Шоир ва ёзувчи Наби Жалолиддиннинг расмий сайти ишга туширилди
Замонавийлашган даврда интернет ҳамма жойни
банд этиб келмоқда. Истаган одам интернетда ўзининг шахсий саҳифасини очиши,
ижтимоий тармоқларда фаолият юритиши мумкин. Бу энди давр талаби. Қолган
умримизни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шу маънода адабиётда ҳам эврилиш
пайти аллақачон етиб келган.
Шу кунгача www.ziyouz.com интернет портали жаҳон ва ўзбек
адабиётининг модерн ва классик намуналарини бериб келмоқда. У ердан исталган
турдаги ва жанрдаги адабиётларни топишингиз мумкин. Шунингдек, он-лайн
антологияни ҳам айнан “зиё”чилар ишга туширишган. Қолаверса, устоз Тоҳир
Маликнинг ҳам интернетда расмий саҳифаси мавжуд — www.tohirmalik.uz. Ундан ташқари, Хуршид Давроннинг ҳам сайти бор. Бу сайтларда адибларнинг ижоди ва ҳаётига
хос барча маълумотларни топишингиз мумкин.
Яқинда шоир ва ёзувчи Наби
Жалолиддиннинг ҳам расмий сайти ишга туширилди — www.nabijaloliddin.uz. Сайтда адибнинг ҳикоялари,
қиссалари, романлари, достонлари, шеърлари, романлари жой олган. Веб-сайт 3та
тилда яратилган бўлиб, замон талабларига ҳар томонлама жавоб беради. “Ассалому
алайкум, ҳурматли дўстим, мухлисим, танишим ёхуд нотанишим! Тараққиётнинг энг
замонавий намунаси бўлмиш Интернет орқали Сиз билан кўришиб турганимдан
мамнунман. Қарангки, ё тавба, шу кунларга ҳам етдик. Ҳозир китоб чиқариш қийин
(кимгадир осон). Умуман, китобга муносабат ҳам ўзгарди. Энди биз билган
Толстойнинг, Горькийнинг ва ҳоказо... Ойбекнинг, П.Қодировнинг жилд-жилд
асарларини бир бошдан варақлаб ўтирган одамга ишониш қийин. Интернетнинг эса ўз
оҳангжамаси бор — бу ахир Интернет!..” деб ёзилади сайтнинг кириш қисмида.
Наби Жалолиддиннинг Иблис тилидан
ҳикоя қилинувчи “Қурб” номли роман-монологи ҳам модерн адабиётда ўзига хос из
қолдиради. Ушбу романнинг ўзбекча ва русча вариантлари сайтдан жой олган. Шунингдек,
адибнинг Умар Хайём ҳаёти ва ижодига бағишланган “Оралиқ” (“Хайём”) романининг
тўлиқ версияси ҳам жойлаштирилган.
Бундан ташқари, шоирнинг Рауф
Парфига аталган “Уф-фф!”, Дукчи Эшон қўзғолонига бағишланган “Фатво”, қолаверса,
“Акахон” ва “Чиптасиз одамлар” достонларини ҳам ушбу сайтдан ўқишингиз мумкин.
Сайтда
жаҳон адабиётида ўзига хос из қолдирган француз файласуфи ва ёзувчиси Альбер
Камюнинг “Калигула” пьесасининг ўзбек тилидаги варианти билан ҳам танишиб
чиқишингиз мумкин.
Ёзувчининг
4та қиссаси: “Болалар”, “Йиғи”, “Ковак” ва “Мажнун” қиссалари ҳам ўрин олган.
Comments
Post a Comment