Хизматда бўлганлар борми?

Ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигитнинг йигитлик бурчи ҳисобланади. Жа баландпарвоз гап бўлиб кетдими? Йўқ, ростдан шундай. Армияга барибир бир бориб келиш керак. Бир йилликками, бир ойликками, армия барибир армия-да. Хизмат пайтида содир бўлган қизиқарли воқеаларни сизларга ҳам илиндим.



***
Ҳа, бизнинг давримизда армия камида икки йил бўларди, дейди биздан ёши катта отахонларимиз. У пайтлар ўтиб кетди, яхшиям. Армияда “она” бўлади, старшина. У бизни боқади, кийинтиради, хуллас, ўз ишини қилади. Қолганлари гуруҳ командирлари, взвод командирлари, батальон командирлари ва уларнинг турли йўналишдаги ўрибосарлари бўлади. Ҳар куни соат 6:00да “Уйғон!” буйруғи (ўзбекча), бадантарбия (агар жаҳлини чиқарган бўлсак, роса югуртиради-да), кейин ювиниш, ўзимизга ажратилган ҳудудларни тозалаш, сўнг нонушта ва эрталабки саф. Тушгача маънавий дарслар ўтилади, тушдан кейин армия дарслари. Табуретка қучоқлаб, кунимиз ўтади. Кечки дастурдан овқатланиш, телевизор кўриш, маданий ҳордиқ-да, албатта, “Ахборот”ни кузатиш ва унда нима айтилганини ёзиб бориш ҳам ўрин олган. Тунги уйқудан олдин кечки йўқлама ва кейин уйқу. Одатий бир кун шундай ўтади. Агар...

***

Бир куни “Жанговар ҳарбий тайёргарлик” фанида Калашников автомати ҳақида дарс ўтаётган эдик. Сержантимиз унинг хусусиятлари, отиш, йиғиш, сочиш, ўқ тезлиги кабилар ҳақида маълумот бераётган эди. Гуруҳимизда бир ростгўй аскар бор эди. Фақат у сал фаросатсизроқ эди. “Саволлар борми?” деганда у қўлини кўтарди. Сержант рухсат бергач, гап бошлади:
— Ўртоқ шержант (кўпчилик шу сўзни тўғри айтолмасди), Калашников ҳақида савол бермоқчийдим. Мен ёшлигимдан автоматга қизиқаман...
Шу ерига келганда сержант ҳушёр тортди (ўзиям жа ҳазилкаш эди):
— Ие, намоз ўқийсанми? — деб сўради бирдан, ҳамма кулиб юборди.
Аскар давом этди:
— Йўқ, проста автоматни севаман-да, ўртоқ шержант.
Шу ерида яна кулги кўтарилди. Сержант энди унинг устидан кулишга ўтди.
— Автоматни севасанми? — Аскар тасдиқ жавобини бергач, сержант уни чақирди. — Унда бугун сенга “висол” насиб қилибди. Исминг нима? — Аскар ўзини таништирди. — Яхши, ҳозир тўй қиламиз, ўртоқ аскарлар. Оддий аскар Толипов Акрам ўғли, сен АК-74га уйланишга розимисан? — Бу ёқда биз думалаб куляпмиз. — Уни доим ардоқлашга, севишга, ўз қуролингдек кўришга ваъда берасанми?
Анави аскар энди тушуниб қолди ва дарров жойига ўтирди. Сержант ҳам шу ерга келганда кулиб юборди. Шундан кейин уни Калашников деб чақирадиган бўлдик.

***

Ўша ҳазилкаш сержантимизнинг машҳур бир гапи бор эди. Аскарларни жа яхши кўрарди-да, шунинг учун доим бизни қуйидагича “эркалаб” чақирарди:
— Ўртоқ аскарлар, укаларим, жигарларим, Қуролли Кучлар фахрийлари, узоққа тупурар, алкаш, БОМЖлар!

