СЎЗЛАРИНГНИ ЭШИТИБ, УХЛАЙМАН ҲАР ТУН


Юраккинам ҳапқириб, сени эсласа,
Муҳаббатинг яшашга ўргатса ҳар кун.
Бу жонимни пойингга тўшайман десам,
Сўзларингни эшитиб, ухласам ҳар тун.

Алангадек ёндириб дунёни ҳар дам,
Ёниб битса юраклар чиқармасдан ун.
Сукунатни бузиб, кун бўйи қичқирсам,
Сўзларингни эшитиб, ухлайман ҳар тун.

Дудоқларинг пичирлаб, маддоҳлик қилса,
Нигоҳимга сиғмайди бу телба очун.
Гуноҳкор бу қулоқлар шовқинни билса,
Сўзларингни эшитиб, ухлагум ҳар тун.

Телбаликка эврилган ҳаётим аро,
Икки кўзинг жодулаб, қилсалар афсун.
Заҳириддин тушида, хаёлим аро,
Сўзларингни эшитиб, ухласам ҳар тун.

24.02.2013, соат 21:31

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!