“Исён қилаётган” “Биринчи одам” ёхуд “Ғарбнинг виждони”га айланган “Бегона”
47
ёшида Заҳириддин Муҳаммад Бобур эришганчалик муваффақиятларни бошидан
ўтказмаган бўлса-да, Франциянинг ўтюрак файласуфи ва ёзувчиси Албер Камю 47
йиллик қисқа умри давомида сезиларли ва залворли ишлар қилиб улгурди. Буни
қарангки, унга ҳатто “Ғарб виждони” дея ном ҳам беришди. 44 ёшида адабиёт
соҳасидаги хизматлари учун Нобель мукофотига лойиқ кўрилди. Аслида унинг ижоди
сири нимада эди? Келинг, бугун шу ҳақда гурунглашамиз.
Аввало,
Камю ҳақида озроқ маълумот бериб ўтсак. Қаҳрамонимиз 1913 йилнинг 7 ноябрь куни
Жазоирнинг Мондови деган жойида “Сан-Пол” фермасида француз ва жазоирликлар
оиласида дунёга келади. Унинг отаси, келиб чиқиши элзаслик, Люсьен Камю Биринчи
жаҳон уруши пайтида оғир яраланиб, 1914 йилда ҳалок бўлади (кўриниб турибдики,
ота-бола бир-бирининг дийдорига тўя олишмаган). Онаси Кутрин Сантэ, келиб
чиқиши испан, Алберь ва унинг акаси билан Жазоирдаги Белкур аталмиш ҳудудга
келиб, бувисининг уйида жуда ночор аҳволда яшай бошлашади. Кутрин оила боқиш
мақсадида аввалига фабрикада, кейинчалик фаррош бўлиб ишлайди.
Камю
10 ёшга тўлганида мактабдаги меҳнат ўқитувчиси унинг онаси ва бувисига Алберни
лицейга ўтказишни маслаҳат беради. Лицейда болакай спортнинг футбол тури билан
жиддий шуғуллана бошлайди ва Жазоир университетининг “Расинг” жамоаси ёшлари
таркибида доимий майдонга тушади. Унинг таъкидлашича, спорт тушкунлик ва
ночорликдан чалғитувчи ва қутқарувчи асосий омил бўлиб хизмат қилади. Лекин бу
бахтиёрлик дамлари узоққа бормайди. 1930 йилда Камю сил касаллигига чалинади ва
ўқишини ҳам, спортни эса бир умрга ташлайди (аммо футболга муҳаббати сўнмайди).
Бир неча ой санаторийда дам олиб, даволанганига қарамасдан, узоқ йиллар бу
касаллик асоратидан қутулолмайди. Кейинчалик соғлиги ёмонлиги туфайли лицей дипломини
ҳам ололмайди, ҳарбий хизматдан ҳам қолиб кетади.
1932-1937
йиллар давомида Камю Жазоир университетида таҳсил олиб, фалсафани чуқур
ўрганади, кўп китоб ўқийди, кундалик юритади, эсселар ёзади, шунингдек, А.Жида,
Ф.Достоевский, Ф.Ницшени мутолаа этади. Камю у ерда ёзувчи ва файласуф, ёш
Албернинг ижодига бефарқ бўлмаган ўқитувчи Жан Гренье билан дўстлашади.
Қолаверса, йўл-йўлакай, у иш ва касбларини ўзгартиради: ўқитувчи, эҳтиёт
қисмлар сотувчиси, Метеорология интститутида ёрдамчи. 1934 йилда Камю 19 ёшли
ғайриоддий банги бир қизга уйланади (1939 йилда ажрашади). 1935 йилда бакалавр
дипломини олгач, 1936 йилнинг майида унга фалсафа йўналишида магистр бўлиш
насиб этади. Айни шу пайтлардан бошлаб, “Бахтли ўлим” қиссасини ёзишга
киришади. Шу билан бирга абсурдизмга ҳам аралашиб қолади. Кьеркегор, Шестов,
Хайдеггер, Ясперс асарларини қунт билан ўрганади, А.Мальронинг “ҳаёт
бемаънигарчиликлари” ғоялари билан танишиб чиқади.
