Сохталик, зўракилик, савиясизлик — фожиалар дебочаси

Бугун Ўзбекистон учун энг оғриқли нуқталардан бири ҳақида гаплашамиз. Агар ушбуни охиригача ўқишга сабрингиз етса, хулосада ғоят чиркин ва ачинарли ҳолатни кўришингиз мумкин.

Гап ёзувчи-шоирларга бериладиган қалам ҳақи — гонорар хусусида

Хoрижда қандай?

Америка қўшма штатлари ва Буюк Британияда ёзувчи ва шоирлар яхши даромад топишади. Шу боис уларнинг кўпчилиги мамлакатимиздаги ёзувчи-шоирлар каби бошқа соҳаларда фаолият юритишмайди. Яъни фақат ижод билан машғул бўлишади.

Аксар давлатларда қалам ҳақи ёзувчи-шоирларнинг фаолият стажи ва муваффақиятига бевосита боғлиқ ҳолда тўланади. Масалан, янги ижодкорлар (1 йиллик тажрибага эгалар) йилига 25-30 минг долларгача қалам ҳақи олиши мумкин, бундан ташқари, байрамларда қўшимча ҳақ ва бонуслар тўлаб борилади. Бу ойига ўртача 2-2,5 минг доллардан тушади.

2-9 йиллик тажрибага эга ёзувчи ва шоирлар бошланғич даромади ўртача 50 минг доллар миқдорида гонорар олади. Ойига тахминан 4,1 минг доллар.

10-19 йиллик тажрибага эга тажрибали адиблар 75 000 доллар миқдорида гонорар олади. Бу ойига 6250 доллар дегани. 20 йил ва ундан юқори тажрибага эгалар ўртача 84,500 доллар миқдорида гонорар оладилар. Бу ойига салкам 7 минг доллардир.

Бунда, албатта, солиқ харажатлари ҳам бор. Масалан, "Форбес" талқини бўйича энг бой ёзувчи ҳисобланган Жоанн Роулинг 2021 йилда 1 млрд. доллар фойда кўрган. У ўз асарлари учун 2019 йилда 48,6 миллион фунт стерлинг солиқ тўлаган.

Масалан, россиялик ёзувчи ва шоир Олли Вингет нашрдан чиққан ҳар бир китоби учун 150-200 минг рубл гонорар олади. Бу тахминан 2500 доллар атрофида, ўзбек сўмида эса 30 миллионга яқин. Россияда бу анъана азалдан яхши йўлга қўйилган. Хусусан, Пушкин ҳам ўз асарлари учун мўмайгина ҳақ олган ва ўз даврининг энг бой шоирларидан бўлган.

Форбес талқинига кўра, қозоқ ёзувчилари йилига 300-450 минг тенге миқдорида фойда кўришлари мумкин. Бу тахминан 700-1000 долларни ташкил қилади. Кўриниб турибдики, қардошларимиз бу борада мақтанадиган даражада эмас. Лекин ҳар ҳолда кам бўлса-да, бор экан қалам ҳақи.

Ўзбекистонда қандай?

Келинг, аввало, расмий ҳужжатларга разм солиб кўрайлик. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ китоб муаллифларига бериладиган қалам ҳақи 85 фоизга кўпайган.

Мисол учун, мактабгача ва кичик ёшдаги болалар учун насрий асарга буюртма берган нашриёт китобни 20 минг нусхада чиқарадиган бўлса, нашриёт муаллифга табоғи учун тахминан 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда ёзувчига қалам ҳақи белгилайди. 20 минг нусхадан кам бўлмаган шеърий китоб муаллифига ҳар бир сатр учун 8610 сўмдан кам бўлмаган миқдорда қалам ҳақи тўланади.

Илгари нашриётлар томонидан бадиий асарлар учун 5 коэффициентда гонорар берилган бўлса, энди мазкур кўрсаткич 8 га оширилган. Эҳтимол бу барча нашриётларга тегишли эмасдир, лекин юқоридаги гонорар миқдорлари аксарият ҳолларда ҳозирча фақат қоғозда қолмоқда. Даромад солиғи ҳақида гап бўлиши мумкинмас, чунки бу солиқ даромад бор жойда ундирилади.

Биз бошида эслаган оғриқли нуқтага ҳам етиб келдик. Давлат статистика қўмитаси маълумотлари орасидан Ўзбекистондаги ёзувчи ва шоирлар қанча гонорар олиши ҳақида бирор статистикани топа олмадик. Балки яхши қидирмагандирмиз. Лекин мустақил Ўзбекистонда қалам ҳақи белгилаш, ижодкорни рағбатлантириш, унинг даромадини ошириш доим нечадир юзинчи даражада бўлиб келган.

