Муштарий ва журналист: тафовут қандай?


Журналистика бизда тўртинчи ҳокимият деб айтилади. Нима учун шундай дейилишини ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Албатта, ўйлаб кўрганмиз, журналистларнинг жамият олдидаги масъулияти катта. Устозимиз Ҳалим Саййид: “Журналист — жамият табиби, у атрофимиздаги муаммоларни айтибгина қолмай, уларни даволаш усулларини ҳам қидириши керак”, деганди. Бугун мана шу мавзуда озгина фикр билдириб ўтаман.


Журналистика аслида бир неча хил турда ва кўринишда бўлиши мумкин. Журналистика жанрлари анчагина ва кўринишлари ҳам етарлича. Таҳлил, танқид, репортаж, янгилик, публицистика (эссе, очерк) — булар журналистика турларини ташкил қилса, фуқаролик журналистикаси, сариқ матбуот, телевидение, радио кабилар унинг кўринишини ясаб беради. Бундан келиб чиқадики, ҳар икки ҳолатда ҳам ўзига яраша вазифа, бурч ва масъулият бор.

Журналистика тарихига назар ташлайдиган бўлсак, Йоханн Каролуснинг 1605 йилда Старссбургда (Германия) чоп этилган “Relation aller Fürnemmen und gedenckwürdigen Historien” (“Ҳурматга лойиқ ва эсда қоладиган янгиликлар тўплами”) нашри кўпинча биринчи газета сифатида тилга олинади. Биринчи кундалик газета инглизларнинг “Дейли Курант” (“Daily Courant”) кунлик нашри ҳисобланади, у 1702-1735 йилларда нашр қилинган. 1950 йилларда чоп этилган “Диарио Кариоса” газетаси Бразилияда замонавий журналистиканинг туғилиши сифатида таърифланади.
                                            “Дейли Курант” газетаси

Мухлис ёки муштарий (газетхон, юзер, томошабин, тингловчи) ким? Улар ахборотни, янгиликни қабул қилувчи журналистдан фарқли барча соҳада фаолият олиб борувчи шахслардир. Одамлар ҳар қандай ахборотни ҳар қанча олишга рози, у ҳеч қачон “тўймайди”. Қолаверса, журналистнинг вазифаларидан яна бири халқни “оч қолдирмаслик” ҳамдир. Лекин...

Лекин баъзида тушунмовчиликлар бўлиб туради. Масалан, чет элда исталган ахборотни оммага тақдим этиш мумкин, бу уларда қонун билан белгиланган. “Исталган” сўзининг таркибига бир жинслилар никоҳи, фалон футболчининг соч турмаги, пистон актёрнинг ўнинчи марта уйланиши ёки ажралиши сингари “муаммо”лар ҳам кириб кетади. Бусиз улар (ғарбликлар) яшай олмайди, чунки маънавият бузилиб бўлган. Бошқача ҳаётни энди улар тасаввур ҳам қилолмаса керак. Гўё хумор тутгандек уларнинг ўзлари мана шундай ахборотларни талаб қилишади. Бир кунгина шундай ахборот берманг-чи... ОАВ ҳам, одамлар ҳам бусиз яшолмайди!

Бизда сал бошқачароқ. Ҳозирча. Тўғри, соч турмагу, кимнинг қандай машина миниши, уй солиши ҳақида бир вақтлар сариқ матбуотимиз бонг урарди. Лекин улар ҳам ўтиб кетди. Олди-қочди “ҳикоя”лардан иборат газеталарни бирёқлик қилсак, савия янада мустаҳкамланади. Айниқса, спорт соҳасида бизда жуда катта ижод эркинлиги бор. Исталган футбол сайтига киринг, исталган мавзуда баҳс-мунозарага гувоҳ бўласиз. Кимдир бир-бири билан низога борган, яна кимлардир кимларгадир омад тилайди. Хабар жойлаштирган журналистларни ҳам койиб қўядиганлар топилади: “Битта хабар 3 марта қўйилибди, шуни ҳам янгилик деб ёздингларми, шу ҳам мақолами?”.

Айтганча, яна бир гап. Мақола ва хабар ўртасида жуда катта фарқ бор. Хабар, янгилик, репортаж — булар содир бўлган воқеа ҳақида сўзлайдиган журналистика жанрлари, мақола эса фикр-мулоҳазага чорлайдиган, таҳлил ва танқидни ўз ичига олган, ҳажман каттароқ бўлган жанр тури ҳисобланади. Кўпчилик мухлислар буларни битта деб ўйлайди (бу табиий, чунки улар журналист эмас). Ушбунинг ёзилишидан мақсад ҳам мана шу жиҳатларга ойдинлик киритиш эди.

Ҳар бир одам ўз ишининг устаси, журналист эса ҳар бир соҳани ўрганиши мумкин, жойи келганда. Чунки бу унинг иши. Журналист Сизга, ўқувчиларга ахборот етказиб берувчи (ҳар қандай хабарни) воситачи ҳисобланади. Қайси бирини олиш эса Сизнинг ихтиёрингиз. Шундай экан, бир-биримизга озор бериш шарт эмас.

Заҳириддин

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!