“Ucell”га қасида

Бу қасидани ёзишдан олдин обдон ўйладим. Ахир ўзим қарийб етти йилдан бери, яъни “Юселл” пайдо бўлгандан буён фақат битта рақам ишлатаман. Ўша пайтда энди кўзимизга яхши кўриниб, ичимизга кириб олганди-да. “Тем более” талаба эдик. Бир неча марта “Юселл”нинг “Фейсбук”даги саҳифасига ҳам пост қолдирдим. Фойдаси бўлмади. Шахсий хабар ҳам юбордим. Ҳамманинг олдида “Бизга сифат муҳим, шахсий хабар орқали маълумот қолдиринг”, деб бонг урган Алишер ҳам, Олим ҳам (иккаласи — “Юселл Веб Тим”) “топишмоқ” бўлиб қолди. Абонент тўлови ошгани, кераксиз СМСлар кўпайиб кетгани, алоқа сифати тушиб кетгани, интернет тезлиги йўқ бўлгани, мурожаатлар жавобсиз қолгани — ҳаммаси бир бўлиб, мазкур қасидага “доялик” қилишди.



“Ucell”га қасида

Бирор ким дардимни эшитмас,
Журналист қоғозда “пишитмас”.
“Юселл”нинг “мушугин пиш этмас”,
Янада кўпроғини кутинг!

Чироқлар ўчганда қишлоқда,
“Юселл”нинг ишлари чатоқ-да.
Антенна дегани камроқ-да,
Алоқа йўқроғини кутинг!

Сиқилма, оғайни, ўтади,
Бу “Юселл” “Билайн”дан ўтади.
Дунёлар тор бўлиб кетади,
Интернет нўноғини кутинг!

“Мулоқот” дегани “Одно”дир,
Бундайин “қилиқлар” жа нодир.
Билингки, барчаси алдовдир,
Хатонинг мўлроғини кутинг!

Хабарлар келади турфа хил,
Айниқса, МЧСдир дадил.
Бўлмаса, мана, менман кафил,
Саёҳат маёғини кутинг!

Тунлари бедорлик бошингда,
Нима бор, тавба, шу ёшингда?
Севгидан тилаклар қошингда,
Муҳаббат изҳорини кутинг!

Жонзотлар бизларнинг дўстимиз,
“Юселл”жон ўйлар кам-кўстимиз.
Рўйхатдан ўтказинг итимиз,
Ҳайвонот ардоғини кутинг!

Абонент тўлови ошади,
Сабримиз косаси тошади.
Жавоб йўқ, ҳамма ҳам шошади,
Қийматлар сўроғини кутинг!

Юраклар эзилди, тилинар,
Тириклай теримиз шилинар.
“Марҳум”нинг жа қадри билинар,
МТС байроғини тутинг!

Қишлоқлар майли, лек пойтахтда,
Нимага алоқа “хонтахта”?
Бўлмаса, қуринглар бир шахта,
Кўмирлар дунёсини титинг!

Гапларимиз жуда кўп айтар,
“Юселл”жон, бир таклиф — хулоса.
Аввалги сифатни бир қайтар,
Ё шартми МТС “тирилса”.

Ёзганим ҳазилга йўяман.
Албатта, “Юселл”га қўяман.
Шу ерда нуқтани қўяман,
Янада кўпроғини кутинг!

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!