Бошқа иш топинглар!

Ўзимча ҳамма нарсани биламан, истаган мавзуда танқидий фикр билдириб, уни матбуотда нашр эттираман, деб ўйлагандим эндигина ўқишга кирган пайтимда. Пойтахтга янги келганман, барча шароит муҳайё деб ўйлардим-да. Айниқса, менга ўхшаган вилоятдан келганларга бу жуда катта имкониятдек туюларди (кейин билсам, Тошкентдан кўра, вилоятларда, масалан, Андижонда, танқидий мақолалар кўпроқ эълон қилинаркан). Шу мақсад етовида ўқишга ҳам киришиб кетдим.


Илк марта ёзган мақоламни аниқ эслайман. Унинг номи шундай эди: “Кеча ва кундуз”нинг “Кундуз”и топилди”. Ўша машҳур “Кеча ва кундуз” романини ҳамма ўқиган бўлиши керак (ўқимаганларга шошилишни тавсия этаман). Мазкур роман-дилогиянинг иккинчи қисми йўқ, топилмаган эди. Ўзимча бир нима маънолар қидириб, шу мақоламни тугатиб, факультетимиздаги адабиёт кафедрасидаги ўқитувчиларга кўрсатганман. Тез орада илк мақтовни ҳам эшитганман, Муҳаббат Шарафиддинованинг (Аллоҳ раҳматига олсин) қизи Шаҳноза опа жуда олқаганди: “Оригинал мавзу топибсиз, ёзилиш услуби ҳам ёқди. Шундай мақолаларингиздан яна борми? Бўлса, беринг, ўқийлик”, деди. Хурсанд бўлдим. Лекин негадир газетага топшириш ҳақида индамади...

Иккинчи курсга ўтганимда (у пайтда “Маърифат” газетасида ишлардим) кўплаб газеталарга бориш имконияти туғилди. Йиғилиб қолган материалларимни секин-аста матбуотга тарқатишни бошладим. Аввало бир пайтлар жуда обрўли нашр саналган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га бордим. Топган мавзумни қаранг: “Ўзбек кинолари: туб савиясизлик сари йўл”. Кинога қизиқаман, рост. Гулчеҳра опа (Умарова) дегани бор эди (ҳозир ҳам бор). У ҳам роса мақтади, зўр ёзганимни, услубимни олқади. Муҳаррирга кўрсатиб кўришини айтди. Телефонини ёзиб берди...

“Маърифат”да жуда кўп нарсани ўргандим. Айниқса, таҳрир отаси Маҳмуд Саъдий ва устоз Ҳалим Саййид сабоқларини олдим. Анча теранлашдим, тарошландим ва кўп нарсани тушуна бошладим. Нима демоқчилигимни тушундингиз чоғи...

Қаерга бормай, ёзганимни мақтайди, кўкларга кўтаради, лекин газетага босишга келганда ўйланиб қолишади. Бунинг нозик томони бор-да, ука, ҳамма ҳам тўғри тушунавермайди, шунинг учун ҳозирча бир четда тура турсин, дейишарди аксарият муҳаррирлар...

Кейин билсам, улар ўзларидан қўрққан экан, цензор ўзлари экан, ўтирган жойи, курсисини йўқотишдан ҳайиққан экан. Ҳолбуки, мақола у даражада, яъни, масалан, тузумга ё давлатга қарши эмасди. Шунчаки жамиятдаги бир муаммо олиб чиқилган холос...

Аламимни факультетдаги деворий газеталардан олишга тушдим. Йўқ, бу одатдаги деворий газеталар эмасди, унда гуллар тасвири, ҳар хил расмлар бўлмасди, қўлда тайёрланмасди. Бу газеталар факультет ривожи учун хизмат қилиш мақсадида ташкил этилган эди (“Кўзгу”, “Flame” ва бошқалар”). Фойдаси бўлди. Факультетимизда янги ошхона қурилди, спорт залини таъмирлаш ишлари бошланди, зиқна ва бюрократ декандан воз кечилиб, 4-ҳокимиятни (яъни факультетдаги деворий газеталарни) қўллаб-қувватлайдиган декан сайланди... Лекин биз битиргандан кейин бу газеталар фаолияти тўхтаб қолибди...

“Ҳуррият” деб аталмиш газетамиз бор. Унга ҳам бир яхши мавзуда мақола олиб бордим. Бу мақолани бошқа газеталарда босмаслиги аниқ эди, “Ҳуррият”ни эса ўтмишида ҳуррият бўлгани учун ҳурмат қилардим. “Хизматчилик, ака” деб номланган мақолам “Чорсу” бозоридаги “кассир-мелиса”ларга аталган эди (яъни бозордаги бу мелисалар ўша пайтларда вилоятлардан келган одамларни олиб кетиб, қамаб, ишлатиб, нима хоҳласа, шуни қиларди, кейинчалик бунга барҳам берилди, мелисалар олдида тилимиз узун бўлди). Бир ҳафтадан кейин ушбу мақола “Ҳуррият” саҳифасида турибди. Хурсанд бўлдим, албатта...


Президентимиз Ислом Каримов бир маърузасида шундай деганди: “Шуни ёзсам, ўзимга душман топаман, деб ўйлайдиган журналистларга “Бошқа иш топинглар”, деган бўлардим”... Хулоса шу. Бошқа иш топинглар.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!