Ҳожибой Тожибоев қайтганда... Ёхуд бир тийинга қиммат “Дизайн”

(Узр, “ёхуд” деб сарлавҳа қўйишга мажбур бўлдим.) Жонга тегди. Яна шу мавзуда пост ёзаманми? Роппа-роса бир йилча олдин “Миллион” жамоасининг бачканаликларини блогга туширгандим. Кимгадир ёқмаган, кўпчиликка эса хуш келган. Лекин ўша пайтда “Дизайн” омон қолганди. Борса-келмас бўлиб кетган “Миллион”дан хулоса қилармикан, деб ўйлагандим. Начора, энди навбат уларга. “Заказ” шунақа.


Ўзларини “Дизайн” театри деб атаб олган бир гуруҳ масхарабозлар ҳар йили концерт беришга одатланди. Масхарабоз сўзини ҳақорат сифатида қабул қилманг, мен ростини айтдим. Саҳнага чиқиб олиб, турли қилиқлар, овозлар ва гаплар билан одамларни мажбурлаб кулдириш фақат масхарабозларга хос. “Дизайн” жамоасининг асосий 4 йигити (агар шундай аташ жоиз бўлса) ор ва номус нималигини билмас экан, мен сизга айтсам. Йўқ, уларнинг бачкана ва чойхонабоп ҳазилларини мисол қилиб келтирмайман. Буни ўтган йили ёзганман, улар ҳам ўшалардан кам эмас.

Мени бошқа муаммо қийнаяпти. Ўзимизча мақтанамиз, буюк халқнинг авлодларимиз. Тўғри, аждодларимизнинг буюклиги вақт ўтгандан кейин билинган, тан олинган ва таъкидланган. Айтишадию, “ўлдинг — азиз бўлдинг”, деб. Ҳозирги ёшлар орасида буюклар йўқми? Бор, албатта. Фақат уларни кўра билиш ва энг кераклиси, тўғри йўналтира олиш керак. Пойтахтдаги деярли барча ўсмиру ёшлар мана шунақа “Дизайн”ларнинг “қули” бўлгандан кейин, яна нимани ҳам кутиш мумкин? Кўрдингизми, ҳурматли “Дизайн” жамоаси, сиз нафақат бачканалик қиляпсиз, балки ўткинчи бир-икки миллион учун келажак авлодни, шу жумладан, фарзандларингиз онгини заҳарлаяпсиз. Бунинг учун жазо олишингиз керакми? Керак!

Нималар деяпман ўзи? Ота-онаси, опа-сингиллари, қизларию аёллари олдида шармсиз ҳазилларни чўчимасдан айтадиган, бир туки ҳам қимир этмасдан катта саҳналарни булғаётган пул қулларига бундай чиройли, нима дейишарди, баландпарвоз гаплар билан таъсир қилиб бўларканми? Ахир улар билишмайди — пул қўлнинг кири, кўзнинг ёғи эканини ёки билишни истамайдилар. Улар учун бугунги куни ўтса бас, охиратини ўйламас.

Ахир айб фақат уларда ҳам эмас. Ўзимиздаям бор. Шу концертларга тушамиз, фарзанду сингилларимиз, укаларимиз ва ота-оналаримиз учун чипта сотиб оламиз. Жа бўлмаса, дискини харид қиламиз. Нима, яна тошбўрон қилинг, дейишим керакми? Э, менга нима? Уларга лицензия бериб қўйганлар шуғуллансин.

Бу ҳақда нимага ҳозир ёзяпсан, дейишингиз мумкин. Ўринли савол. Ўзим ҳам ҳайронман, лекин илҳом тинчлик бермади. Айнан шу пайтда, яъни 2015 йил 10 август куни соат 00:56да шуни ёзишга ундади. Менга нима зарил? Аммо ичимдагини тўкиб солмагунча ухлолмайман, буни биламан. Бир ижодкор одам айтганди: ҳикоя (мақола ҳам шеър) тўлғоғи ёмон, ундан халос бўлмагунингча қутулолмайсан.

Яхшиямки, Ҳожибой Тожибоевнинг ўрнини босишга уринаётган Аваз Охун чиқиб қолди. Мана, биз излаган, истаган ва ўйлаган кулгига мисол. Бу сафар “тириги”. Шу қизиқчига омад.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!