ХОЛИСЛИКНИ ЎРГАТИШ УЧУН АВВАЛ “ХОЛИС” БЎЛИШ КЕРАК! Ёхуд Андижонда журналистика қай даражада?


Баҳорнинг охирги ойи арафасида ишимдан рухсат олиб, уйга бир ҳафтага дам олишга келдим. Келишимнинг асосий сабаби бошқа нарса эди. Ҳозир эса ўз юртимнинг журналистикаси ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман.

Аслида бунга олдиндан ҳаракат қилган бўлсам ҳам, лекин “ўзингдан чиққан балога” дейишмасин дегандим. Лекин бу сафарги воқеа ошиб тушдики, энди буни қоғозга тушириб, Интернет ва керак бўлса, матбуот аҳлига етказмасам бўлмай қолди. Демак, энг аввало Андижондаги журналистика ҳақида қисқача.
Андижонда 3та: Андижон давлат телевидениеси, “Водий садоси” ёшлар телерадиокомпанияси ва “Тараққиёт” телеканали фаолият олиб боради. Андижон давлат телевидениеси расмий бўлгани учун қониқарли даражада иш юритади, десам бўлади. Бошқаларнинг фаолиятини ёритганимда нима демоқчилигим янада аниқлашади.
“Водий садоси” ёшлар телерадиокомпанияси ва “Тараққиёт” телеканали эса шунчаки, яъни асосан пул учун очилган телеканаллардир. Уларда кун бўйи турли фильмлар ва қўшиқлар намойиш этилади, шунингдек, “Нейшнл Жўгрефик”, “Энимел Планет”лардан “олинган” ҳужжатли фильмлар сони ҳам анчагина. Энг ёмони, ҳозирда барча хусусий каналларда бўлгани каби СМС хизматлари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бундан икки канал фақат бекорчилар учун яхшигина томоша экан, деган хулоса келиб чиқади. Яна ҳам аниқроғи, ахборий, маънавий ва маърифий дастурлар йўқ ҳисобида. Табиийки, журналистикадан асар ҳам бўлмайди бундай шароитда (яхши маош беришсаю, олий маълумотли журналистлар ишга жон деб келади, лекин улар учун гапга чаққон, башараси чиройлироқ одам бўлса, уларни арзонгаровга ишлатса).
Радиоканаллар ҳақида ҳам шундай “илиқ” гапларни ёзиш мумкин. Андижонда “Дийдор ФМ” ўрнига НРТ радиоси иш бошлабди. Шунингдек, “Юлдуз ФМ” ва Фарғона водийси учун алоҳида "Водий садоси" радиоканаллари мавжуд бўлиб, улар ҳам бежурналистик фаолият олиб боришмоқда (бу нарса ҳозир Тошкентда ҳам авж олган, чунки бу ерда пул турибди). Шунинг учун радиоканаллар хусусида тўхталиб ўтирмайман (барибир фойдаси йўқ демоқчиман).
Ва ниҳоят ОАВнинг асосий бўлаги бўлмиш матбуотга ҳам етиб келдик. Андижонда энг оммабоп газеталар 2та (адади бўйича ҳисоблаганда): Андижон вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Андижоннома” (адади 12 422 дона), “Холис” масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги “Холис” (адади 11 362 дона) газеталаридир.
Савия жиҳатдан таҳлил қилинганда “Андижоннома” анча “тош босади”. Чунки бу газета, биринчидан, ҳафтада икки бор (чоршанба ва шанба кунлари) чиқади. Иккинчидан, унда маънавий ва маърифий, асосийси, информацион хабарлар ва мақолалар, куннинг долзарб муаммолари муҳокамаси ҳамда кераклича танқидий руҳдаги материаллар ҳам чоп этиладики, бу муштарийларнинг меҳрига сабаб бўлади. Энг кераклиси, профессионал журналистик ёндашув бор. Лекин ёш кадрлар масаласи сал чатоқроқ (бу ерда ҳам шу гап, агар яхши маош тўлашса...)
