Участковой аканинг ҳайрати (ҳажвия)

Новвойхонага ишга келганимга тўрт ойдан ошди. Ҳозирча бозорга нон ташияпман. Тўрт ғилдиракли нон ташувчи транспортни эрталабдан кечгача судраб юраман. Тонгги соат бешларда уйғонаман, шу билан қош қорайгунча нон ташийман. Бошида қийин туюлди, кейинчалик ўрганиб кетдим. Ҳозир анча кўникиб қолганман. Лекин жуда чарчайман. Кечки овқатдан кейин донг қотаман. Эрталаб яна вақтли туриш керак…


Шундай кунларнинг бирида шомдан ўтиб бозордан қайтдим. Қозонда ош дамланган экан. Паққос туширдим-да, энди ухламоқчи бўлганимда тепамда хўжайин кўринди. Хира чироқ нурида тишлари ялтираб тиржайди.

— Ҳа, чарчадингми?

Жуда ғалати савол-ку! “Эрталабдан кечгача уч километр уёққа, уч километр буёққа нон ташиб кўринг-чи”, дедим ичимда. Хўжайин дастурхондаги пиёлага чой қуйиб, ҳўплади ва қаршимга чўккалади.

— Энди гап бундоқ, — гап бошлади лабини артаркан. — Ёнимиздаги супермаркет ҳали янги, биласан. Ёнида будкача бор, қоровуллаш учун. Бугун қоровул бир сабаб билан уйига кетибди. Мендан илтимос қилишди, шу ерга қараб туринглар, деб. — Дўпписини пешонасига тушириб, бошининг орқа томонини қашлади. — Бу ерда эрталаб шовқин бўлади, биласан. Хамир қиламиз, сув ташилади, хуллас, яхши ухлолмайсан. Бугунча ўша будкага бориб ёт, рухсат. Эрталаб олтида ўзим уйғотаман.

Жуда чарчаган одам учун яхши хабар эди. Чунки ростдан ҳам новвойхонада ухлашнинг ўзи қийин, кечаси туриб, хамир қоришади, сув ташишади, ухлагандан кейин саҳардан уйғотволишади. Мен индамайгина кўндим.

Катта йўл бўйидаги янги супермаркетда одам гавжум. Будкага кириб, эшигини ичидан қулфладим-да, каравотга ёнбошладим. Тўғрисини айтаман, бир ухласам, донг қотаман. Худди шундай бўлди…

Эрталаб хўжайин уйғотди. Нон ёпилган, тандирдан энди узилаётган эди. Апил-тапил ювиниб, чой ичдим-да, доимги ишимга шўнғиб кетдим. Атрофга, йўлга эътибор ҳам бермадим…

Тушга яқин бозордан қайтганимда новвойхона эшиги олдида хўжайин, нон ёпувчи ва участковой ака бир нималарни гаплашиб туришган экан. Хўжайин мени кўрдию, қўли билан имлаб чақирди. Участковой ака бир қўлида портфел, бошқасида бош кийимини ушлаган, пешонаси тиришиб, атрофга олазарак қарар, худди Шерлок Холмс каби бир жиноят сирини фош этмоқчидек кўзларини қисиб олганди. Оббо, нима бўлдийкан, дея ўйладим. Учаласи билан кўришдим. Участковой ака менга бироз тикилиб турди-да,

— Манов будкада сен ётганмидинг? — деб сўради.

Супермаркетга ўғри тушдимикан, хаёлимдан ўтди. Лекин у томон тинч, одамлар кириб-чиқиб юрибди. Пешанамни тириштириб, ҳа, дедим.

— Кечаси нима бўлганини биласанми? — энди у бош кийимини калласига қўндириб, портфелидан аллақандай дафтар олди.

— Йўқ.

У исм-фамилиям, туғилган йилим ва жойим ҳақида сўраб, дафтарига ёзди. Яна бир нималарни суриштирди. Қотиб ухлаганим учун ҳеч нарсани сезмабман. Охири участковой ака тутақиб кетди.

— Қанақасига билмайсан?! Ўттиз метр троллейбус симини кесиб кетишган! Ёнингда “Жигули” машинаси авария бўлган! Шуларниям сезмадингми?!

Эҳ-ҳе! Шунга шунчами, дегим келдию, оғзимдан беихтиёр бошқа жумла учди:

— Хўжайинга айтгандим, ухласам, ҳеч балони сезмай қотиб қоламан. Менга не дейсиз?

Участковой ака жим қолди. Бошқа яна нима десин?..

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!