Жиноят ва жазо ёхуд айбдорлар жазоланиши шарт!


Хуллас... Мақола бошини “хуллас” билан бошлайман, деб ўйламагандим. Нима бўлганини ҳамма жуда яхши билади. Эслатиб ўтириш шарт эмас. Энди фақат келажак ҳақида қайғуриш лозим. Оҳ-воҳдан фойда йўқлиги маълум. Биз нима қиламиз? Яъни журналистлар энди нима қилади? Уларнинг қўлидан бировни жазолаш келмайди. Улар фақат воқеани таҳлил қилиб беради, айбсиз ва айбдорни топади, тамом!



Биз ҳам шундай қиламиз. Бош айбдор — аслида футболимиз тақдирига бефарқ ва лоқайд бўлган барча мутасаддилар ва жавобгар шахслар. Бунга Ўзбекистон футбол федерациясидагилар ҳам, миллий терма жамоамиздагилар ҳам бирдек дахлдор. Ҳар қандай жиноят (ёки айб иш) жазосиз қолмаслиги керак. Бу азалдан шундай бўлиб келган.

Бирламчи, Мираброр Усмоновни нимадир қилиш керак. Менимча, шу гапнинг ўзи етади. Уни нимадир қилиш лозим. У бундан бошқа гапга арзимайди. Аниқроғи, энди арзимай қолди. Мана, неча йилдирки, мундиал орзуси билан яшамоқдамиз. ЎФФ эса бизни, ўзбек халқини туяга чиқариб қўйди. Туя ҳаммомни орзу қилибди. Яхшиси, бирор тузукроғини қўйиш керак.

Иккиламчи, Асқар Толибжонов деган кимсани энди ҳамма қарғаса керак. Энди ҳеч ким ўз фарзандига Асқар деб исм қўймаса керак. Толибжоновнинг ҳали ҳам ўз лавозимидан озод этилмаганидан билса бўладики, демак, ё унинг ЎФФга ўтқазиб қўйган “жойи” бор, ёки ЎФФнинг унинг олдида тили қисиқ ери бор. Хуллас, бунда ҳам ЎФФ айбдор.

Учламчи, Миржалол Қосимов. У обрўсининг борида кетмади. Шу ишини хато қилди. Унга раҳм қилишимиз керакми? У футболчи сифатида футболимизни осмонга олиб чиққанди, лекин мураббий сифатида шу қадар қаттиқ қуладики, суякларигача зирқираб кетди. Орзулар, режалар чилпарчин бўлди. Бор обрўси сочилиб кетди. Унинг биринчи марта термадан кетиши эмас. Олдин ҳам индамаганмиз. Энди бу сафар жавоб берсин!

Тўртламчи, футболчиларимиз. Уларда ҳам қисман айб бор, аммо улар юқоридагиларнинг касрига қолишган. Юқоридагиларнинг айблари футболчиларни ҳам тортиб кетмоқда. Энди жаҳон чемпионати улар учун (баъзиларига) армон бўлиб қолади.

Бешламчи, бизнинг футболимизга ЯНГИ ҚОН керак! Ҳар томонлама! Бу мақола асло ҳиссиёт натижасида ёзилмади. Ҳар ҳолда бир ухлаб турдик. УХЛАДИК! Демак, ҳаёт давом этмоқда. Хулоса ўзингиздан, ўзларидан. Хуллас...

Заҳириддин

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!