Чексам ҳам, чекмасам ҳам...

У кўп чекмайди. Онда-сонда эрмак учун сигарет тутатиб туради. Ўзи озғинлиги туфайли кўпчилик унга сигаретнинг зарари ҳақида гапираверади. Гоҳ ҳазил, гоҳ жиддий аралаш.


Баъзида узоқ сафарга отланганида ҳамроҳлари билан суҳбат қизиган пайти шу қусурдан гап очилгач, у ҳам бир-икки чекиб туришини айтади. Ҳамроҳлар дарҳол унга қарайди-да, “ўзи озғин экансиз, нима қиласиз чекиб?”, дея гоҳо ичида, гоҳи ташида фикp билдирган бўлади.

Ёки ишхонасида ҳам шу ҳолат. Бирор ҳамкасби унинг чекиб турганини кўриб қолса, дарров насиҳат ўқишга тушади. Буниси ҳам баъзида ҳазил, баъзан жиддий тарзда. У бунақа гапларга ўрганиб кетган ва унчалик эътибор бермайдиган бўлган.

Айрим пайтларда жаҳл отига миниб турган бўлса, бунақа оҳангдаги насиҳатлар ёқмайди. “Сенга нима, чекаманми-йўқми? Озғинманми ё семиз, нима ишинг бор? Пачкалаб чексам ҳам майлийди”, дегиси келади. Аниқроғи, шу пайтгача шунақа ўйда юрган эди. Лекин бир куни таксида кетаётганида...

Эрталаб ишга шошилиб, таксига минди. Орадан бир неча дақиқа ўтди, у ўз хаёллари билан банд, ҳайдовчи эса ким биландир гаплашишни истаб, унга бир-икки қараб қўйди. Садо чиқавермагач, суҳбат бошлашнинг доимий усулларидан бири бўлган ибора унинг тилидан чиқди:

— Оғайни, мабодо чекмайсизми?

Унинг хаёли бўлинди. Нима десин, чекаман, деса, бу ҳам насиҳат ўқиб, ақл ўргатса-чи, балки сигарет сўрамоқчидир. Сўраганда ҳам ёнида йўқ-ку барибир. Шунинг учун “йўқ” деб жавоб берди ва қутулдим, деб ўйлади. Ҳайдовчи ўзига ўзи гапираётгандай минғирлади:

— Шунинг учун ҳам озғин экансиз-да...

У индамади. Нима ҳам дерди, бунақа муносабат биринчи марта бўляпти, олдин фақат акси эди. Манзилга етгач, сигарет сотиб олди-да, чексам ҳам, чекмасам ҳам, озарканман, деб босиб-босиб сигарет тутатди.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!