“ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ” ТУРКУМИДАН: “Яшашни истамайман”

Тахминан бир йилча олдин содир бўлган ушбу воқеани сўзлаб бермоқчиман. Янада таъсирли чиқиши учун ўзимнинг ёки яна кимнингдир тилидан эмас, айнан ўша янги туғилган чақалоқ забонидан, унинг номидан ёзаман. Бу шунчаки миямда ғужғон ураётган пўртанасифат ўйларим холос.


Оила қуриш масъулиятидан кўпчилик қўрқади, кимлардир дангасалик қилади, бошқалар ҳали оила бошлиғи бўлишга тайёрмаслигини рўкач этади. Лекин уйга келин тушгач, онасининг қувонганини туйган йигитдан бахтли одам бўлмайди. Чунки ота-онага невара керак...

Тирноққа зор қилмасин ҳеч кимни. Фарзанд кўролмаётганлар қанча, боласи бўла туриб, уни боқолмаётганлар, ундан-да ёмони, аржуманди билан яшашни истамаётганлар ҳам топилади орамизда. Лекин фарзандли бўлишни кутмаган ота, 9 ой қорнида кўтариб, хоҳ қиз, хоҳ ўғил, минг азобда дунёга келтирган онадан бахтиёр инсон йўқ бу оламда.

Демак, чақалоқ дунё юзини кўрди. У кўзини очиб улгурмасидан йиғлашга тушади. Аллоҳнинг карамини қарангки, инсон зотига энг керакли ҳиссиётни, ҳолатни у туғилиши билан тортиқ этади. Унинг ҳамма ёғи шалаббо, атрофида қанақадир одамлар гирдикапалак, бироқ йиғлашдан тўхтамайди у. Нимага? Унинг қорни оч, ахир эндигина туғилди. Буни қарангки, биринчи навбатда кўкрак сути гўдакни овутади.

Энди озгина ролга киришамиз, йўқса, мақсадимизни сизга етказишда бироз мушкулотга йўлиқишимиз мумкин. Фараз қилинг, уч кунлик ҳалиги чақалоқ ҳамма нарсани тушунади, фақат онгида, гапириб беролмайди. Эшитади, ўйлайди, фикр юритади. Мана, ҳозир ҳам беланчакда ётволиб, шифтга, деворларга тикилиш билан овора. Бу нима экан? Анави ғўнғир-ғўнғир қилиб ўтирган икки инсон менинг ота-онам бўлса керак, ўйлади у. Қизиқ, нималарни гаплашаётган экан, у қулоғини динг қилади.

— Мунча кўп пул сўрамасанг? — деди жаҳлдор эр. Уни ҳам тушуниш керак, ойликка яшайдиган янги оила бошлиғи.

— Вой, анави туғдирганга палонча, ёнида ёрдамлашиб турганга мунча, болага уч кундан бери қараётган ҳамширага шунча беришимиз керак. Бундан ташқари, манави дориларни обкелинг, дейишяпти, — дея зорланди янги келин оилавий аҳволини билиб, йиғлагудай.

— Нима? Кеча шунча дори обкелгандиму! Пулни шипирволяпманми сенларга?! — дея бадтар тутоқди эр. — Шу туғдирганларга бериш шартми? Ўзини ишию, ойлиги бор бир дунё. Бир оиладан олмаса, олмабди-да!

— Вой, унақа деманг. Боламга қарамай қўйишади. Ахир доим ёнимда ётмайдию, ўзим эплайман, десам. Ҳар хил уколлар қилиб, касал юқтириб қўйишиям мумкин.

Эр жаҳл билан ғудраниб чиқиб кетди. Чақалоқ ҳайрон, менинг туғилишим шу қадар муаммоми ҳали? Ота-онамни хурсанд кўраман, десам, уларни муаммолар гирдобига ғарқ қилиб қўйибман-ку. Бу оқ кийимлилар бунча оч бўлишмаса!..

Эртаси куни эр қаердандир пул топиб келди. Чақалоқ онасининг бағрида қорин тўйдириш билан банд. Ота уни эркалагандек бўлди, кейин гап бошлади:

— Мана, дорилар, айтган пулинг, тушлик. Тушликни ўзинг ерсан, ҳеч бўлмаса, — деди зарда қилгандек.

— Вой, ўзимни эримдан, раҳмат. Яна қарз олдизми? — дея хотин хўжайинига тикилди, жавоб олмагач, давом этди: — Ўзиз-чи? У-бу нарса еволинг сизам. Пулиз борми?

— Битимга ейман!

Чақалоқ ўқчиб, бир-икки йўталди. Хотин унга чалғиди.

— Бугун жавоб беришадими? Сизга лимузинми, жипми шартмасми? Камералар бўлмаса, йиғламайсизми? — сўради эр истеҳзо билан. — Қўшнимиз Толиб аканинг “Матиз”ини айтиб қўйганман. — деди-да, чиқиб кетди.

Чақалоқ онага тикилди. У деразадан ташқарига боқиб, нималарнидир ўйлаб ўтирарди. Онажон, сизни ҳозирдан йиғлатдимми, ўйлади гўдак. Туғилишим шунча машмаша бўлса, нега унда ҳамма мени интиқлик билан кутади? Айб кимда? Мендами, ота-онамдами ёки жамиятда?

Бу гўдак келажакда яна уни нималар кутиб турганини билмайди. Ёш оилага ёрдам сифатида чақалоқ камида бир ёшга тўлгунча бериладиган пулнинг йўқлигини (бола пули ҳаммага ҳам берилмайди) билса, фарзанднинг ҳоли не кечади? Оилада фақат эр ишлайди, хотин туғруқ таътилида, лекин бола пули учун ҳисоб-китоб қилинганда шу биргина эркакнинг ҳам маоши кўплик қилади. Бола секин-аста катта бўлади, боғчага бориш керак. Унга ҳам қанча чиқим сарфланади! Сўнгра ука ёки сингил келади, яна худди шу тартибда...

Бола туғруқхонадан чиқаркан, шуларни хаёл қилдию, ота-онасига раҳми келди. Хўрлиги тутиб, бор овози билан чинқириб йиғлади. Атрофидагилар унинг туйқус йиғисидан ҳайрон қолишди. Эмизмоқчи бўлишса, кўнмади, кўтаришди, бўлмади, ҳар нима қилишди, йиғидан тўхтамади у. Чунки бу беш кунлик гўдак бу беш кунлик дунёга сиғмаётганди. У энди яшашни истамасди...

Илова. Бу ҳикоянинг Тошкент шаҳар 1-сон перинатал марказига алоқаси йўқ.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!