“ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ” ТУРКУМИДАН: “Profession de foi”

Ўзбек кино сано(ъ)ати ҳақида кўп ёзилган. Кўп ёзилишга арзийдиган мавзу аслида. Шунақа миш-мишлару, танқид ва фикрларга барҳам бериш, актёру режиссёрлар, боринг ана, сценарийчиларимизга буларни етказиш мақсадида ўтган йили Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ёшлар ва кино” республика форуми ҳам ўтказилган эди. Бу кинофорумдаги бир кичик воқеани сизларга сўзлаб бермоқчиман.


Кинофорум доирасида баъзи ўзбек фильмларининг премьераси ва ижодкорлари билан мулоқот бўлиб ўтди. Форумгача донғи чиқиб, тилларда машҳурлаша бошлаган “Қудуқ” бадиий фильми ҳам кинофорум иштирокчиларига намойиш этилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари, журналистлар ва санъаткорлар ушбу фильмни биргаликда кўришди. Намойиш тугагач, фильм ижодкорлари саҳнага чиқишди: режиссёр Мансур Абдухолиқов ва бош роль ижрочиларидан бири Фарҳод Худойбердиев томошабинлардан асосан илиқ гаплар кутган бўлиши мумкин. Лекин талабалар, бўлажак киношунослар, санъатшунослар фильмдаги камчиликларни бирин-кетин санаб беришди.

Мен ҳам кичик, лекин қўпол хатога тўхталиб ўтаман. Фильмда шундай сюжет бор: ҳаммани амаки деб чақиришга одатланган қудуқ қазувчини ўрадан чиқармаган қаҳрамон эртасига эрталаб уйига келган милиция ходими олдида довдираб қолади. Ўрада қарийб бир кундан бери қамалиб ётган қудуқ қазувчини сўраб келди бу ходим, деб ўйлайди ҳамма (режиссёр томошабин шундай ўйлайди, деган хаёлга борган ва хато қилган). Улар аслида шу атрофдаги чўпоннинг 10та (10та эди шекилли) қўйи йўқолгани ва адашиб шу ерга келиб қолган-қолмаганини билиш учун бирровга киришган бўлади. Йўқ жавобини олгач, яна изига қайтиб кетишади. Бўлди, улар бошқа жойда кўринмайди.

Адабиётда, умуман, ижодий асарда, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, фойдаланилган ҳар бир детал беиз кетмаслиги керак. Унинг, албатта, қаердадир фойдаси тегиши лозим. Ижодкор ўз хоҳиш-истаклари учун истаган эпизодини бир мартага қўшиб ёки олиб ташлай олмайди. Талабалар ҳам айнан шу муаммони кўтариб чиқишди, ижодкорлар эса тайинли жавоб бера олмади. Йўқолган 10та қўй топилдими, деган саволга бир санъаткор қуйидагича жавоб берди: “Қудуқдан сув чиқди-ку, ҳамма муаммолар ечилди, касал ўғил соғайди, демак, 10та қўй ҳам топилган. Фильмда ҳамма нарсанинг ечимини бериб бўлмайди, томошабин ҳам ўйлансин”.

Жавобнинг аҳволини қаранг! “Тафаккур ўйинлари” фильмини кўргандек бўлибмиз-да унда. Жумбоқларни ўзимиз ечиб оламиз. Мулоқотдан сўнг Мансур Абдухолиқовнинг ўзига вазиятни тушунтириб, шу саволни бердим. Жавоби ундан ҳам қизиқ бўлди: “Аслида сиз айтган жиҳатлар профессионал режиссёрларга тегишли. Дунёда шундай тажриба бор. Биз ҳам пайти келиб, шу даражага етармиз. Ҳозир томошабин буни қабул қилолмайди”.

Ўзини нопрофессионал дея атаб турган режиссёр(лар)дан яна нимани кутиш мумкин? Ўзингиз хулоса қилаверинг, киномизнинг аҳволи шуларга қолган. Биз танқид қиламизми ё йўқми, уларга фарқи ҳам йўқ.

Балки кинофорумнинг фойдаси тегмади, шунчаки ўтди-кетди, деб ўйлаб юрган ёшлар ва киноижодкорлар бордир. Ундай эмас, яна бир мисол билан фикримни якунлайман. Форумда энг кўп “нишонга олинган” актёр Алишер Узоқов айнан шундан кейин қарийб бир йил давомида кинода роль ўйнамади (фақат дубляжда ўзини синаб кўрди). Мана, энди ўзи янги фильм билан қайтди: “Кузда гуллаган дарахт”. Фильм қанақалигини кўриб биламиз, умуман, бу аҳамиятсиз. Муҳими, у ўзига керакли хулосани олди... Бундан хурсанд бўлишимиз керак.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!