1936
йилда у “Меҳнат театри”ни ташкил қилади. Кейинчалик унинг номи “Жамоавий
театр”га айланади. Достоевский асари асосида “Ака-ука Карамазовлар” спектаклини
намойиш этиб, унда бош ролни – Иван Карамазов ролини ўзи ўйнайди. 1937-1939
йиллар давомида қаҳрамонимиз Франция, Италия, Марказий Европа давлатларига
саёҳат уюштиради. 1937 йилда ўша давр эссечиларининг “Ботин ва зоҳир” номли
эсселар тўплами нашр этилади.
Университетни
битиргач, Албер Жазоир маданият уйига раҳбарлик қилади, 1938 йили “Соҳил”
журнали бош муҳаррири бўлади. Сўнгра сўл радикалчилар (қисман демократик реформалар
ўтказишни талаб қиладиган сўл буржуа партияларининг тарафдорлари) газеталари бўлмиш “Жазоир репюбликен” ва “Суар репюбликен” нашрларига
бош муҳаррирлик қилади. Бу икки газета ҳам Иккинчи жаҳон уруши бошлангач,
ёпилиб кетади. Лекин Камю ижод қилишдан тўхтамайди, айниқса, эссе ва
публицистикага катта эътибор қаратади. 1938 йилда “Никоҳ аҳди” китоби нашрдан
чиқади. 1939 йил январида ўша машҳур “Калигула” пьесасининг биринчи варианти
тайёр бўлади.
Орадан
бир йил ўтиб, “Суар репюбликен” фаолияти тўхтатилгач, Камю бўлажак рафиқаси
Франсин Фор билан, маълумоти бўйича математик, ўзлари ўқитувчилик қилиб юрган
Оран шаҳарчасига келишади. Икки ойдан сўнг эса Парижга учиб кетишади...
Парижда
ҳам улар узоқ туришолмайди. “Пари-суар” нашрида техник муҳаррирга айланган Камю
у ерда ҳам тарафкашлик ғоялари учун ишдан бўшатилади. Лекин бу шаҳарда ўзига
кейинчалик мислсиз шон-шуҳрат келтирган “Бегона” асарини ёзиб тугатади (1940
йил майда). Ишдан кетгач, Парижда яшашни истамай, яна Оранга қайтиб келиб,
маҳаллий мактабда француз тилидан дарс бера бошлайди. 1941 йил февралида эса
яна бир асар ўз ниҳоясига етади: “Сизиф ҳақида афсона”.
Тез
орада Албер Камю яна Парижга қайтади. Энди аксилҳаракатчилар ташкилоти “Комба”
аъзоси сифатида бу кўҳна шаҳарда пайдо бўлади. 1942 йилда “Бегона”, 1943 йилда
“Сизиф ҳақида афсона” нашрдан чиқади. 1943 йилдан “Комба” газетасида ҳарф
терувчи сифатида иш бошлаб, бош муҳаррир даражасигача кўтарилади. Ўша йилнинг
охирларида “Галлимар” босмахонасида иш бошлайди (умрининг сўнгига қадар бу
босмахона билан ҳамкорликни сақлаб қолади). Бу вақтда у ўз замонасининг машҳур
файласуфи ва драматурги Сартр билан танишади, унинг спектаклларида қатнашади
(Камю саҳнада “Дўзах — бу бошқа масала” иборасини илк марта қўллаган). 1944
йилда Камю “Ўлат” романини ёзиб битиради (1947 йилда нашр этилади). Бундан
ташқари, Камюлар оиласида эгизаклар дунёга келади: Жан ва Катрин.
