ЎҒЛИНИНГ СИНФДОШИГА УЙЛАНГАН ОТА (“Тубанлик” фильмини кўриб)


“Ўзбеккино” миллий агентлиги ва “Ватан” киностудияси намойиш этади.
— Судья жаноблари, айбланувчини 5 йил муддатга озодлик маҳрум этишингизни сўрайман.
(Қораловчининг иши оқни қора қилиш. Оқловчи эса аксинча. Оқловчига кейин тўхталамиз.)
Постановкачи режиссёр ва сценарий муаллифи — Ҳилол Насимов.



Беҳзод 9-синфда ўқийди. Дилроз унинг синфдоши. Мустақиллик майдони ва Амир Темур хиёбонини айланишга чиққан келин-куёвларга иккиси ҳавас билан қараб қолишади. Чунки қиз ўзини нелар кутаётганини ҳали билмасди.

Уларнинг қишлоғида эса бир гуруҳ фитначилар (ислом ниқоби остидаги) Дилроз дадаси Қўчқорнинг янги исмини “ювиш” зиёфатини қилиб ўтиришибди: Эгамназар! (Зиёфат баҳона — ғийбат ғанимат.) У ерда яна аёлларимизни ҳижобга киритиш: ишлаётганларни ишлатмаслик, ўқиётганларни ўқитмаслик даъватлари ҳам қулоққа чалинади.

Беҳзоднинг онаси 15 ёшида турмушга чиққан, уч фарзанд кўрган, уч нафари ҳомиладорлик пайтида вафот этган. Эри билан ажрашган. (Эри, яъни Беҳзоднинг отаси даъваткор Турғун ҳожи экани кейин ойдинлашади.)

Умуман, фильмда ҳозирги кунимизда жуда долзарб бўлиб турган бир талай муаммоларга ўзига хос услубда ёндашилган. Бир гуруҳ даъваткорларнинг ғийбатларидан ташқари айрим мактаб директорларининг таъмагирлиги, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари шу қадар ишончли ва табиий тарзда ёритилганки, унда сохталикни тополмайсиз. Айтганча, ёш актёрлар Фотиҳ Насимов (режиссёрнинг ўғли бўлиши ҳам мумкин) ва Зиёда Худойқулова ролларини моҳирона ижро этганлар.

Хорижликларнинг пули эвазига “шер”га айланган Турғун ҳожи ўша “пул”ларга сотилган ва “қўй”га айланган Қўчқор(Эгамназар)га куёв бўлишга аҳд қилади. Совчиларини юбориб, 9-синфни ҳам битирмаган қизнинг отасини қуда бўлишга “кўндиради”. Бу орада Эгамназар “қўчқор”га айланади ва қизини чолга беришни истамаган хотинини калтаклашга ўтади (бу ҳолатни тушунса бўлади, чунки пул ва ўша экстремистларнинг наздидаги “номус” ва “лафз” Қўчқорни бу ишга ундайди). Хуллас, ими-жимида шаръий никоҳ ўқилади. Биринчи никоҳ кечасида эса...

“Келин” касалхонада ҳушига келади. Докторнинг айтишича, ичкаридан ва ташқаридан 5-6тадан чок тикилган. Жарроҳ қутурган, бу ишни қайси ваҳший қотил қилганини билишни истайди. “Куёв” эса мен қайнотаман деб қутулади...

Кейингисида бўлса, касалхонада беҳуш ётган Дилроз тўрт хотинлик хоиннинг ваҳшийлиги туфайли қурбонга айланади. Докторнинг ташхис қўйишича, бир неча марта беҳуш ётган ҳолда келин билан қовушилган, натижада, қон келган, яна қайталаниш, тағин беҳушлик ва фақат бу сафаргиси ўлим остонасида эди... Қўчқор ва унинг хотини учун энди ҳар қанақасига кеч бўлганди...

Бу орада бошқа сюжетлар ҳам бўлади, масалан, ноқонуний товарнинг ноқонуний тарзда яширинча олиб ўтилиши, Беҳзоднинг қотилликда айбланиши каби воқеалар ҳам содир бўладики, ҳаммаси кулминацон нуқтага, бир вақтга тақалиб келади. Ва ниҳоят судда барчаси ойдинлашади...

Оқловчи ўз ишини қилади. Беҳзод жазодан қутулади, Турғун ҳожи кўп қиррали жиноятлари учун суд залининг ўзида ҳибсга олинади...

Фильмда одатдагидек экстремистик оқимлар ҳақида сўз бормайди, яъни асосий мавзу бу эмас. Бош мақсад оилаларни сақлаб қолишга қаратилган, эрта никоҳнинг олдини олиш, оиладаги хотиржамликни таъминлаш ҳам бу маслакка хизмат қилади. Бу фильмни ҳар бир ёш ва ҳар бир одам кўриши керак, менимча. Айниқса, ота-оналар. Фильм Алишер Навоий номидаги кино саройида намойиш этилмоқда. Шошилинг.

Камина унинг моҳиятини сизларга етказишда бир воситачи бўлдим холос. Фильмдан олинган фотолавҳалар фикримни исботлайди. Ҳилол Насимов ижодига эса муваффақиятлар тилайман.












Заҳириддин,

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!