СЎНГГИ ПУШАЙМОН


Қишлоғимизда 85га кирган чол бор эди. Ҳамма чоллар қатори намоз ўқирди, мачитга қатнарди. Бироқ қишлоқдагиларнинг бари уни “советчи тоға” деб чақирарди. Чунки ҳар икки гапининг бирида “совет даври ундай эди, совет даври бундай эди”, деб оғзидан бол томиб мақтарди (балки ўша пайт ростдан ҳам яхши бўлгандир, лекин у даврни биз кўрмаганмиз, қолаверса, ўз кўзимиз билан кўриб турган ҳозирги давримиздан кўра яхшироқ замон бўлмагандир, деган фикрдаман).





Самосида заҳарли дори сепадиган эмас, балки Ўзбекистон номи ва байроғи туширилган самолётлар учиб ўтадиган юртда яшаётган, кимдандир қўрқиб ёки яширинчамас, эмин-эркин ибодат қиладиган, мактабларда ҳеч қандай тазйиқларсиз таҳсил олаётган болаларнинг бобоси бўлган бу чолнинг ношукрлигидан энсам қотарди. Бошқа тенгдошлари “Худога шукр, Мустақил Ўзбекистон деган номни ҳам эшитар эканмиз” ёки “Рус ва ўзбек миллати битта бўлиб кетадими, деб қўрққандим”, дея шу кунларга етганларига шукроналар келтирардилар. Лекин бу чол...

Аллоҳнинг ёзмиши экан, Рамазон ойининг жума кунида “советчи тоға” охиратга рихлат қилди. Невараси энг яқин дўстим эди. Бир томонда муборак рўзаи Рамазон ойи, бир тарафда эса чолнинг қабри ҳали совимаган ҳам, лекин кунора бу азали уйдан жанжал овози келарди.

Бир куни дўстим ёрилиб қолди:

— Ошна, мениям яшагим кеме қолди. Битта ўғил бўлсам, дадам алкаш бўлса, аям йўқ... (алкаш эрига чидолмай, ташлаб кетган эди) — шу ерга келганда у хўрланиб, йиғлаб юборди. Дардини кимга айтишни билмай юрган экан ўшанда. Сал ўзига келгач: — Айт, мен энди нима қилишим керак, дўстим?! — дея олди чийиллаб.

Жимгина гапларини тингладим. Нима дейишни, қандай овутишни билмасдим. Кейин негадир бобосини эсладим. Ўлимидан олдин нималар деганига қизиқдим (журналистлигимга бордим-да). Назаримда, шу гаплар унга бироз таскин бўладигандек эди.

— Оподданг сўнгги сўзларини айтганида ёнидамидинг? — деб секин сўрадим. Тасдиқ жавобини олгач: — Нималар деганди? — дедим.

Унга бу саволим оғир ботиши ёки малол келиши мумкин эди. Аммо у тўғри жавоб берди:

— Ўлимидан бир кун олдин дадам, аям, мени ва сингилларимни чақириб, “Айтганимни айтманг, қилганимни қилманглар. Оилада тинчлик бўлсин, сен ҳам камроқ ичгин, ўғлим”, деб дадамга уқтирганди. Ўша тунда нега бу гапларни айтяпти, деб ҳайрон бўлгандим. Тонгга яқин безовта бўлиб, уйғониб кетдим. Негадир оподдамнинг олдига кирдим. Улар мени кутиб ётганмиди, ёнига чақириб: “Болам, аянгга, сингилларингга кўз-қулоқ бўл. Замон тинчлигида ўқиб ол. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”, деди-да, кейин уч марта калима келтириб... — дўстим уёғини гапиролмади.

Умри давомида “совет одами” бўлиб яшаган чолнинг сўнгги сўзлари озодлик, тинчлик бўлди. Тоза ҳаво, мусаффо осмон, тинч замонда болалари, неваралари бағрида ётганида умри давомида қилган амаллари, айтган гапларига балки минг пушаймонлар бўлиб, тавба қилгандир. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек ўз Ватанида, она қишлоғида тинчгина вафот этган бу чолнинг ҳаётида қилганларини ўзидан кейинги авлодлари такрорламаслиги учун сўнгги сўзларини тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик калималари билан боғлагандир. Бу неъматлар ҳақида кўпчиликка айтишга уялгандир. Агар дўстим кириб қолмаганида буларни ҳам ўзи билан олиб кетган бўлaрмиди...

2009 йил.

Илова: ҳозир шу бола пойтахтимизнинг энг обрўли олийгоҳларидан бирида таҳсил олмоқда.
2012 йил.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!