Қозоқ кинематографиясига тан бердим!

Қозоғистон кино саноати ҳақида орқаваротдан эшитганим бор эди. Бир-икки киноларини ҳам кўрганман. Ўша пайтда уларга у қадар юксак баҳо бермаганман, аммо кинони санъат даражасига кўтараётганини билганман.

Чунки уларнинг дунёга чиқишни истаётгани шу ҳаракатларидан билиниб турарди. Пулни аямасди, Россия кинобозорини эгаллаб олаётганди. Маънили сюжетлар ўйлаб топишарди. Лекин қозоқ киносини кўришга қунт билан ҳафсала қилмаганман.

Бугун қозоқлар ишлаган "Тўмарис" фильмини кўрдим. Ғалати эшитиларкан! Аслида бу картинани ўзбеклар суратга олса, кўпроқ ярашарди. Йўқ, бизникилар эплолмасди! Қозоқлар зўр ишлабди!

Сценарий яхши, сюжет яхши, саҳналар ва диалоглар яхши. Эринишмаган, пулни аямаган (6,5 млн. доллар экан). Меҳнатлари зое кетмаган. Кинодаги фактлар, тарихий ҳақиқатлар, бошқа далиллар иккинчи даражали, чунки фильм қозоқ кино саноати қанчалик ривожланиб улгурганини исботлабди.

Уни ўзбек кинолари билан солиштира олмайман. Негаки ўзбек кинематографиясида бундай картина йўқ, мен кўрмаганман. Яъни кенг масштабда суратга олинган, пул аялмаган, реал жангари саҳналарга бой ўзбек фильми йўқ ҳали.

(Баъзи тарихий фильмларимизни мисол қилиб келтиришга уялади одам. Сўнгги пайтларда, президент айтганидан кейин, жуда кўп тарихий кинолар олинди. Лекин бирортаси дунёга чиқдими? Халқаро рейтингларда ҳам йўқ ҳатто.)

"Тўмарис" киноси ҳақида гапирмоқчи эмасман! Буни фақат кўринглар, хулосани ўзингиз чиқаринг, фикр ҳам сизники. Мен фақат нимага бизда шундай кинолар йўқлигига қайғураман холос.

Айтганча, "Тўмарис"да бизга "тегишли" жойлар ҳам бор: Абу Наср ал-Фаробий ҳикоя қилади, Хоразм, Сирдарё ҳақида гап кетади. Нозим Тўлахўжаев деган актёримиз роль ўйнаган. Мана шуни айтиб, оғиз кўпиртириб мақтаниб юрса бўларкан айрим маддоҳларимиз. Биз бошқасига ярамаймиз-ку.

Қанчадан-қанча пулларни бир тийинга қиммат, киночилардан бошқага фойда келтирмайдиган киноларга сарфлашга жуда уста режиссёрларимиз. Тарихда қолиш, Ўзбекистондан ташқарига, дунёга чиқиш ҳақида ўйламайди улар.

Ҳай, инсоф берсин уларгаям. Фақат катта киноларга ажратилаётган пулларни оқлаб қўйишаётган бўлса бас. Биз ҳам шундай кунларга етамиз қачондир. Фақат қозоқлардан кейин бўламиз холос.

"Тўмарис" — Қозоғистон фильми, 2019

Режиссёр: Акан Сатаев
Сценарий муаллифлари: Алия Назарбоева, Тимур Жаксиликов
Продюсерлар: Алия Назарбоева, Светлана Нам, Анна Чакиртова
Жанри: драма, тарихий
Бюджети: $6 500 000
Жаҳон премьераси: 2019 йил 1 октябрь
Давомийлиги: 155 дақ. / 02:35
IMDb: 7.1/10

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!