“ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ” ТУРКУМИДАН: “Афсус”

Эстрадамиз ҳақида яна озроқ суҳбатлашамиз. Одам қанча машҳур бўлса, мухлиси ҳам шу қадар кўпаяверади. Қўшиқларини севиб эшитамиз, биргалашиб куйлаймиз, йўлда ҳамроҳимизга айланади.



Машҳурлар эса ё “юлдузлик касалига” чалинади, ёки бир меъёрда ижод қилишда давом этади. Мухлислар уларнинг қўшиғини ёқтириб, айтиб юришдан чарчамайди. Хонандаларни кўнгли очиқ, хушмуомала, меҳрибон, боринг ана, сахий деб ўйлашади. Тўғри-да, қўшиқчини шахсан танимаса, ундан фақат яхшилик қидиради. Хонандаларимиз ҳам концертларда, учрашувларда ўзини яхши тутишга уринади. Хуллас, ёшлар наздида улар “оппоқ”. Аслида ҳам шундайми?..

“Афруз” деган гуруҳ бор, ашулалари ҳам яхши. Кўпчилик таниса керак. Қайсидир йили (эсимда йўқ, адашмасам, 2012 йил) “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остидаги ёшлар фестивалини ўтказиш учун бир гуруҳ санъаткорлар билан гўзал Фарғонага таксида отландик. Ҳамма йиғилгач, кейин тенг юришимиз керак эди. Лекин “Афруз” гуруҳи элдан ажралиб, олдинроқ чиқиб кетди, борар манзилимиз бир, аммо улар негадир шошилди. Ҳай, нимаям дердик, улар “юлдуз”, бирор гап айтиб бўлмайди. Бир соатча фарқ билан биз ҳам йўлга чиқдик.

Тошкент вилоятидан ўтиб, довондаги постга етиб борганимизда ўша гуруҳ ўз администратори билан бизни кутиб турган экан. Нима гаплигини кейин билдик: уларнинг ёнида паспорт йўқ экан, милиция ходими ҳужжатсиз ўтказмаслигини айтган. Ҳатто нусхасини ҳам олишмаган экан (буни биздан сўрамаган, лекин ҳамма санъаткорга ўзи билан ҳужжат олиш эслатилган). Посбонларимиз ҳадеганда кўнавермагач, шоввоз хонандаларимиз жаҳл отига минишган. “Катта кетиш” қанақалигини ҳамма билади: кимлигимизни биласанми, битта телефон билан жойингни кўрсатиб қўйишади ва ҳоказо...

Милиция ходимининг ҳам жаҳли чиқиб, истаганингни чақир, лекин ўтказмайман, деб “тўнини тескари кийган”. Келгунимизча бу воқеа. Бизникилар вазиятни тушунтириб, уларни бир сафар қўйиб юборишини илтимос қилишган. Милиция ходими эса: “Уларни танидим, бироқ одамгарчилиги, муомаласи ёқмагани учун атайлаб ўтказмаяпман”, деган.

“Афруз” гуруҳи четроқда турар, оғзидан шоди кириб, боди чиқарди. Бунисини ўз қулоғим билан эшитганман. Кейинчалик уларнинг “ковуши тўғриланди”. Шахсий ҳаёти ўз йўлига, аммо нега иккиюзламачилик қилишади? Румий ҳазратлари айтган: “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”. Нима, улар саҳнада бошқа одам, саҳна ортида бошқача одамларми ёки? Ё телевизорга шу муомаласи билан чиқиши, ёки ҳаётда ҳам саҳнадагидек хушмуомала бўлиш керак эмасми?

Фақат “Афруз” эмас, бундайлар эстрадамизда ва кино оламимизда тиқилиб ётибди. Бири Жасур Умировми, автобусда ўрта бармоғини кўрсатадиган. Ёки ичишни ва чекишни канда қилмайдиган актёрларимизми? (Майли, ичсин, лекин ўзини билсин, ҳамма нарсани вайрон қилиш шарт эмас-ку, одам бўлгандан кейин ичади, чекади. Бу гаплар Улуғбек Қодиров, Умид Искандаров каби актёрларга тегишли.)

Майдалашиб кетяпман, майдалашмаса, бўлмаяпти. Эртага балки яна кўз кўзга тушар, майли, андишани четга суриб қўямиз. Аслида мен эмас, улар уялсин.

Ўтган йили ўтказилган “Кино ва ёшлар” форумига ўхшаган “Эстрада ва ёшлар” республика форуми ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Демак, ҳали яна кўп гаплашамиз...

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!