Урушдан
кейин Албер “Комба”да ишини давом эттиради, ўзига шуҳрат келтирган асарларини
чоп эта бошлайди. 1947 йилда сиёсий қарашлар қурбонига айланган Камю “Комба”дан
кетади, лекин энди у машҳур бўлиб улгурган эди. У турли нашрларга публицистик
мақолалар ёзишга тушади (кейинчалик бу мақолалар “Бугунги куннинг долзарб
хотиралари” номи остида 3 томлик китоб шаклида нашр қилинади). Шунингдек, у
“Қуршовда қолганлар” ва “Тақводорлар” пьесаларини ҳам тугатади.
1951
йилда анархистларнинг “Либертер” журналида Камюнинг одам ички ва ташқи
дунёсидаги зиддиятлари акс этган “Исён қилаётган одам” асари босилади. Бу асар
анча муҳокамага сабаб бўлади. Айниқса, Сартр бошчилигидаги танқидчилар уни ер
билан битта қиладилар. Бироқ сўл радикалчиларнинг аксарияти уни қўллайдилар,
айниқса, Жазоир уруши пайтида Камю янада машҳур бўлиб кетади. Унинг ижодий
меҳнатлари самарасини кўриш пайти келаётган эди. 1956 йилда “Инқироз” қиссаси,
бир йил ўтиб, “Қувғинлик ва подшоҳлик” ҳикоялар тўплами нашрдан чиқади. Ниҳоят
1957 йилда Албер Камю “адабиётга қўшган улкан ҳиссаси, инсоният виждонини
ёритиб тургувчи асарлари учун” халқаро Нобель мукофотига лойиқ кўрилади. У
бунга муносиб эди...
1960
йили 4 январь куни Провансдан Парижга қараб йўл олган, Париждан 102 километр узоқликда
жойлашган, Ле Пети Шомон ва Вильнёв-ла-Гвийар шаҳарлари орасидаги 6-миллий
шосседа ҳаракатланаётган “Фасел-Вега” автомобили издан чиқиб, ҳалокатга
учрайди. Машинанинг ичида дўсти Мишель Галлимар билан уйига қайтаётган Албер
Камю ва унинг оиласи бор эди. Ёзувчи ўша ондаёқ жон беради. 13 соату 54
дақиқадан кейин ҳалокатдан хабар топган шаҳарча мэрлиги уни касалхонага олиб
келишади. Мишель Галлимар икки кундан кейин шифохонада вафот этади. Камюнинг
рафиқаси ва қизи тирик қолади. Машинадан ёзувчининг шахсий буюмларидан ташқари,
“Биринчи одам” романининг тугалланмаган қўлёзмаси ва фойдаланилмаган темир йўл
чиптаси топилади. Албер Камюни Франциянинг жанубида жойлашган Люберон
ҳудудидаги Лурмарене қабристонига дафн этишади...
2009
йили Франция президенти Николя Саркози Камюнинг ҳокини Пантеонга кўчиришни
таклиф қилади, лекин ёзувчининг қариндошлари бунга розилик беришмайди...
Камюнинг
“Бегона” асари бутун дунёда мислсиз шуҳратга эришади. Айниқса, унинг абсурдизм
билан реализм аралашмаси билан “суғорилгани” уни мутолаа этишга чоғланган
кишини янада ўзига ром этади. Қамоқда ўтирган асар бош қаҳрамони оламга шу
қадар соддалик ва шу билан бирга, лоқайдлик билан назар соладики, ҳатто у
онасининг вафоти ҳақидаги хабарни шунчаки, ҳар кунлик юмуш сифатида қабул
қилади, бу ҳақда дарак бергани кирган одамга қорни очгани ва унга егулик олиб
келишини айтади. Бу фанда абсурдизм, яъни Камю ривожлантириб кетган янги
йўналиш ҳисобланади.
Шунингдек,
Камю ўзини худосиз деб ҳисобламаса-да, унинг “Сизиф ҳақида афсона” қиссаси
катта танқидга учрайди. Айниқса, Сартр бошчилигидаги танқидчилар уни худосизга
чиқариб қўйишади. Чунки “Сизиф ҳақида афсона”да худо вафот этгандан кейин
худосиз ҳам бу бемаъни ҳаёт давом этавериши хусусидаги ғоя илгари сурилган.
