиқдан терлаб
кетганди. Қуёш ҳам атай қилгандай қиздиргандан-қиздирарди. Бу жазирамадан йўл
тобора музлаб борар, ҳеч қанча вақт ўтмасдан, оёқлари остидаги музда у ўз
аксини кўрди. Кўрдию, чўчиб кетди ва сирпаниб, тиззалаб қолди. Хайрият,
йиқилмади. Энди эмаклаб кетади шекилли. Шу йўлни босиб ўтиши керак ахир...
Туш
Ер иккига бўлинишда давом этаркан,
унинг боши қотди. Ўнг тарафга сакрасинми ё чапга? Қайси бири қулай ва осон?
Оёқлари орасига оғриқ етиб келди. Демак, бир қарорда тўхталиш керак. Нимага
бунчалик кўп ўйлайди? Ахир ҳозир остидаги жарга қулаб кетади-ку. Қарор қабул
қилиш шунчалик қийинмиди? Ие, жардан олов кўтарилдими?..
Ўнг
У шу хаёлга келдию, дарҳол
машинасига ўтириб, институтга юрди. Аниқ у ўғирлаган, кеча бошқача қараганди.
Уни ер билан битта қилганим учун ўч олмоқчи. У машинани шу қадар тез ҳайдадики,
на қизил чироққа қаради, на йўлдан ўтаётган йўловчиларга. Муҳими, тезроқ ўқишга
бориб, ўша дўстини яна бир марта шарманда қилса. Мана, етиб келди. Машинани бир
четга қўйдию, ўзи ўқдек ичкарига отилди. Зинадан ҳам югуриб чиқмоқчи бўлди.
Лекин оёқ кийимининг остида қор бор экан, сирпаниб кетди...
Йўл
Ўрнидан турмоқчи эди, яна
сирпаниб, оёқлари чалкашиб қолди. Ойнадек музда қаддини ростлашга тобора гумони
ошиб борарди. Лекин юпқа кийими музга ёпишди ва ўрнидан турмоқчи бўлганда
йиртилиб кетди. У яна юзтубан тушди. Лаҳзалар ичида бадани ҳам музлаб, ерга
ёпишди. Энди у ҳар қанча уринмасин, кўтарила олмасди. Не қиларини билмай, роса
чиранди. Лекин танаси қизиб, ердаги муз билан бирга яхлаб борарди. Бор
кучини йиғиб, танасини муздан кўчириб олмоқчи бўлганда бадани ачишиб, оғриб
кетди. Аламидан кўзидан ёш қуйилди. Қанийди кимдир бўлсаю, уни кўтариб,
турғазиб қўйса...
Туш
Аланга тобора юқорига қараб
интилар, унинг оёқларини ялашга тушарди. Яна бироз шу ҳолатда турса, ўзига ўт
кетиши аниқ. Шунинг учун у бор кучини ўнг оёғига йиғди ва чапини ўнг томонга
зарб билан отдию, қўллари билан ерга тирмашмоқчи бўлди. Лекин чап оёғи негадир
кўзлаган жойигача боролмади ва у орқага тисарилди. Ортида энди фақат туб жарлик
бор эди, аланга “тилини ялаб”, уни кутиб турарди. Иккала қўли навбатма-навбат
айланиб, у орқасига қулай бошлади. Шу пайт қўлидан кимдир тутиб қолди...
Ўнг
Орқа томони билан иккинчи қаватдан
ерга йиқилмоқчи бўлганда уни қўлидан тутиб қолишди. Бир қўлидан ушлагани учун у
ёнбоши билан бориб, зина панжарасига урилди, лекин йиқилмади. Унинг жон-пони
чиқиб кетди. Ҳар ҳолда зинадан йиқилиш ҳазилакам иш эмас. Уни қутқариб қолган
одамнинг бошидан тилло сочади, фақат аввал ҳисоб-китобини қилиб олсин. У ўзини
ўнглаб, қутқарган одамга раҳмат айтмоқчи эди, не кўз билан кўрсинки, у кеча
“шармандаси чиққан” дўсти экан. “Бойвачча”нинг ўзини ўнглаганини кўрган дўст ўз
йўлида давом этиб, кўчага чиқиб кетди. У эса зина панжарасига суянганча қотиб
қолганди. Балки ҳайратдандир, эҳтимол йиқилишига бир баҳя қолганидан энди
ваҳимага тушаётгандир. Ёки нима қилмоқчилигини бир зум унутгандир. Шу пайт шимининг
чўнтагидан телефони жиринглади...
25.01.2014
Comments
Post a Comment