Ким айбдор?

У чорраҳаларни ёмон кўрарди ёки қўрқарди. Умуман, йўлни кесиб ўтишни ёқтирмасди. Светофор чироқларига доимо амал қиларди. Лекин бир куни ўзи қўрққан воқеа содир бўлди. Йўлдан ўтаётганда машина уриб юборди...


Йўқ, аввал йўлчироққа қаради: пиёдалар учун яшил ранг порлаб турарди. Ундан сўнг қадам босди, катта йўлнинг ярмига етганда чап тарафдан “уввос” солиб келаётган автоуловнинг узундан-узоқ “бибиплаган” товуши эшитилди. Бироқ у тўхташни ҳам, қарашни ҳам истамади, аниқ биларди, йўл уники. Қараса бўларкан...

Машина зарбидан бир-икки метр нарироққа бориб тушди. Бошқа автомобиллар ҳам тўхтади, оломон йиғила бошланди. У эса асфальтда қонга беланиб ётарди. Оломон ичра ғала-ғовур авж олди. Одамлар айбдорни қидиришга тушиб кетишди.

Кимдир айбни унга тўнкади. Йўлга қарамасдан ўтганмиш, сигнални эшитиб ҳам тўхтамаганмиш.

Бошқа биров учар ҳайдовчини айблади: қизил чироқдан ўтгани етмагандек, шаҳар марказида бундай тезликда ҳайдашни аҳмоқгарчиликка йўйди.

Костюм-шимли бир йигит айбни умуман бошқа одамдан қидирди: паналарга яшириниб турадиган мелисалар беркинмасдан, йўлларни назорат қилганда бу каби кўргиликлар содир этилмасди.

Қорин қўйган қирқ ёшлардаги эркак эса кузатув камералари йўқлигидан нолиди. Агар видеокамералар ўрнатилганда ҳайдовчилар қоида бузмасди, натижада ҳалокатлар кузатилмасди. Чет элда шунақа-да, деб қўйди билармонлигини кўз-кўз қилгандек.

Ёши етмишларга бориб қолган бир рус кампир эса автомобилларнинг ҳаддан зиёд кўплигидан астойдил норози бўлди. Унинг айтишича, кўчаларда юриш анча хавфли, йўлни кесиб ўтиш умуман имконсиз экан.

Озғин қорачадан келган бир аёл тез ёрдам машиналарининг вақтида етиб келмаслигини рўкач қилди. Шу баҳонада ўзининг ташвишини ҳам айтиб олди: бир кун олдин 103 рақами орқали уйига чақирув қилгани ва тез тиббий хизмат нақд қирқ дақиқада ҳозир бўлганини алоҳида урғу билан айтди. Вақтни эринмасдан ҳисоблаганини ҳам таъкидлади...

Галстук таққан ўрта ёшлардаги эркак эса орган ходимларини айблади: улар учар ҳайдовчига нисбатан жазо қўллашни кечиктириши ёки умуман жазосиз қолиб кетиши мумкинлигига ҳам ишора қилди.

Хуллас, азага келган ўз дардини айтиб йиғлади...

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!