Масалан, ўзбек адабиётининг етук намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик интервюларининг бирида 100 минглаб нусхада чоп этилган машҳур “Шайтанат” китобининг “қалам ҳақи – бир қоп пиёз” қийматига тенг бўлганини айтган. Яна бир етук ёзувчимиз олган гонорари битта сўзга бир тийиндан тўғри келишини айтган ва “бизнинг сўзимиз бир тийин” деб ҳажв қилганди.

Ёки таниқли драматург Шароф Бошбеков 2020 йилда берган интервюсида бу ҳақда шундай деган: “Ўзбекистонни улкан қиморхонага айлантириб юборган телеканалларда қиморга тикилаётган 40-50 миллион сўмлар, машиналару икки хонали квартиралар олдида ижодкорнинг топгани “сдача” – қайтимга ўхшайди! “Чархпалак”ни ёзишга тўрт йил умримни сарфладим (орада инсулт ҳам бўлдим). “Ўзбектелефильм” суратга олиш учун харид қилди. Қалам ҳақимни эринмай чўтлаб чиқдим, ойма-ойига ҳисоблаганда битта мактаб қоровули маошидан ҳам кам бўларкан. Абдулла Қаҳҳор “Аяжонларим” пьесаси учун тўланган қалам ҳақига битта “Победа” русумли машина олган. Илгари (совет даврида) қалам ҳақининг кўплигидан одамларнинг ҳасадини келтирмаслик учун бу ҳақда оғиз очмасдим. Бугунга келиб, қалам ҳақининг озлигидан одамларнинг раҳмини келтирмаслик учун жим юрибман”, дея аччиқ мутойиба қилган ёзувчи.

Айб нашриётлардами?

Гонорар белгилашдаги ушбу бетартибликда нашриётларни айблаш ноўрин бўлади. Чунки уларнинг аксарияти ўз кунини зўрға кўриб келади. Кўпчилиги ёпилиб ҳам кетган. Давлат тасарруфидаги типографияларда аҳвол яхшироқ бўлиши мумкин, чунки уларнинг мунтазам буюртмалари бор ҳар ҳолда: ўқув дарсликлари, болалар адабиёти, президент асарлари ва шунга ўхшаш.

Бизда аввало китоб чиқаришнинг ўзи азоб, таниқли ёзувчиларники-да ҳатто. Нашр қилинсаям, камида бир йил кутиш керак. Шундан кейин чоп этилган китобидан хурсанд ижодкор қалам ҳақини ўйлайдими? Умид қилиши мумкин, лекин кўпга эмас. Ҳатто қалам ҳақи ўрнига ўзининг китобидан нечтадир сотиб олишга-да рози бўлади.

Аслида дунё тажрибасида ундай эмас. Таниқли ёзувчининг асари нашр этиладиган бўлса, аввал шартнома қилинади. Шартнома шартларига кўра, адибга китоб адади ва сотувидан тушган даромаднинг 10 фоизи, кейинчалик қайта нашр этилса, яна қанчадир фоизи бериб борилади. Шунинг учун чет эл адиблари фақат шоҳасарлар, бестселларлар ёзишади, чунки улар фақат шу иш билан шуғулланади, Ўзбекистондагидек тирикчилиги ҳақида қайғурмайди, оч қолиши, болаларини ким боқиши кераклиги ҳақидаги бошоғриқлардан холи ижод қилишади.

"Asaxiy.uz" интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаев ана шу дунё тажрибасини қўллаган илк тадбиркорлардан дейиш мумкин. Унинг ўзи бизга бу ҳақда шундай дейди:

"Биз жаҳон стандартини шундоқ кўчирдик. Ҳар бир сотилган китобдан маълум бир тиражгача 10 фоиз, ўша тираждан ошса, 15 фоиз ҳақ тўлаймиз. Бизда ҳамма нарса дастурлаштирилгани учун рақамларни яшириб бўлмайди. Масалан, Европа ва АҚШда катта ёзувчиларга бирламчи гонорар ҳам бор. Айтайлик, Айзексон китоб ёзса, бир нечта нашриёт рақобат қилади. Айзексон 10 фоиздан бошқа яна бирламчи гонорар берадиган, каттароқ ҳақ тўлайдигани билан шартнома тузади".

