“Ҳеч бўлмаса, беш минг беринг” (ҳангома)

Ҳа, дўхтир билан мелисага ишинг тушмасин, дейишарди. Ишонмасдим. Мана, энди ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Бошга иш тушса, ташвиш тушса, майли, ҳеч ғишт тушмасин экан. Елка устидаги бир нима айланиб, кўз хиралашиб, нима қилаётганини билмай қоларкан одам.


Булар-ку майли, энг қизиғи дўхтирхонада бўлди. Ўн кунлик ётиб даволанишга палон сўм тўлаш керак экан. Ўша палон сўм таркибида уч маҳал овқат, шунингдек, лор, окулист, терапевт, психиатр, нитрохирург, э хуллас, қоровул йўқ экан фақат. Бундан ташқари, ЭХО, ЭКГ, МРТ, КТ ва яна алламбало аппаратлари ҳам бор экан. Ўша палон сўмни жойида қилиб тўладим, ортиқча эътироз, шикоят ва чиқимларга ҳожат қолмасин, дедим-да.

Лекин буёғига қоғозбозлик бошланди. Бири униси кам дейди, бошқаси буниси. Индамадим. Чидадим. Айтганларини қилдим. Ҳатто паспортимдан тўрт марталаб нусха сўрашди. Врач маслаҳатидан ҳам чиқдим, рўйхатданам ўтдим, аппаратларига ҳам тушдим. Охири “Қабул бўлими”да тўхтадим. Шу пайтгача ўтказган ўша палон сўм ва бўғолтир орасида роса сарсон қилишганди. Ҳамма нархлар жойида, вақтида ва тез тўланганидан ҳайратланишар, ортиқча бирор сўз айтишга ботинолмаган эдилар. Бироқ “Қабул бўлими”даги баланд бўйли дўхтир узоқ вақт савол-жавоб қилди. Соғлигим ҳақидаги маълумотларни билиб бўлгач, “пулли” сўровларга навбат келди.

— Нейрхирург консултациясига тўладингизми?

— Ҳа.

— Бу ерда ёзилмаган-ку.

— Бўлиши керак, яхшилаб қаранг, — дедим асабийлаша врач томонга бўй чўзиб.

У кўзларини қисиб, ниманидир ўқиди-да, розилик қиёфасида “ҳмм”, деди. Ўша қоғозда ёзилган барчасига пул тўланган ё тўланмагани ҳақида эринмасдан қайтадан сўради. Мен ҳам эринмадим. Қани, қаергача борарканмиз. Дўхтир ахийри кўзойнагини олиб, менга ўқрайди:

— Идиш-товоқ ювувчилар учун ҳам пул тўланганми?

Буниси энди қанақа лавозим, касб ёки мансаб эканки, тўловни ҳисоблаётганда бўғолтир эътиборга олмаган бўлса?!

— Йўқ, унга қанча беришим керак? — дедим аста.

Дўхтир бир нималар ёзаркан, жавоб берди:

— Ҳеч бўлмаса, шунинг учун беш минг сўм ташлаб кетинг.

Аввалига ҳайратландим, кейин кулгим қистади, охирида эса англаб етдим: мен бечора “соддалик қилиб” буларнинг бирортасига пул қистирмабман. Ахир танишларим шунақа деб огоҳлантиришганди-я! Бу эса қандай сўрашни билмай ёки ҳайиқиб, идиш-товоқ деди-я! Тезроқ ётиб, даволаниб, чиқиб кетиш ўйида ўша дўхтирга беш минг сўм атавордим.

Ҳа, дўхтирларга ишинг тушмасин экан...

03.12.2015

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!