НУР ВА ЗУЛМАТ

Ярим кеча бўлгани учун қоронғуда у қаерда эканини аниқлай олмади. Кўзлари аста-секин зулматга ўргангач, не кўз билан кўрсинки, тик жарлик ёқасида турганини англади. Бирдан қўрқиб кетдию, қулашига бир баҳя қолди. Дарҳол чўккалади. Бир қадам силжишга юраги бетламас, нимадандир ёки кимдандир умид қилиб, анча вақт шу кўйи ўтирди. Ниҳоят узоқдан бир нур кўринди...
      — Дадаси, ҳой дадаси! — шам тутган хотини ярим тунда уни уйғотди. — Туринг, ташқарига қараб келинг, кимдир юргандек бўляпти.
Томдан тараша тушгандек уйғотган хотинининг овозидан бир сапчиб тушди.
— Э ўл! Сенмидинг? Кимам бўларди? Ҳеч вақоинг йўғу ўғирлайдиган.
Эр шундай деб, тўнини кийди ва ташқарига чиқди. Баҳонада кўрган тушидан бироз чалғимоқчи ҳам бўлди. Осмонда юлдузлар вижирлаб ётибди. Атрофда ажиб сокинлик, гўё самодан нимадир ёғилаётгандек. Дарахтлар ширин уйқуда. Фақат узоқдан кучли ёруғлик кўринди. Нур ҳовлининг этагида атрофни ёритиб турарди. У дарҳол ўша томонга югурди. Негадир қўрқмади, аксинча қизиқди...
Чуқурроқ қилиб ўра қазилган, ичида эса бир бола тиззасини қучоқлаб ўтирарди. Эр келиши билан бояги нур сўнди-да, атроф зулматга чўмди. Бир зум ўтгач, кўзлар қоронғуликка мослашгандан кейин икки нигоҳ бир-бирига тўқнашди. Боланинг эгнида эр умрида кўрмаган алламбало кийим: оёғида оқ рангли бутси, қора жинси шим, оқ кўйлаги устидан қора нимча (бу номлар фақат бизгагина маълум) кийган, галстуги қийшайиб турибди, сочи ҳам ғалати турмакланган.
Бола ҳам рўпарасидаги кишини кўриб, ҳайрон қолди: оёғида маҳси-калиш, шалвар кийган, эгнида эскирган тўн, бошида дўппи. У чуқурдан чиқиб, шимларини қоқди ва эрга салом берди:
— Салом, брат! Қалес?
Эр оғзи очилиб, қўл чўзган бола билан кўришди.
— Сен қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг?
Бола ҳам қаерга тушиб қолганини англаёлмай, атрофга назар солиш билан овора.
— Намунча, светинглар йўқми, ҳаммаёқ қоронғию. Сизлардаям свет ўчиб турадими?
— Нима у, свет? Шамми?
— Йўғ-е, шам свет йўқлигида ишлатиладию, мени лўх деб ўйламанг, брат. Қишлоқларда свет йўқ, дейишарди, рост экан-да.
— Қишлоқларда? Нима, сен шаҳардан келдингми? — эр шундай дедию кулиб юборди.
— Нимага кулас? Тошкентда ўқирдим, уёқда свет ўчмийди. Свет бу чироқ, айтганча.
Эр боланинг тилига унчалик тушунмаган бўлса ҳам, лекин унинг гапларига жуда қизиқиб қолди. Болани ўрик тагидаги супачага таклиф қилди. Унинг ўғри эмаслигини билиб, бир суҳбатлашмоқчи бўлди.
— Хўш, болакай, исминг не?
— Вау, чўткий гапириб қўйдиз атак, “исминг не?”. Мен Шуҳратман. Сиз-чи?
— Менинг исмим Абдуллоҳ. Қаердан келдинг, бу ерга қандай тушиб қолдинг?
— Айтдиму, Тошкентдан келдим. Бияққа қандай тушганимни ўзимам билмийман. Туш кўряпман шекилли. Брат, ичгани у-бу нарса беринг, чанқаб кетдим. Агар иложи бўлса.
Эр “ҳозир” дедию, ошхона тарафга ўтиб кетди. Бироз вақтдан кейин қуруқ қайтиб келди.
— Минг бор узр, ука, сувимиз тугаб қолибди. Эрталаб бориб, қудуқдан олиб келамиз.
— Нима, қудуқдан? Қудуқ ҳалиям борми?
— Нимага энди ҳалиям? Тириклигимиз шу қудуқ билан-ку.
— Ҳм, бизда крандан сув чиқади. Шунга билмабман, узр атак. Бу ер қаер?
Абдуллоҳ тоза ҳаводан тўйиб нафас олди-да, юзида табассум билан жавоб берди:
— Бу ер менинг она қишлоғим — Қўрғонсарой!
— У қайси вилоятга қарайди?
— Қанақа вилоят? Қўқон хонлигига қарайди. Секинроқ гапир.
