"Сардоба иши" айбдорлари барчасини жонли эфирда тан олса...

Машҳур телеканалда Сардоба сув омбори ўпирилиши оқибатида юз берган катта фожиа айбдорлари жонли эфир орқали барча айбларни бўйнига олади.

Иқрорлар

Сув омборини қуриш учун арзонгаров ва сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланилган. Буни бош пудратчи тан олади.

Қурилишга ажратилган йирик пулларнинг аксарияти Ички ишлар вазирига пора сифатида тортиқ қилинган. Буни вазир тан олади.

Бундан ташқари, ҳукуматдаги барча шаффоф маълумотлар сохта бўлиб чиқади. Буни ҳукумат тепасидаги амалдор (бош вазир эмас) тан олади. Яъни очиқланган маълумотдаги рақамлар (миллиард ва триллион пуллар) бор, йўқ эмас, фақат бу пуллар амалдорлар томонидан бўлишиб олинган. Буни ўша амалдор тан олади.

Улар нега тан оляпти?

Чунки ҳукумат амалдорининг ўғлини бир камбағал одам ўғирлаб, гаровга олган. Юқоридаги амалдорларни ва ТВни бир жойга тўплаб, уларни ҳақиқатни айтишга мажбурлаган.

Нега ўғирлайди?

Чунки камбағалнинг 7 ёшли ўғли мактабга кетаётиб, сифатсиз қурилиш қурбонига айланган. Ота эса бунга чидолмай, амалдорларни "сайратиш" учун шу усулни танлаган.

Тушунмадингиз-а?

Гап шундаки, бугун, ҳа мана, ярим кечасигача ТВда ҳиндлар ишлаган кинони кўриб қолдим, тасодифан. Бош ролни — камбағални марҳум актёр Ирфон Хон ўйнаган. Юқоридаги ҳикояни энди кинодаги образлар билан алмаштириб ўқишингизни сўрайман.

Сардоба сув омбори — кинодаги кўприк.

Бош пудратчи — кинодаям шу образ бор.

Кинода аслида Ички ишлар вазири ва ҳукумат амалдори ҳақиқатни гапиради. Ўзбекистонда уларнинг ўрнига кимлар тушишини билмайман.

Кинода жонли эфир қилган ТВ — бунинг Ўзбекистонда муқобили йўқ, айни пайтда аччиқ ҳақиқат шу.

Битта кинога шунчами?

Ҳа, битта кинога шунча! Ҳинд киноларига баъзан беписанд қараймиз, чунки уларда ҳаддан зиёд кўп филм суратга олинади. Аммо сифатлилари ҳам талайгина. Гап бунда эмас.

Аввал айтганимдек, ҳинд киночилари мамлакатдаги ҳар қандай вазиятни, амалдорни, жиноятни бемалол кинога олиб чиқа олади. Қўрқмайди, киноларида бош вазиригача кирдикорларни очиб ташлашади. Азалдан шундай улар.

Тўғри, бунинг учун имконият ҳам яратилган, қолаверса, киночилари-да анча довюрак. Энг муҳими, улар муаммони шу қадар юқори даражада кўтариб чиқа олади. Балки шунинг учундир ҳозир энг ривожланган мамлакатлардан бири Ҳиндистон!

Нега таъсирландим?

Филм номи Madaari, асл таржимаси "қўғирчоқ" маъносини билдиради. Лекин "Севимли" каналидагилар унданам зўр ном топишибди — "Ўғри". Буни билиб қилишганми ё билмай, бехабарман.

Аммо кинони кўрар эканман, мен фақат Ўзбекистонни тасаввур қилдим: сифатсиз қурилишлар, коррупция, ёлғон рақамлар, алдовлар, қовунлар, сохта шаффофликлар ва монополия!

Ҳа, афсуски, мана шуларни кинони кўришим билан ёзиб қўймасам бўлмаслигини билдим ва, мана, ёзиб тугатдим.

Бобур Наби

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!