Чорчинор (ҳикоя)

Чорчинор қишлоғида азим чинорлар сероб. Баъзилари уч юз йиллик тарихга эга, энига беш-олти кишининг ҳам қулочи етмайди. Бу қишлоқ гузарида улкан тўртта чинор бўлиб, неча асрдан бери бир-бирига суяниб, кўкка бўй чўзиб, қишлоқ кўрки, салобати бўлиб турибди. Уларнинг атрофида сартарошхона, чойхона, дўкон, новвойхона, қассобхона, расталар қаторлашган.


Жўрақул ота яқинда етмиш етти ёшни қаршилади. Унинг тўрт ўғли, бир қизи, улардан ўн икки набира ва уч чевараси бор. Чинорлар ёнидан кириладиган кўчадаги биринчи уй уники. Баъзида хонадон бола-бақрага тўлиб кетади. Ҳатто бегона киши ўтиб қолса, бу ерда тўй бўляпти, дея хаёл қилади.

Жўрақул ота чойхонага чиққан пайти ёки салқинлагани чинор остидаги супаларга ўтирганда азим чинорларга разм солади. Уларнинг шохлари қалин, қийғос япроқлари орасидан осмон кўринмайди. Ота бундан роҳатланади, ўтган-кетган болаларга зўраки танбеҳ берар, тенгқурлари кўриниб қолса, орада гап ташлаб қўярди. Лекин Шодмон қассоб билан онда-сонда суҳбат қуради. Қассоб анча қув бўлганидан дунё янгиликларидан ҳам бохабар бўлиб туради ва ҳар недан огоҳ юришни истаган Жўрақул отага етказишни канда қилмайди.

Жўрақул ота бугун одатдагидан вақтлироқ уйғонди. Бомдодни адо этгач, кўчага чиқди. Саҳармардонда Чорчинор ҳавоси баҳорда хийла намчил ва ёқимли туюлади. Киши баданини жунжиктиради. Елкага чопон ёки қалинроқ кийим ташламасангиз, кўчада узоқ туриш имконсиз эди. Ота чакмонини елкага илганча чинорларни бирма-бир пайпаслади. Дарахтлар билан тиллашгандай бўлди. Ёши бир жойга бориб қолган одамга осон эмас. Кампири ёлғизлатиб кетса, икки ҳисса қийин...

Нонуштадан сўнг бироз мизғиб олгач, Шодмон қассобдан гурунг олгани гузарга ошиқди. Остонага етганда кўчада шовқин эшитилди. Дарвозадан чиқар экан, кўча бошидаги чинор ёнида трактор турганига кўзи тушди. Жўрақул ота тушунмади. Чинор ярмигача арраланган, электр арра эса дарахт белида қийшайиб турарди. Ёнбошда шинел кийган бир одам сигарет чекиб ўтирарди.

Ота ҳайрон. Супада Шодмон қассоб бошини ушлаганча чўк тушиб, ҳар замонда «эҳ» деб қўяди. Отани кўриши билан дарров салом бериб, икки қўллаб сўрашди. Ота нима гап, деб сўради.

— Туманимизга янги ҳоким тайинланган эди-ку? – деди қассоб. – Ўша одам қарор чиқарибди, тумандаги ҳамма катта дарахтлар кесилар эмиш. Мана, навбат қишлоғимизга келибди.

— Тушунмадим, — деди Жўрақул ота янги ҳокимнинг янги қарори ва азим чинорлар ўртасида қандай боғлиқлик борлигини англолмай. — Чинорларимизда нима айб?

Қассоб супага бемалолроқ жойлашиб олди.

— Кесилган дарахтлар атрофи тозаланиб, ўт экиларкан. Кейин ўша ер чиройли кўринаркан, шаҳар гўзаллашаркан. Буни ландшафми-пандшафми, дейишаркан. Катта дарахтлар шунга халақит бераркан.

Жўрақул отанинг пешонаси тиришди, ажинлари қаторлашди. Кўзлари қисилиб, лаблари титради.

— Ахир бу ер тарихий қишлоқ-ку! Булар неча асрлик азим чинорлар-ку! Ланшаптига нима бор экан! — деди чийиллаганча қаҳри келиб.

Ота асли унча-мунчага жаҳл қилмасди, лекин аччиқланганда шунақа чийиллаб товуш чиқарарди. Электр арра тағин ишлай бошлади, тириллаган овоз чолнинг баттар хунобини оширди. Бироқ у индамади. Ўзини босди. Арралаётганлар оддий одамлар, уларда айб йўқ, буйруқни бажаришяпти, деб ўйлади.

— Буни ҳал қилиш учун кимнинг олдига бориш керак? — деди қассобга.

— Ҳокимга боринг, ота, ҳокимга, — жавоб берди қассоб қўлини карнай қилиб, овозини баландлатаркан.

Жўрақул ота илдам ҳаракатлар билан ортга қайтди. Яқиндагина сотиб олган маҳси-калишини кийиб, эгнига чопонини ташлади, белини чорси билан боғлаб, бошига дўпписини қўндирди. Худди янги куёвлардай ясаниб, жангга кираётган аскардай шаҳдам қадамлар билан юриб, туман марказига йўл олди.

