“ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ” ТУРКУМИДАН: “MY5” телеканали фақат Тошкентда кўрсатади

Иложи бўлса, шу ерда ҳам кўрсатмасин! Хафагарчиликсиз!

2014 йил декабрь ойидан иш бошлаган “Менинг юртим” телеканали ҳозирча фақат Тошкент шаҳри ва вилоятида эфирга кетяпти. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциациясига қарашли мазкур телеканал нодавлат мақомини олган бўлиб, унда асосан ёшларбоп кўрсатувлар ва дастурлар бериб борилади. Шу дастурлар ҳақида озроқ тўхталиб ўтаман.


“MY5” телеканали ҳозирда Тошкент шаҳрида оммалашиб бормоқда. Ёшларбоп дастурлари, қўшиқлари (матни билан), ўзбек фильмлари ва жаҳон фильмлари премьералари билан эътиборга тушишга ҳаракат қиляпти. Барча дастурлар ҳақида тўхталишдан олдин телеканал фаолиятини назорат қиладиган бадиий кенгаш тузилганини эслатиб кетсам. Шерзод Ғуломов раислигидаги бадиий кенгаш ёшларга салбий таъсир кўрсатмайдиган, бачкана дастурларнинг эфирга чиқмаслигини назорат қилади. Аслида ҳам шундайми?

“Сирдошлар” кўрсатуви. Тўрт нафар “журналист” ёки бошловчи бир шоу-бизнес вакилини ўртага олиб, унга “саволлар” беришади. Бу саволлар савияси ўша “журналист”лар савияси билан ўлчанганда анча пастлиги билинади. Умуман, бу кўрсатувнинг мақсади нима? Ўша артистни кўкларга кўтаришми ёки танқид қилишми? Ҳозирча на униси, на буниси. Лекин биринчи вариантга кўпроқ урғу берилиши бор гап.

“Салом-шоу” лойиҳаси. “Ҳақиқат детектори”нинг ўзбекча вариантига ўхшатишмоқчи бўлган. Яъни тақлид бор. Лекин бунда ҳам мақсад мавҳумлигича қолган. “Ҳақиқат детектори” экан, ўша шоу-бизнес вакилини танқидий саволларга кўмиб ташлаш керакмасми? Ёки шу йўл билан “оммавий маданият”нинг янги тарғиботи қилиняптими? Ахир ўша хонандаларнинг бу “маданият”га қараб кетаётгани камми?

“Саккизинчи синов” лойиҳаси. Юқоридагиларга ўхшаган, мақсад жиҳатдан, яна бир кўрсатув. Бунда ҳам артистларнинг рекламаси кетади. Устига-устак, кўрсатувлар мунтазам эфирга берилмайди ва энг кераклиси, воқеалар уюштирилади. Аксар ҳолларда такроран намойиш этилади. Ҳартугул “Топ-дизайнер” деганидан қутулдик-ку (агар яна пайдо бўлмаса).

“Парвоз завқи” кўрсатуви. Бу энди олдиндан мавжуд лойиҳа, юқоридагиларга нисбатан яхши ўйлаб топилган. “Пичоққа илинадигани” ҳозирча шу бўлиб турибди.

“Бугун нима овқат?” лойиҳаси. Ном зўр топилган, баракалла! Аммо яна ўша “бошловчи” масаласи бунга ҳам тааллуқли. Ўша Ҳусанжон яхши актёрдир балки, лекин бошловчилик одобига риоя қилмайди баъзан. Аслида-ку шевада гапириш MY5” телеканалининг барча “бошловчилари”га тегишли. Равон нутқ эса бу каналда жуда дефицит.

“Нон-стоп” лойиҳаси. Ёшлар учун мўлжалланган кўрсатув. Юқоридаги муаммолар буларга ҳам дахлдор, лекин лойиҳани ривожлантирса бўлади. Яхши ўйланган.

“Ladies Show”, “Согдиана” каби бир пулга қиммат лойиҳалар ҳақида ёзмайман! 

“MY5 news” информацион дастурлари. Буниси сал мақтовга арзийди, лекин бошловчилик нуқтаи назаридан эмас, балки тезкорлик ва ўзига хослик бўйича. Ҳар ҳолда давлат телеканалларидан кўра, янгироқ ва тезкорроқ фаолият олиб боради. Бироқ хабарлар сифатига эътибор бериш лозим. Кераксиз янгиликлардан (масалан, брейк данс, “оммавий маданият”ни тарғиб қиладиган шунга ўхшаш репортажлардан) йироқ бўлиш керак. Нодавлат дегани бунга йўл қўйиш дегани эмас. Бўлмаса, бадиий кенгашни ҳам олиб ташлаш керак, барибир фойдаси деярли билинмаяпти.

Клиплар. “Оммавий маданият”ни тарғиб қилишда “етакчилик” қилаётган клипларни эфирга узатишда “MY5” телеканали ҳам “Наво”дан қолишмаяпти ёки аксинча. Тушунаман, буёғи пулли масала, пул ҳаммага керак. Айтишларича, кундузи клип айлантириш кунига 60 доллар, кечки прайм-тайм эса 120 доллар экан. Эшитдик-да. Демак, бу ерда ортиқча танқидий фикрга ҳожат йўқ, чунки танқидимни уларга етказиш учун менда на 60 ва на 120 доллар бор. Хуллас, уёғини ўша бадиий кенгаш ҳал қилсин (агар ҳал қилиб улгурмаган бўлса).

Реклама. Нодавлат телеканал бўлгандан кейин хоҳласа, кўрсатув ўртасида 10 марта беради шу рекламани, истаса, клиплар ичида ҳам қўйиб бераверади. Ахир бу ерда ҳам пул асосий “ижрочи”, ҳатто шу клиплардан ҳам анча фойдалироқ. Томошабин фикри, унинг асаблари билан ҳисоблашилмайди.

Умуман олганда, бу канал аксар ҳолларда шоу-бизнес вакиллари тарғиботи билан шуғулланади. Рекламада ҳам, реклама роликларида ҳам, дастурларда ҳам шу артистлар. Четдан кўрган одам Ўзбекистон келажаги шулар қўлида экан, деб ўйлаши ҳам мумкин. Артистлардан бошқа соҳа одамлари йўқми?

Хуллас, MY5” телеканалининг ижодкорларига яхши маслаҳат. Агар телеканал фаолиятини республика бўйлаб ёйишни истасалар, бу услублардан воз кечишсин. Артистларни мақтаб, телеканал барака топиши қийин. Артистлар учун мақталадиган жойлар бор, тадбирлар ва лойиҳалар етарли. “Наво” телеканалининг “Хаёл манзили” деган яхши кўрсатуви бор (“Наво”да ҳозирча шу кўрсатув мақтовга лойиқ). Мана шу кўрсатувни юқоридаги барча “кўрсатувлар”дан минг карра устун қўяман. Менимча, айрим артистлар ҳам шу кўрсатувга чиқишга қўрқиб туришса керак. Шу йўлдан кетинглар, барака топгурлар! “Юлдузларимиз”ни кўкларга кўтариб, уларни талтайтирганимиз, қилғиликларига янада эркинлик берганимиз қолади холос.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!