Friday, 4 August 2017

Яловбардорларимиз кимлар?

Мел Гибсон ўйнаган “Ватанпарвар” деган кино бор. Унда бош қаҳрамон ўз оиласини, болаларини ёвдан асраш учун урушга отланади. Тўғри, чунки Ватан остонадан бошланади.



Президент Шавкат Мирзиёев зиёли қатлам вакиллари билан учрашув ўтказди ва уларнинг фаолиятини кескин танқид қилди. Айниқса, адабиёт ва маданият ҳақидаги гапларида залворли аччиқ ҳақиқатлар бор. Тарихий фильмлар мавзуси анча йиллардан бери долзарб муаммо сифатида кўтарилади, лекин киночиларимизнинг баҳонаси тайёр: “Катта маблағ керак”.

“Кўпчилик ижодкорларда “Эй, жаноб Президент, сиз айтаётган таклифларни амалга ошириш учун жуда катта маблағ керак, энг замонавий кино аппаратлар, тарихий либослар керак, қанча чет мамлакатларда съёмка ишларини олиб бориш керак, минг-минглаб одамларни бу жараёнларга жалб этиш керак”, деган фикр туғилиши табиий. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган бу вазифани амалга ошириш учун биз катта миқдордаги маблағларни, керак бўлса, эркин муомаладаги валюта маблағларини ҳам топиб беришга, киночиларимизни чет давлатларга ижодий сафарларга юборишга ҳам тайёрмиз. Худога шукур, бугунги иқтисодий аҳволимиз бунга имкон беради”, деди Шавкат Мирзиёев кечаги маърузасида.

Узоққа бормайлик. Ватан учун жонини берган юрт зиёлилари бўлган, лекин уларни ҳозирда ким қанчалик эслаяптию, ким қадрлаяпти? Гап Фитрат, Авлоний, Беҳбудий, Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир кабилар ҳақида кетяпти. Чўлпоннинг ҳаёт йўли сценарий қилинса, мингта “Гладиатор”, минглаб “Ватанпарвар”дан зўр кино чиқишига аминман. Усмон Носир ҳақида кино ишланса, Ҳолливуднинг манаман деган фильмларига тенглашиши мумкин ва ҳоказо. Чунки улар сўнгги нафаси, сўнгги қони ва сўнгги сўзигача Ватан деб ўтган.

Ҳозир кимдир уларни эслаяптими? 2015 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 140, 2016 йилда Абдурауф Фитратнинг 130, 2017 йилда Абдулҳамид Чўлпоннинг 120, 2013 йилда Усмон Носирнинг 100 йиллиги ҳукумат даражасида нишонланмаган! Кўрамиз ҳали, 2018 йилда Абдулла Авлоний таваллудига 140 йил тўлади.

Лекин Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова, Ойбек ва Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби зиёлилар жуда қадрланди. Йўқ, уларни асло камситмоқчи эмасман, бунга ҳаққим ҳам йўқ. Улар адабиётимизнинг етук намояндалари. Лекин яловбардорлар бўлолмайди, токи улардан олдин Ватан учун жонидан кечган маърифатпарварлар турганда. Уларни-да унутишга ҳақсизмиз!

Бошқа соҳани олайлик, дейсизми? Масалан, хонандаларми? Ё актёрларми? Балки телевизорга чиқиб олиб, аччиқ саволлардан ўзини олиб қочаётган корчалонларми? Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини “билмайдиган” амалдорларми? Ёки уларнинг жавобини хас-пўшлаётган, ўртада “валерианка” вазифасини ўтаётган ва вазирларнинг “Шерзодхон ака” деган чақирувига маст бўлиб қолган журналист ё бошловчиларми?

Асло! Улар яловбардорликка умуман ярамайди. Яловбардорлар ўз ғоясидан, қарашидан, эътиқодидан ҳеч қаерга оғишмайди, замон ва макон ўзгаришига эътибор бермай, ўз мақсади сари олға юради. Бу йўлда улар фақат адолат ва ҳақиқат учун курашадилар.


“Адабиёт яшаса, миллат яшайди” деганди Чўлпон. Шавкат Мирзиёев ҳам шу йўлдан кетмоқда. Илойо, мақсадига етсин! Адабиётни энг олдинги поғонага олиб чиқиш керак, ана шунда миллат саводли бўлади, яна уламолар етишиб чиқади, ёшларнинг ўзи “оммавий маданият”ни йўқ қилиш учун курaшга киришади.

No comments:

Post a Comment