“ИККИ МЕРСЛИК” ЧАҚАЛОҚ МАШМАШАСИ (Ҳангома)


Жияним фарзандли бўлибди. Эшитиб жа хурсанд бўлдим. Тўғри-да, ҳамма ҳам ота бўлиб кўрсин, кейин билади. Туғруқхонага шошилдим. Бечора бола отасиз ўтган, мендан бошқа яқини йўқ. Келинни туғруқхонадан чиқаришга бош қош бўлишим керак-да энди.

Ҳозир шунчаки олиб чиқиб кетишмас экан у ердан. Йўқ, нотўғри тушунманг, пул беришни айтмадим. Алламбало машиналар, камералар, қариндош-уруғлар керак экан, хуллас, яна тўй қилгандек бўларкансиз. Майли энди, биттаю битта жияним яйраса, яйрабди-да.
Ҳаммасини гаплашиб бўлдим. Иккита узун “Мерс”, лимузинми, шундан, битта камера тушгача етиб келишларини айтишди. Унгача қолганларни йиғиб, тайёрланиб туришимиз керак экан. Хўп, дедим-да, туғруқхонага келдим. Ана, хотин ҳам, қизчалар ҳам, аммасию холаси ҳам келишибди. Ҳамма жамулжам, фақат асосий “меҳмонларимиз” кеч қолишмаса бўлди. Ана, камерачи йигит ҳам пайдо бўлди. Энди келиннинг чиқишини кутсак, унгача машина ҳам келиб қолади.
Йўқ, камерачининг ғавғоси кўп экан-ку. Репетиция қиламиз, дейди. Нима, театрда роль ўйнамаяпмиз-ку. Чиройли чиқармиш. Майли энди, нимаям дердик. Аввалига аммаси ва холаси қўлига гулдаста ушлаб, икки қизча билан йўлакчадан юриб келишади, у эса съёмка қилади. Камерачи йигит аччиқлана бошлади, жа асабий бола экан ўзи. Бошқатдан оламиз, дейди, кулворишибди. Мошинлардан ҳали ҳам дарак йўқ негадир. Атрофга одамлар йиғилиб, бизни томоша қилишаётганини энди сезибман. Бир хижолат бўлиб кетдим.
Шу пайт туғруқхона эшигидан ёш рус оиласи чиқиб келди. Аёлнинг қўлида чақалоқ, ёнида эри қўлида гул билан. Улар жуда хурсанд, секин бизга қараб қўйишди. Уларнинг нигоҳларидан ҳайрат ҳиссини англаш қийин эмасди. Кейин эр мийиғида кулдию “Че за идиотизм?”, деб йўлида давом этди. Қарасам, на бир машина бор, на бир ортиқча одам, камера-ку умуман йўқ. Йўлка бўйлаб пиёда кетиб боришяпти. Бизнинг устимиздан кулдими? Ие, аҳмоқ дедими?
Камерачи йигит ҳамон репетиция ила банд эди. Туғруқхона эшигидан мўралаб турган каллани энди пайқаб қолдим. Келиним қўлида боласини кўтариб, репетиция тугашини кутиб турган экан бояқиш. Бояги ўриснинг гапи ва келиннинг чақалоқ билан сарсон бўлиб тургани жаҳлимни чиқарди. Бор заҳримни хотинга, камерачига сочиб юбордим:
— Йиғиштир-е камера-памерангни! Юр, мени оласан. Келинни обчиқаман, камерангни тайёрла. Менга репетиция-пепетиция керакмас, ўзим яхши актёрман. “Мерс”ларинг ҳам ўзларингга буюрсин! Шундоқ пешком кетавераман. Тайёрмисан?
Ҳамма жим. Ҳамма ҳайратда. Ростданам айтганимни қилдим. Келинни обчиқиб, пиёда кетиб қолсам бўладими. Ҳе ўргилдим “Мерс”ингдан! Камера эмиш-а. Эсиз, шунча пул. Кулги бўлганимиз қолди холос.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!