Бола бир муддат жим қолди. У қайси замонга тушиб қолганини англай бошладию, лекин бу ҳодиса қандай юз берганини билолмай ҳалак эди. Балки ростданам туш кўраётгандир. Улар анча вақтгача суҳбатлашиб ўтиришди. Худоёрхон замонидаги ҳаёт тарзи билан қизиққан бола кўп нарсаларни билиб олди. Халқ унинг даврида анча тўқ яшаган экан. Фақат бироз зулмкорлик кўпроқ кузатилган экан. Халқнинг емиши шоли, буғдой, нўхат, жўхори ва яна шунга ўхшаш дуккакли ва полиз экинлари бўлган экан. Шам ва шамчироқ ёруғлик манбаи бўлса, сандал ва лойдан ясалган печ иссиқлик воситаси экан...
Улар шу кўйи анча вақт ўтиришгач, узоқдан “Шуҳрааааат!” деган овоз келди. Сас жуда узоқдан келганди. Лекин Шуҳрат ойисининг овозини таниди. Шу пайт соат қўнғироғи ҳам жиринглаб кетдию, ёнидаги шериги Абдуллоҳ секин-аста ғойиб бўла бошлади...
— Шуҳрат! Намунча туришинг қийин, болам! Бугун курсдошларинг билан водийга боришинг керак эдию, кеча айтгандинг.
Ҳа-я, бугун бир курсдошини кўргани водийга боришлари керак эди. Воҳид исмли курсдоши жигар серрозидан анчадан бери азоб чекарди, бир кўриб келишмаса бўлмасди. Шуҳрат шуни эсладию, кўрган тушини ҳам унутиб, апил-тапил ювиниб, ўқиши томон “учиб” чиқиб кетди...
Қамчиқ довонида кетаркан, эрталаб кўрган туши ёдига тушиб кетди. Унинг учун бу нарса тушдаги экзотика бўлган эди. Реал ҳаётдаги экзотика оғушига кетаётганини эса ҳали ўзи ҳам билмасди...
Қўқондан озгина юргач, Бедарак деган қишлоққа бурилишди. Эшитишларича, Борса-келмас деган қишлоқ ҳам бор экан. Шуҳрат буларни эшитиб, мийиғида кулиб қўйди. Ҳақиқий экзотика бошланганди.
Улар Воҳиднинг уйини топишди, ҳол-аҳвол сўрашди, янгиликлардан, хушхабарлардан, қизиқ воқеалардан айтиб, боланинг кўнглини кўтаришга уринишди. Лекин Шуҳратнинг хаёли бошқа ерда эди. У тушини қайта кўраётгандек эди: ўша даврдагига ўхшаш пахса деворли уйлар, зулмат, шам, сандал ва сал замонавийроқ печкага кўзи тушди. Тўғри, одамларнинг кийиниши ҳам сал замонавийлашган эди... Лекин унинг ҳайрати ичини кемирарди: “Наҳотки чироқ йўқ бўлса?! Наҳотки иситиш мосламалари ёки газ бўлмаса?! Бу одамлар қандай яшаяпти?!”
У ташқарига чиқди. Воҳиднинг акаси Зоҳид меҳмоннинг безовталигини билиб, унинг олдига келди.
— Ҳа, ука, нима бўлди? Чироқ йўқлиги ёқмадими? — у боланинг ичидагини ўқигандек эди.
— Ёқмади эмас, ҳайрон қолдим. Чироқ ёнадими ўзи? Ахир ҳозир 2012 йил бўлса, 90-йиллармас...
— Ҳм, тўғри айтасиз, лекин чироқ ёниб туради, ҳар замонда бўлсаям, эзворади лекин. Аммо, биласизми, бизнинг одамлар бунга ўрганиб қолганмиз. Шу чироқни ёқмасаям майли, биз анча ишимизни битирволамиз-да. Чироқ бўлса, тилизўрга чалғийсиз, бошқа нарсаларга аралашиб кетиб, ишлар қолиб кетиши мумкин. Эрталаб ва кечқурун, овқат пайтлари ёқиб туришсаям майли, розимиз. Чироқ бўлмаса, кечаси саёқ юришларам бўлмайди, эртароқ ухлаймиз, яхши-да бу. Худога шукр. Энди шаҳарларга чироқ керак. Уларга етмай қолмасин деб, биз эконом қиляпмиз-да, — унинг охирги гапи ҳазил аралаш чиққани учун иккаласи ҳам бир сидра кулиб олишди...
Шуҳрат зулматда қолган кишиларнинг қалбидаги нурни, шукронани кўрди. Шунинг учун ҳам бу халқ буюк эканини англади...
Улар пойтахтга қайтишди. Лекин Воҳид узоққа бормади. Улар яна водий томон йўлга чиқишди...

Илова: 2013 йилдан бошлаб чироқ ўчириш ҳолати анча камайди. Биз энди йўлимизга тушяпмиз, ҳали чироқ ўчишини ҳам соғиниб қоламиз.

Заҳириддин,
2013 йил

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!