Тўрт қаватли бинонинг учинчи қаватига чиққан ота бироз нафасини ростлаб, туриб қолди. Кейин пешанасига «Қабулхона» деб ёзилган эшикни аста тақиллатиб, ичкарига мўралади. Тўғрида бир қиз компьютерда ёзиб ўтирарди. Эшик тақиллагач, отани кўрди ва қўлини кўксига қўйиб, салом берди-да, ичкарига таклиф қилди. Чол стулга ўтириб, атрофни кўздан кечира бошлади: деворлар оппоқ, қуёш нурлари тушган деразадаги тувакда гуллар яшнаб турибди. Деворларга турли ёзувли матоҳлар илинган, отанинг уларга кўзи ўтмади. Лекин эшик устидаги катта плакатни у аниқ кўра олди: чол-кампир ўртасида қувноқ набиралар тасвири туширилган плакатга «2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили» деб катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилганди. Жўрақул отанинг кўнгли хушланди, ҳоким яхши одамга ўхшайди, деб ўйлади. Дардимни тинглар, балки у мутлақо бехабардир, дарров чорасини қилар. Жа бўлмаса, шу плакатдаги ёзувни унга рўкач қиларман, ахир биз кексаларга йўқ дейишолмас, бундан ташқари, чинорлар тарихий бўлса, дея хаёл қилди.

— Марҳамат, киринг, — котибанинг қўнғироқдай овози отанинг хаёлини учирди.

Жўрақул ота қўзғалди. Ҳайҳотдек хона тўрида ҳоким ўтирарди. Ота салом берди. Ҳоким отани кўриши билан ўрнидан туриб, қўшқўллаб кўришди. Уни девор остидаги шинам диванга таклиф қилди. Котибага чой олиб келишни буюрди. Ҳол-аҳвол сўралгач, муддаога кўчилди.

— Тушунаман, ота, — деди ҳоким ўйчан қиёфада, энди чолдан қандай қутулиш ҳақида бош қотириб. — Лекин талаб шундай бўляпти, отахон, шаҳарларимиз, Ватанимиз гўзаллашиши учун шундай яшил майдонлар, ландшафтлар қилишимиз керак. Ўзгариш, тараққиёт бўляпти. Ҳалиги, нима дерди, прогресс, — дея ўз ҳазилидан иршайди у.

— Биламан, болам, — деди ота босиқлик билан. — Эшитдим, айтишди. Лекин Чорчинор тарихий жой, чинорлар неча асрлик тарихга эга. Улар қишлоқ кўрки, обрўси, салобати. Биттасини йиқитгунингизча бир неча кун сарсон бўласиз. У ланшаплар шаҳарга ярашади, болам. Яхшилаб ўйлаб кўринг.

Ёши улуғ одам олдида бебурд қолмаслик учун ҳоким ўзини оқлаган бўлди:

— Ранжиманг, ота. Мен ҳозироқ бунинг чорасини кўраман. Чинорларингизни сақлаб қоламиз. Бундай тарихий жойлар биз учун қадрли.

Ота унинг сўзларини самимий қабул қилди. Ҳоким қайси маънода бундай деганини ўйлаб ҳам ўтирмади. Лекин «сақлаб қоламиз» деган жумласига «тезроқ бўлинг, кеч қоласиз», дегиси келдию, мум тишлади.

Чол хонани тарк этиши ҳамоно ҳоким зудлик билан гўшакни қўлига олди.

— Хотиржам бўлинг, ҳоким бова, – деди гўшакдаги одам. – Ҳа, бир чол экан-ку.

— Лекин у ер тарихий жой эканини айтмагандинг. Кичкина чинорлар, дегандинг, минг асрлик экан-ку. Калланг борми сенинг?

— Қизишманг, ўртоқ ҳоким. Ҳа, чинор бўлса нима бўпти? Бир дарахт-да, қачондир кесилади. Кесилмаса, қуриб-чириб ўзи йиқилади-ку барибир. Бош қотириб нима қиласиз, даромадини ўйласангиз-чи, ҳоким бова.

— Нечтаси кесилди? — ҳоким овози пастроқ чиқди.

— Мана бу бошқа гап. Энди биттасини эплашибди, қурмагурлар анча семиз экан. Эрта-индин тугатиб қолишади, ҳоким бова.

Ҳоким чолнинг гапига энди тўлиқ ишонди. Қишлоққа, тағинам тарихий қишлоққа тегиниш, тарихий объектларни бузиш, барбод қилиш нақадар пасткашлик эканини энди тушуниб етди. Бироз жаҳли ҳам чиқди, ободонлаштириш бўлими бошлиғининг нафси ҳакалак отгани етмагандай, бунга ўзини-да шерик қилгани нафсониятига тегди.

— Гап бундай, — дея гап бошлади ҳоким буйруқ оҳангида, — ҳозироқ бу қирғинни йиғиштиринг! Эртага барча кесилган чинорлар бўйича тўлиқ ҳисобот билан олдимга киринг. Чорчинорни ўзим бориб кўраман, агар биронтаси ағанаган бўлса, ўзингизни ағанатаман.

У шундай деб гўшакни қўйди. Кайфияти бузилди. Дарров мажлис чақириб, хуморидан чиқмоқчи бўлди...

Жўрақул ота гузарда автобусдан тушиб қолди. Дарҳол чинорларига қаради, биттасини ағанатиб, бўлаклаб ташлашибди. Ота «уҳ!» деди. Бояги сигарет чеккан шинелли аррабознинг олдига бориб, бор заҳрини сочди. Шу пайт қассоб етиб келиб, отани қўлтиғидан олди ва супага судради...

Ота билди, туман марказига йўл олганидан кейин қассоб қишлоқ оқсоқолларини тўплаган, улар билан маслаҳатлашиб, биргалашиб анча тўполон қилишган экан. Қолганини нима қилишни ўйлаб туришганида чинор кесиш «операцияси» бекор этилгани айтилган. Кесилган чинор эса маҳала ихтиёрига топширилган.

Жўрақул ота сал ҳовуридан тушди. Яна битта «сирдоши»дан айрилгани учун унча аза тутмади. Муҳими, тарихий чинорлар сақланиб қолди. Шунисига ҳам шукр, деди. Беихтиёр ҳокимни дуо қилди...

16.12.2015

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!