***

Армияда илк кунларда оч қолишингиз мумкин, лекин кейин бунга кўникиб кетасиз. Ҳатто шароит зўрлигидан хурсанд ҳам бўласиз. Бир куни қўшиқ айтиб, кечки овқатга бордик, бир қатор бўлиб, ошхонага ҳам кирдик. Энди овқатга “ҳужум” бошлаганимизда команда бўлди: “Ҳамма туриб, ташқарига сафлансин!” Биз ҳайронмиз. Сабабини бир-биримиздан сўраймиз. Ўзимизча қаттиқроқ гапириб қўямиз: “Ҳали бошламадигу!” деб.
Лекин наилож, ташқарига чиқиб, сафландик. Эшитишимизча, Комбат (батальон командири) чақиртирган экан, буни старшинамиз айтди. Аммо сафланиб бўлганимиздан кейин негадир Комбатдан дарак йўқ эди. Шаҳдам қадам билан қўшиқ айтиб, ҳожатхонага бордик (одатда овқатдан кейин шу ерга олиб боришарди, чекадиганлар чекарди). Ярим соатлик вақт тезда ўтиб кетди ва биз яна сафланиб, казармага қайта бошладик. Шу пайт бир сержант югуриб келиб, бизни тўхтатди. Айтишича, Комбат келаётган экан.
Турган жойимизда “текислан”, “ростлан” бўлдик. Бўйи пастроқ Комбат аввал аскарларга, кейин сержантларга қаради:
— Аскарлар кечки овқатга боришдими?
Старшинамиз қўрқиб кетгани билиниб турарди:
— Ҳа, овқатланишди, энди казармага кетяпмиз.
Комбат энди аскарларга юзланди:
— Ҳамма овқатландими?
— Худди шундай!
Лекин 100 нафар аскарнинг овози чиқмади. Қўрққанлар жавоб берди, қолганлар паст овозда (балки ичида) гапирди. Комбат шу ердан сезиб қолди:
— Кимлар овқатланмади? Олдимга чиқсин.
Ҳамма жим. Бир Комбатга қараймиз, бир старшинага. Ҳамма нарсага чидашим мумкин, лекин очликка дош беришим қийин. Урса, бир-икки урар, жазоласа, ҳожатхонага нарядга қўяр, шуни деб оч қоламанми, дедим ичимда. Секин Комбатнинг олдига чиқдим, қарасам, менга шериклар ҳам қадам билан олдинга чиқишди. Сал кўнглим тинчиди, кўпчиликни жазолаш қийин бўлади-да. Комбат бизга қараб: “Ортга, — деб буюрди, — ошхона томон қадам бос!”, деди. Сўнгра старшинага қаради: “Ҳаммаси қорнини тўйғазсин, калланг билан жавоб берасан”, деса бўладими. Суюниб кетдик.
Ошхона олдига сафланганимизда ортимиздан старшина етиб келди. “Ҳали сенларми, мени “потстава” қиладиган? Овқатланиб олишгин, кейин гаплашаман”, деб бир қўрқитган бўлди. Иккинчи марта ошхонага кириб, маза қилиб овқатландим. Взводимиз командири капитан тепамизда турди: “Бемалол овқатланинглар, сизларда айб йўқ, бемалол”, дегандан кейин кекириб чиқдик. Ошпазлар ва командирлар ҳақига дуо ҳам қилдик.

***

Кечки йўқлама одатда “Ахборот”дан кейин бўлади. Шу дастурни кўришни бошлаганимизда Комбат ўринбосари майор кириб келди (ўша куни у масъул навбатчи эди). “Ростлан” қилиб, “эркин” дегандан кейин ўтирдик. Телевизорда Президентимизни кўрсатишаётган эди. Майор четдаги аскарга буюрди: “Ёшлар”га ол”. Ҳамма жим, нимаям дердик. Корейсча сериал кўрар эканмиз (биз-да энди). Ярим соатлар ўтгач, бизни кечки йўқламага чақиришди, майор қолди сериал кўриб.
Ҳарбий қисм командири бир йиллигу бир ойликни тўплаб, тунги уйқудан олдин давоматни текширади. Масъул навбатчилар командирга ҳисобот бериши керак. Бизнинг навбатчимиз сериал кўриш билан банд бўлгани учун сержант ўзи шаҳдам қадамлар билан қўлини чест қилиб, ҳарбий қисм командири томон отланган эди, ярим йўлда командир қайтарди: “Қолдирилсин! Қани Жовлиев? Ўзи келсин”, деди. Ўртоқ командир, у сериал кўряпти, деёлмадик, бир аскар ичкарига югурди, майорни чақириш учун...

