Тўртинчи ҳокимият қани?

Ҳақли савол. Тўртинчи ҳокимиятимиз қани? Улар ишлаяптими ўзи? Фойдаси тегяптими? Ҳокимиятлигини қиляптими? Агар инкор жавоб бўлса, уларга ким тўсқин бўлаётир? Эҳе, шунча савол, лекин жавоби битта. Бизда тўртинчи ҳокимият бор, ишлаяпти, аммо унга ғов қўяётганлар кўпаймоқда. Батафсил...


Келинг, аввало, шу атамага Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “lex.uz” сайтида келтирилган таърифни келтириб ўтсак: “Тўртинчи ҳокимият — оммавий ахборот воситаларига нисбатан қўлланиладиган шартли ва образли атама. Оммавий ахборот воситалари жамият ва давлатда ишларнинг боришига жиддий таъсир кўрсатишига урғу беради. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд бўғинлари тегишинча биринчи, иккинчи ва учинчи ҳокимиятлар ҳисобланади”.

Ана, билмаганлар ва “билмаганлар” бу атама ҳақида тушунчага эга бўлишди. Энди кириш қисмидаги саволларга жавоб излашга тушамиз, агар тополсак. Цензура йўқ, деймиз. Тўғри, расман мавжуд эмас. Лекин ҳамма ўзидан қўрқади. Нега? Шу қўрқув қаердан келиб чиққан? Яна саволми? Майли, бунисини очиқ қолдирамиз. Спорт журналистикаси сал эркинроқ, цензурадан холироқ соҳа... эди. Мана, ниҳоят бунгаям таҳдид бошланди.

Азага келган ўз дардини айтиб йиғлайди, деган гап бор. Шу ўринда “Спорт” телеканали ҳақида ҳам озроқ фикрлашиб кетсак. Бу телеканал ўз номига муносибми, деган савол туғилади. Чунки на АПЛ, на Ла-Лига, на А серия ўйинларини жонли олиб кўрсатади. Бунга шароити йўқ, эшитганмиз. Ўшaнақага арпа уни баҳона дейишадию халқимиз. Майли, чидадик, мухлислар сабр қилиб келишмоқда.

Улар учун янги овунч топилганди. Ёш журналистлар янги лойиҳалар билан чиқиш қилиб, керакли кўрсатувлар тайёрлашганди. Бу анчагина шов-шувга ҳам сабаб бўла бошлаганди. Билдингиз, ўша “Соккер клуб” анча жиддийлашиб бормоқда эди. Нега, дейсизми? Чунки мавзу келишилган ўйинларга бориб тақалганди. Худди шу мавзуда иккита сон тайёрланди. Декабрь ойи, янги йил яқинлашиб қолган, ҳамманинг оғзида эса “Соккер клуб”. Тўртинчи ҳокимият спорт йўналишида ўз кучини кўрсатган маҳал эди.

Аслида тўртинчи ҳокимиятдан кейин бошқа ҳокимият йўқ! Шундай деб ўйлардик, бор экан, кўрсатиб, исботлаб қўйишди. Қандай дейсизми? Янги йил арафасида “Спорт” телеканали директори ишдан олиниб, янги раҳбар тайинланди. Янги йилда “Соккер клуб” кўрсатуви муаллифи Диёр Имомхўжаев ва “Футбол шарҳи” кўрсатуви бошловчиси Зафар Имомхўжаев ҳам ишдан бўшади. Улар ўз аризасига кўра бўшаганлиги айтилди.

Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига биров ғинг деёлмайди. Деёлмайдиям-да. Лекин шу тўртинчи ҳокимиятга келганда... Ҳамма ОАВ ҳақида гапиришни билади, керак бўлса, журналистларни танқид ҳам қилиб қўйишади. Ўзлари эса танқидни кўтара олишмайди. Остап Бендер айтмоқчи, ҳурматли тўралар, мажлис ҳали давом этади. Журналистларга, айниқса, ёш кадрларга шахсан Президентимиз ишонч билдирган-а!

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ҳам катта гапирганди: айбдорлар жазоланади, бунга ваъда бераман, деганди. Ваъда бериш осонлашибди-да, сўз қадри тугаётгани шундан маълум аслида. Айбдорлар бир ёнда қолиб, айбдорларни фош этган айбсизлар балогардон бўлди-ку! Қани тўртинчи ҳокимият?

Биздан эмас, энди ўзингиздан сўранг! Тўртинчи ҳокимият қани? Уни нима қилдинглар, нима қилмоқдасизлар? Футбол-ку майли, ўз йўлига тушиб кетади, Абдулла Қаҳҳор айтгандек, сув лойқаланиб-лойқаланиб, бир куни тинади. Лекин ёш журналистлар, умуман, дунёда биринчи ўринда қаралувчи, майли, ҳокимият саналувчи бу касб эгаларини йўқотмаяпмизми? Эртага қидириб қолмайлик.

Comments

  1. .....бу касб эгаларини йўқотмаяпмизми? Bu kasb egalari bormidi o'zi bizda? Bor bo'lsa yo'qotamizde, bo'lmasa qaydan?

    ReplyDelete

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!