Гўштнинг ўрнини босувчи жайдари маҳсулот

Ўзбекистонда гўшт нархи энг қиммат маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Расмий маълумотга ишонадиган бўлсак, энг арзон мол гўшти 45 минг сўм, қўй гўшти эса 52 минг сўм.

Дейлик, шаҳарда яшовчи 4-5 кишилик ўртаҳол оилага бир ҳафтада ярим кило гўшт кетса. Тўғри, умуман гўшт емайдиган ва кунига килолаб истеъмол қиладиган оилалар ҳам йўқ эмас. Биз ўртачасини оламиз.

Ўртаҳол оила мол гўшти тановул қилади, агар ҳафтасига ярим килодан ҳисобласак, бир ойда 90 минг сўм гўштга кетади. Қўй гўшти эса шунча вақтда 104 минг сўмга айланади. Товуқ гўшти уларга нисбатан арзонроқ. Масалан, бир кило товуқ гўшти 25 минг сўм бўлса, 1 ойда 100 минг сўм харажат бўлади.

Шунда ҳам ўша ўртаҳол оила ҳафтасига ярим кило гўштни тежаб ейди, бошқачароқ айтганда, болалар тўйиб гўшт еёлмайди. Товуқ гўштининг калорияси эса у қадар кучли эмас. Айни совуқ кунларда қуввати кучли гўшт маҳсулотлари иммунитетни кўтаришга катта ёрдам беради. Иммунитет кўтарилса, турли касалликлар камаяди, хусусан, коронавирус ҳам.

Хўш, товуқ тухуми ҳам бор. Статистика қўмитаси маълумотига ишонсак, 10 та тухум 7 минг сўм экан. Ёши катта одам гўштнинг ўрнига тежаб 3 та тухум ейиши мумкин. 3 та тухум бир ҳафтада 44 минг сўм, бир ойда салкам 176 минг сўмдан айланади. Кўриб турганингиздек, тухум анча қимматга тушиб кетади.

Биз юқоридаги маҳсулотларнинг ўрнини босувчи миллий маҳсулотни таклиф қилмоқчимиз. Бу бўлка нон, яъни буханка, қолипли нон. Дўконларда 1600 сўмга (аслида буям қимматроғу, ҳар ҳолда сотиб олса бўлади) битта буханка беради (битта-иккита нон учун бозорга тушилмайди, дўкондан олинади). Ўртаҳол оила нон ейиши керак бўлса, бир яримтаси бир кунга етади: 2400 сўм. Бу сумма бир ҳафтада 17 минг, бир ойда 67 минг сўм бўлади.

Гўштнинг ўрнини боса оладими, деган савол туғилади. Нонда калория кучли бўлади. Семиз одамлар нон емасдан озиши ёки озғинлар нон еб семириши мумкинлиги амалиётда кўп учрайди. Қолаверса, ноннинг бошқа хусусиятлари ҳам бор.

Масалан, буханкани бемалол ва истаганча ейишингиз мумкин, ҳам қорин тез тўяди, ҳам тўқ тутади. Унча-мунчага очмайди. Болаларга кичик кубик шаклида кесиб бериб, тўртбурчак оққандга (шакарни сотиб олиш ҳам ҳозирги кунда анча қимматга тушиб кетади) ўхшаб ейиш мумкин десангиз, кичкинтойларнинг истеъмолга қизиқиши янада ошиши бор гап. Масалан, мен ёшлигимда буханкани тўртбурчак шаклида кесиб, оққанд егандек тасаввур қилардим ва кўп еганимдан қорним узоқ вақт тўқ юрарди.

Эй одамлар, гўшт қиммат деб нолийвермасдан, борига қаноат қилиб, унинг ўрнига буханка енглар. Ахир гўштни чет элга экспорт қилишимиз, хорижликларни ҳам тўйдиришимиз керак-ку. Биз ўзбеклар бир амаллаб кунимизни кўриб оламиз. Муҳими, болаларимиз оч қолмаса бўлгани. Гўшт олиб бераман деб болаларнинг насибасини қирқманг, бўлка нон сотиб олинг ундан кўра.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!