***

Эртага полигонга чиқишимиз керак, шунинг учун бугун 21:00да уйқу, эрталаб 5:00да уйғониш. “Ахборот” ҳам кўрмай, соат тўққиз бўлмай, ҳамма жойига ётди. Рости, ўлгудек чарчаганмиз. Ҳеч қанча ўтмай, ухлаб қолдик. Фақат наряддаги навбатчилар казармани тозалаш, полларни ювиш билан банд. Взвод командиримиз, капитан эса сериал кўряпти...
Нимадир бўлдию, фақат бизнинг гуруҳга “подём” берилди. Оббо, ким яна нима қилди, деб ғудраниб, ўрнимиздан қўзғалдик. Капитан сериал кўраётганидан бехабар эдик, ғала-ғовурни эшитиб, ўртадаги коридордан овоз келди:
— Гапни йиғиштириб, коридорга сафлан!
Капитанни энди кўрдик, ҳамма апил-тапил турсик-майка билан сафланди. Тўғриси, капитан жуда қаттиққўл эди. Кўзимиз капитанда, у эшик тагига боришни қўли билан имо қилиб тушунтирди. Тушундик, сериал қизиб қолибди. Эшик олдида навбатчи аскар форма билан тик турибди. У бола бизнинг гуруҳдан. Секин пичирлаб, нима бўлганини ундан сўрадик. Маълум бўлишича, ўртоқ капитан сигарет чекиб, сериал кўраётган бўлган. Сигаретни чекиб тугатгач, янги артилган полга ташлагиси келмаган (кули ҳисобмас). Эшик олдида турган навбатчи аскарни чақириб, қолдиқни деразадан ташлаттирмоқчи бўлган. Қоидага мувофиқ, бизга шундай ўргатишган ҳар ҳолда, эшик олдида турган аскар қимир этмаслиги, жойидан жилмаслиги керак. Ҳатто Комбат келиб, уни қил, деб буюрса ҳам, индамагин, деб ўргатишган, синаётган бўлади, дейишган-да. Капитан аскарни чақирган, аскар аввалига индамаган, иккинчи марта чақирганда қўрққанидан “Узр, ўртоқ капитан, менга жойимдан жилиш мумкин эмас”, деб юборибди-да. Капитан унинг гуруҳини сўраган, навбатчи сержантни сўраган, гуруҳ эшик олдига сафланишини буюрган.
Бу воқеани эшитиб, уйқуси бузилган аскарлар уни пичирлаб сўкиб кетишди. Навбатчи сержант келди: “Нега бунга гапирасанлар? У тўғри қилган, фақат ўзбекчиликни унутган. Хўп, деб борсанг бўлмасмиди?” То капитан сериалини кўриб бўлгунча тик оёқда турдик. Охири ўртоқ командир келди-да:
— Ҳозир бошқаларга халал қилмай, кийинасанлар, ташқарига чиқасанлар, мен сенларга нима мумкину, нима мумкинмаслигини ўргатаман, — деди-да, яна чеккани ташқарига чиқиб кетди.
Ана энди тамом бўлдик. Ҳамма ухлаб ётибди, биз эса ташқарида, худо билади, нима қиламиз. Хуллас, кийиниб, тайёр бўлдик. Сержантимиз келиб: “Ҳозир ҳамманг узр сўрайсанлар, мен кўндирдим”, деди. Капитан кириб келди, қўлида кола, бизга қаради:
— Эртага полигон, майли, бугун кечирдим. Полигонда гаплашамиз сенлар билан. Ўнгача санайман, ҳамманг ечиниб, жойингда ётибсан. Агар бирортанг улгурмасанг, яна қайта кийиниб, қайта сафланасан. Вақт кетди, бир, икки...
Ҳаммамиз “учиб” кетдик. Ҳар ҳолда ечиниб-кийинавериб, ас бўлиб кетганмиз. Капитан саккизгачаям санамади, ҳамма ёқ жим-жит...

***

Эҳ-ҳе, хизматда жуда кўп ҳангомалар бўлди. Барчасини ёзолмайман. Сиз ҳам эриниб қоласиз. Ҳозирча бори шу, яна эсимга келганда қоралаб қўярман. Айтганча, Ватанимга хизмат қиламан!

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!