Бўлмаган воқеа

Қишнинг совуқ кунида ҳамма ўзини ичкарига, панага олган, илиқроқ жой илинжида эшик қидиради. Ташқарида туришга тоқат етмас ёки истак бунга монелик қиларди. Лекин баъзида чекувчилар изғиринга ҳам қараб ўтирмайди.


Муҳташам бино. Унинг муҳташам хонасидаги деразалар дарпардалар билан безатилган, мажлис учун тахланган кўркам курсилар аскарлардек тизилган. Хона эшиги нақшинкор, ниҳоятда дид билан ясатилгани сезилиб турибди. Хона эса жуда тоза, гард кўринмас, пойафзалини ечиб киргиси келади одамнинг.

Шу пайт эшик қия очилиб, қорни сал қаппайган, миқтидан келган, паканароқ одам ичкари кирди. Кетидан аввалига лўппи юзлари қизарган, сочлари эса оқарган бир кишининг боши, кейинроқ қимтинган елкаси кўринди. Паканароқ киши луқма ташлади:

- Бошқа жой қуриб қоптими?

Лўппи юзли елка қисди. Чамаси, у паканароқ одамдан пастроқ амалда эди. Ҳаракатларидан буни сезиш қийин эмасди.

- Кимлар экан ўзи, хабаринг борми? - яна пакана одамнинг овози эшитилди.

- Билмадим, хўжайин келсинлар-чи, - бу ингичка овоз лўппи юзники эди.

Эшик очилиб, олдинига сигарета тутган қўл, сўнгра катта гавда намоён бўлди. Қотмадан келган бу одам аста қадам босар, атрофни бамайлихотир кузатарди. Лўппи юзли дарҳол четдаги шкафдан бир ликопчани олиб, қотмага тутди. Қотма сигаретанинг "етилиб" қолган кулини хотиржам ликопчага қоқди-да:

- Тайёрмисизлар? - деди.

Улар дераза четига стол ва стул билан ҳозирланган чоғроқ жойга ўтиришди. Қотма сигаретани охиригача мароқ билан тортди-да, ликопга бостирди. Кейин афтини буриштириб, қўйнидан бир даста газета чиқарди-да, столга қўйди. Нариги иккиси бошида аҳамият бермади, раҳбарининг ҳар бир газетага кўз югуртириб чиқадиган одати борлигини зимдан билишарди. Паканароқ яна сўз қотди:

- Йил лауреатларини нима қиламиз, босс?

Улар раҳбарини шундай чақиришарди. Балки унга ёққиси келганиданми ёки ҳазил қилишга ҳадлари сиққаниданми, аҳёнда шу тахлит мурожаат этишарди. Бу йўсин раҳбарга ҳам баъзан мойдек ёқиб тушар, ўзини кинолардаги мафия бошлиқларидек кўрарди. Лекин ҳозиргидек жаҳли чиқиб турганда бўралатиб сўкиш бўйича туққан онасини ҳам аямасди. Икки лаганбардор дарров буни пайқашди.

- Тинчликми, ўртоқ бошлиқ? - дарров ўзанни ўзгартирди лўппи юзли.

- Йўқ, тинчликмас! - ўшқирди раҳбар. - Газета ўқийсанларми ўзи? Янгиликлардан бохабармисанлар?

Иккиси бир зумга мум тишладилар. Лекин пакана лўппи юзлининг олдида паст кетишни истамади-да, ер остидан бошлиққа қараб, деди:

- Ўқиймиз, ўртоқ бошлиқ!

- Қайси газетани ўқидинг охирги марта, қани айт-чи? - гапига жавоб қайтганидан жаҳлланди раҳбар.

- Кеча "Интерфутбол"ни ўқигандим. Бундан ташқари, сайтларгаям кириб тураман, - деди пакана энди кўкрагини сал кўтариб.

Лўппи юзли индамади. Дам паканага, дам раҳбарга мўлтирайди. Унинг иши асосан майда-чуйда юмушлар, югур-елишлар бўлгани учун ҳам айни дамда сўзсизликни раво кўрарди.