Малкольм МакДауэлл Калигула ролида, 1979
Ана
энди яна бир шоҳасар — “Калигула” пьесаси (ўзбек тилига Наби Жалолиддин таржима
қилган) ҳақида гаплашамиз. Калигула — қадимги Римнинг золим императорларидан
бири. Бироқ Камю унинг золимлиги ҳақида ҳеч нима ёзмайди. Ҳар бир одамнинг
дилида, юрагининг тубида сақлаган, яширган бир сири ёки орзуси бўлади. Асарда ана
шу нарса тасвирланган. Яъни Калигула императорлигидан фойдаланиб, нафақат худо
бўлишга уринади, балки Ойни ҳам олишга интилади. Марҳамат, парча келтирамиз:
“Калигула. Топиш мушкул бўлди.
Геликон. Нимани топиш?
Калигула. Излаган нарсамни.
Геликон. Нени излагандинг?
Калигула (аввалгидек жўнгина). Ойни.
Геликон. Нимани?
Калигула. Ҳа, ойни излагандим.
Геликон. Ҳм-м... (Жимлик. Яқинроқ
келади.) Нечун?
Калигула. Шунчаки... У менда йўқ нарсалардан бири холос.
Геликон. Тушунарли. Хўш, энди ҳаммаси жойидами?
Калигула. Йўқ, уни ушлолмадим.
Геликон. Афсус.
Калигула. Ҳа, шунинг учун ҳам толиқдим...”
Калигула тимсоли эркни, муҳаббатни севадиган, дунёдан
тўйиб кетган ва салтанатдан безор бўлган шахс. Унга қарши чиқиб ҳам бўлмайди,
мадҳ этиб ҳам, мақсадга етолмайсиз. Чунки унга тинчлик ва эрк, шахс эркинлиги
керак. Яна бир мисолни кўрсак:
“Калигула (қари зодагонга). Салом, ойимча! (Қолганларга.) Херея, сеникида бироз дам
олмоққа қарор қилдим. Муций, хотинингни таклиф этмоқни ихтиёр этдим.
Девонбеги қарсак
чалади. Қул пайдо бўлади, бироқ Калигула уни тўхтатади.
Калигула. Бир дақиқа! Жаноблар, сизларга маълумки, бу одатга анчадан буён
ўрганиб қолганимиз учунгина давлатимизнинг молиявий аҳволи чидаб турибди. Лекин
кечадан бошлаб энди ҳатто одатлар ҳам ёрдам бермаяпти. Шунинг учун
хизматчиларни қисқартириш каби ўта ачинарли бир заруратга мурожаат этишга
мажбур бўлмоқдаман. Шубҳасиз, сиз қадрлай оладиган фидокорлик руҳида мен сарой
харажатларини озайтиришга, қуллардан баъзиларини озод қилиб, уларнинг ўрнига
сизларни олишга қарор қилдим. Ўриндиқларни қўйиб, дастурхон тузашга киришинг.
Сенаторлар саросимада
бир-бирларига қарайдилар.
Геликон. Қани, жаноблар, озгина эзгу ниятингизни намойиш этинг-чи. Бунинг
устига, ижтимоий пиллапояда кўтарилишдан кўра тушиш осонроқ, бунга амин
бўласиз.
Сенаторлар
истаб-истамай, ўз жойларини тарк этадилар.
Калигула (Цезонияга). Норози қулларни
қандай жазолашади?
Цезония. Менимча, қамчи билан уришса керак.
Сенаторлар шошиб қолишади
ва уқувсизлик билан столларни қўя бошлашади...”
Камюни тушуниш қийин, бир мартада буни удалай олмаймиз. Камюни англаш
осон, бир қарашда буни эплаш мумкин. Чунки унинг асарларини ўқиган одам ўз
характеридан келиб чиқиб, хулоса қилади. Одамларнинг характерлари эса
бир-бирига ўхшамайди.
Comments
Post a Comment