Есенин илҳомлантирган Сергей

“Юз ўгирдими, демак, севмаган”, деган эди бир пайтлар жуда машҳур бўлган актёр Висоцкий. Умуман, рус санъатида бир қанча яхши актёрлар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Рус адабиёти эса ўзига яраша салмоққа эга. Бугунги бизнинг қаҳрамонимиз асли ташқаридан қараганда адабиётга алоқаси йўқдек, лекин унинг ички дунёси, у ижро этган роллар ва образлар унинг адабиётга нақадар ошно эканини исботлайди. Пушкин ва Есенинни ижро этиш ҳазилакам иш эмас, ахир улар ҳар иккиси икки хил дунё. Демак, бир бошидан бошлаймиз.


Актёр, бастакор, қўшиқчи, ҳажвчи ва рассом Сергей Безруковни кўпчилик жуда яхши танийди. Айниқса, у “Бригада” сериалидаги Саша Белий образи орқали анча машҳур. Сергей Россия халқ артисти (2008) бўлиб, у “Бригада”, “Участка”, “Уста ва Маргарита”, “Есенин” каби сериаллар, “Азазель”, “Адмираль”, “Оналар”, “Пушкин. Сўнгги дуэл” сингари фильмлар ва “Ревизор”, “Тентак” спектакллари орқали элга машҳур.


Сергей 1973 йили 18 октябрда Москва шаҳрида туғилган. Унинг отаси — актёр ва режиссёр Виталий Безруков (1942 йилда туғилган) Москва сатира театрида ишлайди, онаси Наталья Безрукова (Сурова, 1950 йилда туғилган) эса уй бекаси. Виталий севимли шоири Сергей Есенин шарафига ўғлига Сергей деб исм беради. Балки шу пайтда унинг пешонасига Есенин ролини ўйнаш ёзилгандир...

Ёш Сергей Москвадаги 402-мактабда ўқийди, у отасининг ишхонасига кўп боради ва болаликдан отаси сингари бўлишни орзу қилиб келади. Ўрта мактабни битиргач, 1990 йилда Москва бадиий академик театри(МБАТ)нинг “Театр ва кино актёри” факультетига ўқишга киради. 1994 йилда Олег Табаков қўлостида ўқишни битиради. Шундан кейин унинг ижодий фаолияти бошланади. Айниқса, “Бригада” сериалидан кейин у машҳур бўлиб кетади. Ҳатто бир муддат (1994-1999 йиллар) “Қўғирчоқлар” дастурида (НТВ канали) бир қанча персонажларга овоз беради ҳам.

Сергей “Бригада” фильми съёмкаси кетаётган пайтларда Ирина Безруковага уйланади. У ҳозирги кунгача 100га яқин кино ва театрда роллар ижро этиб улгурди. Энг қизиғи, унинг роллари бир-бирига сира ўхшамайди. Ҳар хил фильмда турли қиёфада намоён бўлади. Аслида актёрнинг маҳорати ҳам шунда билинади. У ҳатто “Ералаш” болалар киножурналида (143-қисмида) ҳам роль ижро этган. Ва ниҳоят 2005 йилда унинг ва отасининг орзуси ушалади.


Шу йили ўтюрак рус шоири Сергей Есенин ҳақидаги киносериал суратга олинади. Ундаги бош ролни ижро этиш учун Безруков танланади. Фильмни ишлашдан мақсад эса Есениннинг ўлимига ойдинлик киритиш бўлади. Режиссёр бу борада бир қадар мақсадига эришади. Ҳозиргача ҳам баъзи манбаларда Есенин ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзилади. Лекин бу фильмда барчаси борлигича кўрсатилган. Бироқ фильм руслар томонидан суратга олинганини ҳисобга олсак, қандайдир манфаат бўлиши мумкин. Аммо сериалда келтирилган айрим далиллар шоир ўз жонига эмас, балки шоир жонига суиқасд эканига ишониш мумкин.

“Есенин” фильмида Безруков шоир ролини моҳирлик билан ижро этганини алоҳида қайд этиш керак. Айниқса, унинг барча ташвишлардан чарчаб, ўз она қишлоғига боргандаги қишлоқ манзаралари, халқнинг унга бўлган меҳру муҳаббати, кенг далаю мовий осмон пейзажлари фильмда алоҳида тасвирланган. Бундан ташқари, шоирнинг Россиядаги ва чет элдаги фаолияти, ёру дўстлари, оиласи, мухлислари ҳақидаги кадрлар, актёрнинг ёниб шеър ўқишлари, америкалик машҳур раққоса Айседора Дункан билан оташин севги қиссалари ҳам фильм ижодкорлари томонидан батафсил ва моҳирона кўрсатилган.


