САНЪАТКОРЛАРНИНГ ИККИГА БЎЛИНИШИ ёхуд дарди ичида юрганлар


“Агар санъаткор юксалса, уни кўкларга кўтаришади, бунинг акси бўлса, тошлар отишади. Бу гапларга оддий қараш керак. Буни аёлимга ҳам тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу каби гапларга эътибор бермасликка, сиқилмасликка интиламан. “Даракчи” каби газеталар ёзган маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри эмас”...

Мана, яна битта он-лайн мулоқотимизни ҳам ўтказиб олдик. Расмиятчиликдан қутулган ҳолда бу сафар мазкур он-лайн ҳақида ўзим ҳам ёзишга қарор қилдим. Чунки шунга мажбур бўлдим, касбим шунга мажбур қилди, қолаверса, бунга арзийдиган гаплар ҳам бўлди.

Тўғриси, шу бугун билдим, санъаткорларнинг дарди ичида юраркан, бугун улар “ёрилишди”. Ахир биз он-лайнга деб чақирганмиз. Балки расмий манбаларда суҳбатнинг ҳаммаси ҳам ёритилмас, лекин мен айнан уларнинг бу дардларини сизларга ҳам илинишни истадим. Ахир улар шу умидда гапиришган!

Хуллас, санъаткорларимизни (актёру қўшиқчилар ва режиссёрлар ҳам) мен иккига бўлишга аҳд қилиб қолдим. Биринчи тоифа — ҳар хил миш-мишлар қурбонига аёланаётганлар, аслида оиласини қаттиқ ҳурмат қиладиган ва фақат ижодни ўйлайдиганлар. Иккинчиси — ҳар хил миш-мишларга сабаб бўлаётганлар ёки уни атайлаб уюштираётганлар, оиласи билан ўрнак бўла олмайдиганлар ва “ижод”ни иккинчи даражага тушириб қўйганлар.

Масалан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхонга берилган саволга унинг жавобини ўқийлик: “Оилада тинчликни сақлаш формуласи нима?”

Жавоб: Жуда яхши савол бўлди. Албатта, ҳар хил гап-сўзлар оилавий муносабатларга таъсир қилади. Биз тўғримизда юрган миш-мишларнинг 99 фоизи нотўғри, биз буни сизларга етказолмай ҳалакмиз. Умуман санъаткорларнинг атрофидаги аксарият инсонлар сохта инсонлардир. Агар санъаткор юксалса, уни кўкларга кўтаришади, бунинг акси бўлса, тошлар отишади. Бу гапларга оддий қараш керак. Буни аёлимга ҳам тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу каби гапларга эътибор бермасликка, сиқилмасликка интиламан. Даракчи каби газеталар ёзган маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри эмас.




Бу саволга Дилноза Кубаеванинг ҳам жавоби юракдан отилиб чиқди: — Ҳозир жудаям мураккаб замон бўлиб қолган. Агар иккита бозорчи бўш бўлиб қолса, дарров санъанкорларни гап-сўз қилиб юборишади. Биз асосий ғийбат мавзусига айланиб қолганмиз. Ўзимиз ҳақимизда туҳматларни эшитганимизда иложсизлигимиздан индамасдан, эътибор бермасдан ўтказиб юборишга мажбурмиз. Лекин қалбимизни тешиб юборади бундай гаплар. Палончи артист туғибди, палончи ажрашибди... Мени ҳатто Озодбек Назарбековга эрга берворишган улар (кулади). Улардан хафа бўлиш бекор. Уларнинг қалби уйғоқ эмас.

Ана шундай пайтларда оиламиз энг яқин йўлдошимиз, қўрғонимиз, Ватанимиз бўлади ва бўлиши шарт. Энг ёмони одамларнинг гапи эмас, балки оиламизнинг бу гапларга ишониши, бизга бўлган муносабати. Агар оила аъзолари бизларни тушунмаса, бундан қийини бўлмайди. Улар бизни ғийбатлардан ҳимоя қилиши керак. Шунча миш-мишларни эшитсак-да, халқнинг олдида кулиб турамиз. Лекин бу қувноқлик, шаддодлик ортида нима борлигини фақат ўзимиз ва Оллоҳ билади. Нима бўлишидан қатъи назар, олий мақсадимиз – халққа хизмат.

Ҳадеб ўзбек фильмлари ундоқ-бундоқ деяверишдан кўра, бугун уларнинг қалбига қулоқ солдим. Чунки айнан биринчи тоифадагилар иккинчи тоифадагиларнинг касрига қолиб кетмоқда. Афсуски, бизда иккинчи тоифадаги санъаткорлар ҳам етарлича топилади.

Менинг фикрим ва хулосам шуки, барча миш-мишларга ҳам ишонавермаслик керак. Ҳамма “артистлар” ҳам биз ўйлагандек ёмон эмас. Ақл ва онгимиз билан атрофимиздаги воқеаларни таҳлил қилсак, ёмон ва яхши шундоқ ажралиб қолади. Биз у қадар онги паст ёки манқурт халқ эмасмизки, ташқи таъсирлар ва даъвату хуружларга тез мубтало бўладиган!

Заҳириддин,

Илова: мазкур он-лайндаги суҳбатнинг тўлиқ варианти билан мана бу ерда танишиб олишингиз мумкин.



Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!