Хокисорлик намунаси

Адашмасам, бундан 9 ё 10 йиллар олдин уйимизда қайсидир деворни лойсувоқ қилаётган эдик. Укаларим билан. Аввалига лой қориб, уни яхшилаб “пишитдик”, кейин сомон аралаштирдик. Сомон билан сувоқ яхши ушланади. Буни сувоқ қилганлар яхши билишади. Хуллас, қўлларим лой, турсикчан ишга берилиб ишлардим.

Кечга томон дадам ишдан вақтлироқ қайтди. Бир ўзи эмас, қанақадир ўзига ўхшаган бўйи узун, мўйлов қўйган бир киши билан кириб келди. Биринчи навбатда, жавлон уриб ишлаётган ўғиллари, яъни биздан ҳол-аҳвол сўради. Одатдагидек. Икки укам девор тепасида эди, каттаси лой суваётган, кичиги лой ўйнаётганди. Мен эса лой етказиб берувчи эдим. Унчалик банд бўлмаганим учун дадам билан кўришишга бордим. Салом бериб, билагимни тутдим, қўлим лой бўлгани учун. Кейин меҳмон билан кўришишга иккиланиб қолдим. Ахир қўлим лой, салом бериб, индамай қайтиб кетсам ҳам, ноқулай бўлади.

Меҳмон бу ҳолатни дарров пайқади ва ўнг қўлини узатди: “Келинг, уста ака, биз кўришаверамиз”, деди. Мен дадамга қарадим. Отам меҳмоннинг таклифи жиддийлигини билиб, менга қаради: “Ке, болам, меҳмон билан сўраш, сеники таварик”, деди.

Ана ундан кейин дадил бориб, лой қўлимни меҳмонга узатдим, у қўлимни маҳкам сиқиб кўришди. Дадам дарҳол унинг қўлига сув олиб келишимни айтди. Меҳмоннинг қўлига сув қуйгач, иккаласи меҳмонхонага кириб кетишди...

Кейинчалик у одам кимлиги билан қизиқдим. Дадам “Анжонлик шоир, яхши шоирлардан”, деди. Исми ҳам ўзига хос экан. Анча йиллардан сўнг, Тошкентга келгач, у одам ҳақида кўп эшитдим, кўп учрашдим, устоз деб мурожаат қиладиган бўлдим. Ўша пайт (лой қўлим билан сўрашган даврда) ўғил фарзанди йўқ экан. Энди эса ўғил фарзандли ҳам бўлди, вазир ҳам бўлди. Илойим, устознинг йўлини берсин бизга ҳам!

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!