Ана энди асосий “нишон”га ҳам етиб келдик. Бир пайтлар “Холис” деган газетада юқорида келтирилган барча шароитлар муҳайё эди. Ҳатто унинг машҳурлиги Андижон чегарасини ҳам ҳатлаб ўтганди. Айнан шу газета биринчилардан бўлиб “Шайтанат” романини босишни йўлга қўйган. Газета 1996 йил 26 апрелдан чиқа бошлаган ва унинг асосчилари профессионал журналистлар эди. Ўша пайт унинг шуҳрати чексиз эди...
Энди-чи? Ҳозир нима ўзгарган? Ҳозир жуда кўп нарса ўзгарибди. Келинг, бир бошдан бошлайман. Газета номи лотин ёзувида (ҳозир ҳамма газета шундай, бунга эътироз йўқ), газета қачондан чиқа бошлаганини билдирувчи сана тўғри ёзилган, яъни йил ва сана чизиқча билан (лотин ёзуви қоидаси бўйича). Лекин ҳар ҳафталик сана эса негадир бу қоидага “бўйсунмаган” (масалан, 2012 yil, 22 aprel). Майли, майдалашмай...
Эътиборимни тортган энг асосий жиҳат газета мухбирлари йўқлиги бўлди. Бирор саҳифасида “Холис” мухбири” деган ёзувни кўрмадим. Ё булар шунчалик “камтар”, ёки газетанинг мухбирлари йўқ. Эслатиб кетай, қўлимда газетанинг 2012 йил 2 май (18-(832) сони турибди. Варақлашда давом этаман. Газетанинг 2-3-бетлари асосан юрт янгиликларига бағишланиши керак. Лекин “Холис”нинг бу саҳифаларида маърифий ва дам олиш (аслида бундай дейишга ҳам ярамайди) мақолалари (мақола эмас) бор экан. Бир томонида “Улуғ неъмат” (майли, буни кириш сифатида тушунамиз) мақоласи, кейин “Гиёҳвандлик – таназзуллик”, “Омонат давлат”, “Рабғузий қиссалари”га 2-3-бетларда нима бор?
4-бетга ўтаман. “Қутлов”, Наби Жалолиддин туғилган куни муносабати билан қутлов ҳамда “Хайём” романидан парча беришибди (буни рукн ўрнига “Романдан парча” деб ёзган жойидан билдим). “Қутлов”ни ўқишга тушаман: “...Набижон оғир болалик йилларини бошидан кечирди. Боз устига Афғонистон жанггоҳларидаги ҳарбий хизмат уни том маънода қалами кескир шоир қилиб етиштирди...” Бу қутловми ёки ҳамдардлик хати? Бу одамнинг шоир бўлишига Афғон уруши сабабчи эмас!
Яна давом этаман, ҳали энг даҳшати олдинда. “...Наби Жалолиддин ўзини насрда ҳам синаб кўра бошлади...” Юқорида насрий асарлари ҳам санаб ўтилганди. Аввал шоир бўлиб, кейин ёзувчи ҳам бўла қолай деган экан-да. “Қутлов” тагига “Таҳририят” деб имзо қўйилган экан. Дарров таҳририят аъзоларига қарадим: бош муҳаррир таниқли ёзувчи Қамчибек Кенжа, унинг ўринбосари Восит Аҳмад экан! Во ажаб! Улар ё Наби Жалолиддинни танишмайди, ё...
Майли, бу ҳам ҳолва. “Қутлов”дан кейин “Хайём” романидан парча кетяпти: “Ўн биринчи боб, 1”. Ие, қисм қани? Роман 3 қисм, ҳар бир қисми 11 бобдан иборат. Булар “бошсиз чавандоз” қилиб қўйишибди. Майли, бош муҳаррир ёки унинг ўринбосари “сезмай” қолгандир!
Парчани ўқий бошлайман ва охирида (газетада берилган парчанинг охирида) даҳшатга тушаман: “...Одамизот яшар экан, шаҳарлар қуриб, сувлар чиқариб, китобат битиб, бир сўз ила айтганда, тумаддунга эришар экан, у ибтидодан, яъни ўз аслидан йироқлашиб бораверади. Асил сурату сийратидан мосуво бўлади. Унинг фожеаси ҳам шунда. Не этмасин, янги-янги урфлар, қоида ва тақиқлар пайдо бўлаверади-да, аслидан жудоликка маҳкум...”