- Манавинақа газета борлигини биласанми? - дея раҳбар олдидаги рўзномаларни "ўқимишли" пакананинг олдига сурди.

Пакана газета номига қаради: "Чемпион". Нима қипти шунга, ичида ўйлади у.

- Бор, зубочистками, гугуртми, топиб ке! - дея буюрди раҳбар лўппи юзлига.

Боядан бери бу ноқулай вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмаётган лўппи юзли дарров ташқарига отилди.

- Мақолаларини яхшилаб ўқинг. Авторларига қаранг! - деди раҳбар тили билан тишини ковлашга уринаркан, сизлашга ўтиб.

Тушлик дуруст бўлганидан бир парча гўшт тишлари орасида қолиб кетган, раҳбар буни энди, ғашига текканда пайқаб қолди. Лекин ҳарчанд саъй этмасин, ундан қутулолмади.

- Ие, шунга шунчами, босс? - дея ҳазилга йўймоқчи бўлди пакана. - Ҳа булар ёзмачилар-ку ("писар" демоқчи). Бобур(Акмалов)ни яхши биламан, танишмиз, нимага бунақа ёздийкин? Тақдирлаш билан нима иши бор буни?

Раҳбар жиддий қиёфасини ўзгартирмади. Лўппи юзли олиб келган тиш ковлагичда бояги этдан қутулиш пайига тушди.

- Ў, Хайрулла Ҳамидов-ку, - газетага кўз ташлаган лўппи юзли дарров қизиқиб кетди.

- Яна бошлабди-да бу Хайрулла деганлари.

Пакананинг бу гапидан раҳбарнинг жаҳли чиқди. Шундоғам ковагидаги гўштдан халос бўлолмай хуноб, булар эса устидан кулаётгандек туюлди.

- Ака айтди, ану ўйинларингни ҳал қиларкансанлар, - аста гап бошлади раҳбар, тиш ковлагичга илашган эт парчасини ликоп четига сураркан. - Январда ҳисоботига қўшаркан, йил якунлари салбий руҳда ўтаркан.

- Йўғ-э! Шунга ишондингизми? - паканароқ пичинг қилди.

- Нимага шунга ёпишволди ўзи улар? - дея сигарета тутатди раҳбар. - Ҳаммаси жимгина юрувди-ку! "Соккер-клуб"дан кейин кучайиб кетишди. Аҳролга бало борми телевизорда сайрашга?

- Менам шуни айтаман-да, - гапга қўшилди пакана. - Манави чолга нима зарил экан-а қариганда?

- Кимни айтяпсиз? - сўради қизиқсиниб лўппи юзли.

- Ҳасанали отани-да. Биринчи шахси ким бўлди энди?

Раҳбар индамади, ҳузур билан тутун сўрди. Боягина файзли кўринган хонада энди парқу булутлар сузиб юрарди.

- Хуллас, ҳал қилларинг. Ака жиддий бу сафар. "Пахтакор"ми у, "Анжан"ми, сени отангми, - у лўппи юзлига бармоғини нуқди, - фарқи йўқ. Айбдорлар йил якунларига бағишланган маросимда фош этилиши ва уларга жазо тайинланиши керак!

У тез дуо қилгандек имо этди-да, хонадан ғойиб бўлди.

- Маросим ҳам аза бўларкан-да... - деди ўзига ўзи гапираётгандай лўппи юзли тирсагини столга тираганча ўтираркан.

- Сенга нима? - деди пакана кимга ўдағайлашни билмай. - Тур, вақт кам, ишингни қил! - деди-да, лўппи юзлининг ликиллаб турган оёғига бир тепди.

Лўппи юзли "бўпти-бўпти" деганча кул тўла ликопни столдан олиб, пакананинг ортидан эргашди. Хона яна жимжит бўлиб қолди...

Илова: ушбу бўлмаган воқеа ёзишга ҳеч вақо йўқлигидан телефон қайдномасига 10 декабр санасида соат 20:17да хастахонада битилди.


Заҳириддин

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!