ҲАММА ҲАМ “БЕГОНА” БЎЛАВЕРМАЙДИ... (Эссе)


Болалигимда кўз очиб кўрганим, мени кўз қорачиғидек асраб, мени суйган опоқдадам (мен шундай деб атайман) энди бу дунёда йўқ. 22 май куни у киши омонатини топширди... Нима ўзгарди, дерсиз. Дунё ўз жойида турибди, ҳаёт эса давом этяпти. Лекин...

***

Биласизми, опоқдадам мени “Болдирим” деб эркалатарди. Ўзлари гавдали, жуда катта одам эдилар. Кичкина бўлганим учун шундай кўрингандир балки. Ўша пайтларда ҳатто сонига ҳам тенг келмас эканманми, мени “Болдирим” деб чақирарди...

***

Овози момақалдироқдек, кўзлари чақмоқдек эди. Ахир бекорга маҳалла оқсоқоли бўлмаганлар. Босган изларидан ўт чақнарди. Булар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Ростдан ҳам юрганда ер зирилларди. Қаерга борса, қўни-қўшнининг нимаики муаммоси бўлса, бир зумда ҳал қилиб берарди.

***

Менга ҳақиқий тўппонча совға қилган биринчи ва энди охирги одам опоқдадам бўлади. Чунки бошқа ҳеч ким тўппончани совға сифатида бермаса керак. Ҳақиқий тўппонча эди. Рулетка. Вазни ҳам оғиргина, икки қўллаб кўтарардим. Албатта, ўқлари йўқ эди. Лекин ёш бола учун бу жуда катта тортиқ эди. Ошналаримга мақтаниб чиққанман, ҳатто қўрқитганман ҳам...

***

Тошкентдан ҳар сафар уйга борганимда, албатта, бувим ва опоқдадамни ҳам йўқлаб келардим. Уларнинг дуоси ва тарбияси билан шундай юрибман ахир. Уйи ҳам жуда катта, товуқлар сероб, моллар ва қўйлар ҳам етарли. Томорқада ҳамма мевадан бор. Саҳнда эса узумнинг барча туридан мавжуд...

***

Охирги марта Андижонга борганимда (2-7 май кунлари) уларникига ўтолмадим. Ҳар не сабаб келтирсам, бари баҳонага ўтиб кетади. Ва шу онда мен ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим! Ўзимдан ўзим нафратланиб кетдим! Ахир касалхонада ётганини эшитгандим-ку! Бир оғиз ҳол сўраб борсам, асакам кетармиди?! Ё бирор жойим тешилиб қолармиди!!!

***

Мана, ўша пайт ғанимат бўлган опоқдадам энди йўқ. Кеча шу хабарни эшитдиму, қотиб қолдим. Нима қилишим керак? Одатда яқинларим қазо қилганда (бунгача аям томонидан бувим ва опоқдадам қазо қилишганди) унчалик қайғурмагандим, ҳатто кўзимга ёш келмаганди. Балки ёшроқ бўлганим учундир, балки табиий қабул қилгандирман. Лекин кеча ичимдан бир нима отилиб, бўғзимга тиқилди. Ишхонада эдим, ўзимни аранг босдим. Бўғзимга тиқилган нарса алам билан кўзимдан тизилди...

***

Бугун янги тонг отди. Янги ҳаёт бошланди. Камина асло нолимоқчи эмасман. Аксинча, сиз ҳали бахтлисиз, шуни айтмоқчиман. Сизнинг бобонгиз ва бувингиз ҳали ҳаёт. Уларни тириклигида ғанимат билинг. Вақт топиб, албатта, йўқлаб келинг. Улар жуда хурсанд бўлади, ғариб кўнгли тоғдек кўтарилади. Сиз ҳам жуда енгил тортасиз...

***

Кеча бир яхши гап эшитиб қолдим: “Бордию кулиб юрмасам, бардошим етмайди”. Мен ҳам шу шиорга амал қилишда давом этаман. Айниқса, бу бевафо, сал эгилсанг, “тепиб” кетадиган замонда фақат кулиб юринг. Бу ҳолатингизни кўрган ёмон одамлар ичларидан зил кетсин.

***

Боя ўкириб йиғламоқчи бўлганимни айтдим. Ахир мен ҳам оддий одамман. Ҳамма ҳам Албер Камюнинг “Бегона”си каби бўлолмайди. Ахир йиғлаш инсонга хос ягона хислат. Уни қадрлаш, пайти келганда йиғлаб олиш керак. Ҳеч кимга билдирмаган ҳолда. Кулишни билган одам бахтлидир, аммо йиғлай оладиган одам икки карра бахтли! Йиғлашни билмайдиганлардан Худо асрасин!

***

Яқинларингизни ғанимат билинг...

Заҳириддин

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!