Аллаевнинг айтишича, Ўзбекистонда моддий томондан муаллифнинг аҳволини ўйлашмайди. "Ана боринг, қўлига беш ёки ўн миллион гонорар ва 50 та китоб бериш керак эмас. Молиявий томони ҳал қилинмасдан, кучли ёзувчилар чиқмаяпти, дейиш аҳмоқлик бўлади", деган интервюларидан бирида Аллаев.

Зўраки китобхонлик

Ўзбекистонда зўрма-зўраки китобхонлик сўнгги йилларда жуда авжига чиқди. Машина, уй ва ёки қанчадир пуллар эвазига кимўзарга китоб ўқиш, бу ҳолат мусобақага айланиб кетиши оддий ҳол бўлиб қолди. Аслида нега китоб ўқиганни рағбатлантириш керак? Ўқиса, ўзи учун ўқийди-ку! Ё бирор давлатда кўп китоб ўқиган ёшларга уй ёки машина берилганини эшитганмисиз?

Илм-фанни рағбатлантиришнинг нимаси ёмон дерсиз. Бундай зўраки китобхонлик билан шу ёшлар ақлли бўлиб қолишига бирор кафолат борми? Китоб ўқишдан асосий мақсад — ўз саводхонлигини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, фикрлаш қобилияти, эркин гапириш, нутқ сўзлаш маҳоратини оширишдир. Китобга ошно бўлган одам ҳаётда камдан-кам ҳолатда қоқилади.

Илм-фанни рағбатлантирмоқчимисиз? Унда, марҳамат, дунёга чиқишга талпинаётган ёзувчиларни топинг, уларга яхши шароит қилиб беринг, Ўзбекистонда ижод қилсин. Ёки халқаро фан олимпиадаларида ватанимиз шаънини кўкларга кўтараётганларга 200 минг доллар, энг қиммат "иномарка" ва 3 хонали уй беринг. Шахматчиларимиз қанчадан-қанча гроссмейстерларни доғда қолдиряпти, уларни рағбатлантиринг шундай бойликлар билан. Спортчилар эртага қариб, пенсияга чиқволади барибир ёки яшаш яхшироқ бўлган бошқа давлатга жўнаворади.

Собиқ иттифоқ тузумини ҳозирги ёшлар билмайди, кўрмаган чунки. Лекин у пайтларда одамлар ётволиб китоб ўқиган, биров бир тийин бериб қўймаган мутолаа учун. Аксинча улар пул бериб, китоб сотиб олишарди. Шоиру ёзувчиларини кўкларга кўтариб, эъзозларди, учрашувларда қўшилиб шеърларини ўқирди (бу ҳолатни ҳозирги хонандаларнинг қўшиғини жўр бўлиб куйлаётган ёшларнинг аҳволига ўхшатиш мумкин).

Шунингдек, у пайтдаги ёзувчи-шоирларнинг салмоғи бўлган, уларнинг маслаҳатисиз бирор китоб нашрдан чиқмаган, кино дубляж қилинмаган. Шунинг учун ўша давр ўзбек дубляж мактабига хорижликлар ҳам тан берган. Чунки уларнинг замирида, асосида адабиёт турган.

Тўғри, ҳозир ундай адибларни топиш амримаҳол. Чунки кўплаб шоирлар замонга ва муҳитга мослашиб, маддоҳликка берилиб кетган. Эски президентниям, янгисиниям мақтайверган. Машинали бўлиш илинжида шеърлар ёзган (авваллари пахта далаларида шоирлар ва ёшлар ўртасида қизғин мушоиралар бўлган, масалан, уларга ҳеч ким машина ё уй бермаган).

Хулоса ўрнида

Шунча йилдан бери бирор марта кўзга кўринарли фойда келтирмаган футболга ҳар йили миллиардлаб пуллар ажратилади. Ҳаммаси ҳавога учиб кетади, ҳатто сўнгги йилларда ўзбек футболи Осиёдаги аввалги обрўси ва ўрнини ҳам йўқотиб улгурди.

Ҳар йили қурилишларга, янаки тендерсиз қурилишларга триллионлаб маблағлар сарфланади, оқибатини ҳеч ким ўйламайди. Бунга шамолда учиб кетган намунали уйлар, Сардоба фожиаси бемалол мисол бўла олади. Шу триллионларнинг жилла қурса 10 фоизи ижод аҳлига ажратилганда ҳар ҳолда адабиётда бунақа фожиали қурбонлар бўлмасди.