Ўтган асрнинг охирларида айнан Есенин ўлимига аниқлик киритишга бел боғлаган бир олимнинг сирли тарзда ҳалок бўлиши ҳам фильм сюжетининг янада қизиқарли чиқишига хизмат қилган. Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Есенин ўзи билан деярли бир замонда, бирин-кетин деса ҳам бўлади, яшаган яна бир машҳур шоир Александр Пушкинни ўзига устоз деб билган, уни жуда ҳурмат қилган. Буни фильмдаги бир эпизоддан ҳам билиб олса бўлади. Ҳаёт ташвишларидан чарчаган Сергей Александрович Есенин айланиб юриб, ғойибона устози Александр Сергеевич Пушкиннинг ҳайкали олдига боради. Шунда атрофда бир фотограф пайдо бўлиб, шоирни шоир билан суратга тушишга таклиф қилади ва: “Александр Сергеевич, Сергей Александрович, жилмайинглар!” дейди. Безруковнинг Пушкин бўлиши ҳақида ҳам алоҳида тўхталамиз.

“Есенин”дан кейин бир йил ўтиб, Сергей Безруков “Пушкин. Сўнгги дуэль” фильмига таклиф қилинади. Унда шоирнинг Дантес билан муносабатлари ва руҳий кечинмалари, шоирлик ва шеърнинг юки режиссёр нигоҳидан четда қолмаган. Айниқса, бу фильмларни бизнинг актёрлар кўрсин, маҳоратларини оширишади. Ҳозирги йилига 5-6талаб китоб чиқараётган “шоирлар” кўрсин. Дардни, шеър юкини билсин. Кейин кўрамиз, шундан сўнг ҳам қайси юз билан “мен шоирман, бу йил 19 ёшга кирдим, иккинчи китобимни чиқардим” дея олишини. Бу гаплар чаласавод бошқа “шоирлар”га ҳам тегишли. Ушбу икки фильмда шоирлик касб ё унвон, қанақадир мукофот эмас, балки дард, қутулиб бўлмас ширин дард экани яққол акс эттирилган. Энг қизиғи, бу дард одамда туғма бўлади, туғилиб, 18 йил яшаб, ўйлаб туриб, кейин бирдан “шоирга айланиш” мумкин бўлмаган ҳолат.


Мавзудан четлашмаган ҳолда Безруковнинг яна бир машҳур ролига тўхталиб ўтсак. Бу фильм 2011 йил охирида катта экранларга чиқади ва премьеранинг биринчи ҳафтасидаёқ ўз фойдасини беради. “Висоцкий. Ҳаётлигинг учун раҳмат” кинокартинаси ўтган асрнинг машҳур қўшиқчиси, шоири, актёри, ҳажвчиси Владимир Висоцкий ҳақида. Аниқроғи, унинг Бухородаги охирги концерти билан боғлиқ воқеалар хусусида. Фильмдаги бош — Висоцкий ролини, титр бўйича айтганда, Владимир Висоцкий, яъни бош қаҳрамоннинг ўзи ижро этади. Бу сир премьерадан 5 ой ўтгач, ошкор этилади. Унгача Висоцкий ролини ким ижро этганини ҳеч ким билмайди. Сир ошкор этилгач, Сергей Безруковга нисбатан меҳр янада ортади. Чунки Висоцкий ролини у жуда моҳирлик билан ўйнаганди. Бу ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган, сабаби, Безруков ушбу фильмда яна бир кичик эпизодда — Висоцкийнинг театрдаги ҳамкасби Юра ролида ҳам намоён бўлади.


Бундан ташқари, Сергей Безруков “Азазель”, “Уста ва Маргарита”, “Тақдир ҳазили давом этади”, “Адмираль”, “Қаттиқ тартибдаги таътил”, “Гоголь”, “Бизнинг Чехов”, “Жентлменлар, омад!” каби фильмларда суратга тушади. Унинг адабиётга ошнолигини у ижро этган аксар роллардан ҳам билиб олса бўлади. Масалан, “Азазель”, “Уста ва Маргарита”, “Гоголь” (бу фильмда ҳам Пушкин ролида намоён бўлган), “Бизнинг Чехов” сингари картиналарни унинг ижоди чўққиси, десак, янглишмаймиз.

Ҳозирги актёрларимиз ва режиссёрларимиз жуда кўп ўқишлари керак. Бир-бирига умуман ўхшамаган ролларни ижро этиш актёрнинг маҳоратини очиб беради. Бу маҳорат адабиётга ошнолик билан суғорилган бўлса, машҳурлик чўққиси ва пулларнинг ўзи уларни сўроқлаб келади ( ахир ҳозирги режиссёру актёрларимиз фақат пул учун кино олишади-ку). Бизнинг айтаримиз ҳозирча шу.


Заҳириддин
(Бобур Наби)

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!