“Қуёшга айт, бу тарафга ўтсин!” ёхуд “Оскар” бўлсанг, ўзингга!

Миллат қандай улуғланади? Бу жуда оддий ва сийқаси чиққан савол. Лекин жуда залворли, керак бўлса, ерни ўпириб юборадиган савол. Бу йўлда эса биринчи навбатда спорт ва санъат соҳаси жуда катта қўл келади. Айнан шу йўналишлар орқали дунёга жуда катта тезликда танилиш ва ҳатто улуғланиш ҳам мумкин.



Бироз чекинамиз. Яъни мен сизлар билан гаплашмоқчи бўлган мавзуга қайтаман. Бизда кино соҳаси гўёки ривожланаётгандек. Деярли кўпчилик режиссёрларимиз дунёга чиқишни, мукофотлар олишни истайди. Жаҳон кинематографиясида эса асосан “Оскар” бериладиган Ҳолливуд ва онда-сонда “Оскар”га даъво қилиб турадиган Болливуд кино саноатлари яққол яккаҳукмронлик қилмоқда. “Оскар” ҳақида ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Уни ҳар бир актёр, ҳар бир режиссёр олишни орзу қилади, қиларди олдинлари. Ҳозирда эса...

Фарах Хон исмли таниқли ҳинд аёл режиссёри бор. Унинг илк дебют фильми “Мен борман-ку” (2004 йил, Ҳиндистон – Покистон ўртасидаги, шунингдек, ака-ука, ота-бола ўртасидаги низолар ҳақидаги жиддий фильм) бўлиб, аёл режиссёр, устига-устак Ҳиндистон – Покистон мавзуси учун бу картина жуда муваффақиятли чиққанди.

Кейинги фильми энди нафақат Ҳиндистонда, балки бутун дунёда шуҳрат келтирди. Яъни “Ом-Шанти-Ом” фильми (2008 йил, “Инсон бир нимани чин дилдан ният қилса, бутун коинот унга ёрдамга келади” ғояси асосига қурилган жиддий драма) жаҳон кинотеатрларини ҳам забт этди. Айниқса, Шоҳрух Хоннинг ажойиб роли, қолаверса, яна 31 нафар юлдуз актёрнинг иштироки фильм шуҳратига шуҳрат келтирди.

Ва ниҳоят учинчи фильм (бор-йўғи энди учинчиси) “Тисмархон” (2012 йил, оддий комедия) кинокартинаси ҳам бутун дунёни забт этди. Фарах Хон энди Ҳиндистонга “сиғмаётганди”. У дунёвий фильмлар олишга қарор қилган кўринади. Оддий хореограф аёл учун атиги ҳар 4 йилда бир фильм олиш (Ҳиндистонда йилига 1000га яқин фильм суратга олинади) унинг мақсадлари жиддийлигидан дарак беради.

Энди озроқ “Тисмархон” ҳақида. Фильм оддий комедия, шунчаки бекорчиликдан олинган комедиядек туюлади. Ҳақиқатан ҳам у тоза ҳиндийча (яъни сал бачканароқ) фильмга ўхшаб кетади бир қарашда. Лекин фильм ниҳоясига етиб боргани сари унинг асл мақсади юзага чиқа бошлайди. Орада “Харобадан чиққан миллионер”га ҳам урғу бериб кетади режиссёр, яъни унинг “Оскар” олганию, “олгани”га ишора қилиб кетади. Унгача ҳам баъзи ҳинд фильмлари “Оскар”га номзоди қўйилганини (“Девдас”, “Мангал Пандей”) ҳисобга олсак, уларнинг бу киномукофотга нақадар интиқ эканини тушуниш қийин эмас (бизникилар бош қотириб ўтирмайди, “Оскар”и ҳам керакмас, юқорига интилиш ҳам йўқ, шунчаки майда-чуйдаларга ўралашиб юраверишса бўлди).

Лекин “Тисмархон”да бунинг бутунлай аксини кўриш мумкин. Яъни у “Оскар” ундай ё бундай деб ўтирмайди. Шунчаки унинг устидан кулади. Оддий, безори бир саводсиз ўғрининг Ҳиндистоннинг бир бурчида жойлашган қишлоқда ҳаваскорларча олган “фильми” “Оскар”га тавсия этилади. “Оскар” олишга “касал” бўлган машҳур суперюлдуз (фильм қаҳрамони) ушбу фильмдаги роли учун “Энг яхши актёр” номинациясида, режиссёру ҳамма фильм ижодкорлари “Оскар”нинг турли номинацияларида ғолиб чиқади. Хуллас, фильм ҳам “Оскар” олади.

Фильмда бир саҳна эсимда қолди: ўғри Тисмархон поезддаги Ҳиндистон ғазнасини ўмариш режасини тузиб, поезд ўтадиган чекка қишлоқда фильм олишни ва у фильм орқали поездни осонгина тунашни режа қилади. Қишлоқнинг содда аҳолиси эътиборини тортиш учун қишлоққа келиб, ўғирланган камераю бошқа дастгоҳлар билан дарров суратга олишга тушиб кетади. Шунда бир жумла жуда кулгимни қистатди: Тисмархон ёрдамчисига буюради: “Кинони шу ерда суратга оламиз, қуёшга айт, бу тарафга ўтсин!” Ёрдамчиси қуёш томон бақира кетади, қуёш “жилмагач”, яна “режиссёр”нинг олдига келади: “Босс, қуёш у ёққа ўтмаяпти”. Тисмархоннинг жаҳли чиқади: “Э, каллаварам, пора бергин, жон деб ўтади!”

Хулосани сизга қолдираман. Фикрим бошида берган саволимга яна қайтаман. Миллий ғурур ҳақидаги саволга. Мана, ҳақиқий миллий ғурур! “Оскар”ингга зор эмасмиз, керак бўлса, сенларга биз мукофот беришимиз мумкин, демоқчи режиссёр. Асли Фарах Хон ҳақида қачондир нимадир ёзмоқчи эдим. Мана, ниҳоят бунга сабаб ҳам топилди. Энди қачондир ўзбек киноси ҳақида ўз фикрларим билан ўртоқлашаман. Фақат яна бироз вақт ўтсин. Яъни йил охирроғида...

Заҳириддин

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!