Нашриётларни ҳеч ким ўйламай қўйганини сўнгги йилларда уларнинг кўпчилиги фаолиятини тўхтатганидан-да билиш мумкин. Чунки улар муаллифларга пул бериш уёқда турсин, ўз ишчиларига ҳам ҳақ тўлай олмай қолди. Нашриётларни "оталиққа олган" олдинги Матбуот ва ахборот агентлиги (ҳозирги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) даврида ҳар ҳолда "жон сақлаган" босмахоналар номи ва ваколати ўзгаргач, секин-аста ўша "жонни" бера бошладилар, дейиш мумкин.

Хулоса шундай бўладики, давлат ва ҳукумат раҳбарлари қарорлари билан гонорар миқдорлари белгиланган бўлса-да, ундаги тартибга деярли ҳеч ким амал қилмайди, қоғозда қолиб кетади. Чунки бунга нашриётларнинг имкони ҳам, истаги ҳам йўқ.

Ҳақли савол беришингиз мумкин: нега энди гонорар учун давлат пул ажратиши керак? Тўғри, давлат бунга мажбур эмас аслида. Лекин миллат сифатида дунёга танилиши учун ҳозирги кунда шундай чора қўллаши керак. Ёки ортиқча монополиялар, имтиёзларни йўқ қилиб, эркин бозор иқтисодиётига йўл очиб бериши лозим. Модомики иккинчи йўлни қила олмаяптими, у ҳолда биринчисини амалга оширишга мажбур.

Яна бир савол туғилиши мумкин: адабиётимиз нега дунёга чиқиши керак? Бу саволга мисоллар жуда кўп. Масалан, корейс, ҳинд ва турк сериалларини ётволиб кўрамиз. Уларни ҳам қайсидир ёзувчи ёки сценарийнавис ёзган. Ёки Винни Пух, Смурфлар ҳақидаги асарларни олайлик, бутун дунё болалари севиб ўқийди, томоша қилади. Яқиндагина Нобел мукофотига эга чиққан ёзувчининг "Жаннат" асари энди янада катта қизиқиш билан қарши олинади. У Англияда яшаса-да, келиб чиқиши африкалик экани барча нашрларда алоҳида таъкидланди.

Хўш, айтайлик, энди бирор ўзбек ёзувчиси Нобел олиб қолса, бутун дунё унга қизиқадими? Қизиқиши ортидан ўзбек адабиёти ва миллати ҳақида тасаввурга эга бўлади. Боксчию спортчиларнинг дунё бўйича зафарлари ҳеч қачон ўзбек миллатию миллий ғурури ҳақида батафсил тушунча беролмайди. Ҳа, Ўзбекистондан экан-да, дея эътироф этиши мумкин холос.

Масалан, қирғиз миллати ҳақида Чингиз Айтматовнинг асарлари орқали жуда кўп маълумот олиш мумкин.

Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон олдида тўртта йўл бор (бизнинг таклиф):

Биринчиси — давлат барча турдаги нашриётларни бошдан оёқ қўллаб-қувватлаши, уларга катта маблағ ажратиши керак. Пулдан бошқа нарсани кўрмайдиган тадбиркор амалдорларимиздан бу нарсани кутиш — ёзда қизил қор ёғишини кутиш билан баробарлигини ҳам биламиз.

Иккинчиси — нашриётларга эркинлик бериш, уларнинг ишига аралашмаслик, цензурага йўл қўймаслик. Шундагина улар талаб ва истакларга яраша фаолият олиб боради. Аммо бунинг учун...

Учинчиси — эркинлик берилган нашриётларга савияли, сўзи залворли ёзувчиларни бош муҳаррир қилиш, ҳеч бўлмаганда уларнинг маслаҳатига таянилиши лозим. Шундагина олди-қочди китоблар камаяди, ўқувчи салмоқли асарларни яна ўқий бошлайди.

Тўртинчиси — юқоридаги учта ҳолат амалга ошганда ўқувчи ёшлар ўз-ўзидан китобларни саралаб, танлаб ўқишга тушади, яхши ва ёмон асарни ўзи ажрата олади. Аммо бунга йиллар керак бўлади. Чунки ҳозирги лотин-кирил аросатидаги ва интернет оламидаги ёшларнинг онгини ўзгартириш амримаҳол.

Лекин агар келажак учун ҳаракат ҳозирдан бошланса, фақатгина бир авлод алмашиши мумкин бўлади. Йўқса, бир неча авлод алмашишини кутишимизга тўғри келади. Уйғониш даври ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!