Айнан шу ерда “парча” тугатилган. Ундан кейинги ўша парчанинг давоми негадир “сиғмай” қолган, саҳифанинг бир устуни “01” огоҳлантиради” бўлиб турибди. Романни ўқимаган одам бу “парча”ни мутолаа этгандан кейин қандай хаёлга боради? Ёзувчи ҳозирги қурилишларга қарши эканми, деб ўйлайди. Ие, шошма, бу романдан парча экан, давоми бордир, демайди! Таҳририятнинг эътиборсизлиги ёки ўз ишига масъулиятсизлиги билан матбуот орқали бу оммага сингдирилмоқда.
Келинг, тушунишингиз учун ушбу “парча”нинг “сиғмай қолган” давомини келтирсам: “...Ҳақ дин келди. Ҳотамул анбиё юборилди. Саодат замони оламга ёруғлик сочди. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар соҳада умматларига ибрат бўлдилар. Не яхши нимарсага эришмасин, бошқаларга илинди. Ҳар қандай ҳукмни адолат ила чиқарди. Шул боис ҳам кишилар ул зоти муборакка эргашдилар ва тинчу осуда, хотиржам яшадилар. Оллоҳнинг суюкли Пайғамбаридан сўнг эса... Ой сайин, йил сайин турфа одатлар, айрилишлар пайдо бўлиб бораверди. Суннат ва шариат аҳкомларига замон уламоларининг таъмаю манфаатлари аралашди. Шариатда пайдо бўлган ҳар бир янги қоида, фатво кимларнингдир нафси учун хизмат қила бошлади. Оқибатни эса кўриб турибмиз.
Хайём ўшанда Ғаззолийга бир ҳикоят айтиб берганди…”
Мана, асил моҳият қаерда? “...Шаҳарлар қуриб, сувлар чиқариб, китобат битиб, бир сўз ила айтганда, тумаддунга эриш”иш Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврига қадар бўлган ҳаракатлар ҳисобланади, яъни ҳамма ўз билганича ҳаёт кечирган пайтлар. Наҳотки шу жойини “қолдириб” кетиш шунчалик осон бўлса?! Буни англамаслик учун одам энг камида ўқимаган бўлиши керак.
Бундан ташқари, газетада имло хатолари “ғижиллаб” ётибди (масалан, www.holis.uz сайтининг ёзилиши ва бу сайт ишламаётганини ҳам эслатиб кетай). Газетанинг асосий қисмини “ҳикоялар” эгаллаган (“Ҳордиқ” бўлиб кет), яхшиям, 16 саҳифадан иборат холос! Айтганча, ТВ дастурлари, сканворд ва мунажжимлар башорати ҳам четда қолмаган. Ахир буларсиз газета савдоси юришмайди-да…
Кейин газетанинг шиори эътиборимни тортди: “Дили покнинг нияти холис” ёхуд “Нияти холиснинг дили пок”. Шиорни шунчаки эслаб ўтдим холос. Бир нимани маълум қилишни истардим. Камина буни бирор кимнинг “буюртмаси”га биноан ёзмадим. Биринчидан, бундай ёшдан ўтганман (ёки ҳали бу ёшга етмадим), иккинчидан, мен ўз касбимга хиёнат қилмайман ва қалбим буюрганини бажараман!
Бу фикрларим билан кимларгадир нимадир қилмоқчи эмасман, шунчаки сиз далада эмассиз, ишингизни кузатаётганлар ҳам бор, демоқчиман. Юртбошимиз Андижонга алоҳида эътибор бераётган бир пайтда биз ёшлар жим қараб туролмаймиз! Андижон ривожи учун ҳиссамизни қўшишни истаймиз! Илтимос, пасткашлик, майдакашлик, нопрофессионаллик билан журналистикадек улуғ ва оғир касбни ҳақорат қилманг! Ундан кўра бозорга чиқинг, ёшларга жой беринг! Барибир бу курсида абадий қолмайсиз!
Бу хитоблар, менимча, бошқа вилоятларга ҳам тегишлидир. Лекин буни ўша вилоят блогерлари ёзсин! Кутиб қоламиз!

Заҳириддин,
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати
Марказий Кенгаши аппарати
Матбуот маркази етакчи мутахассиси

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!