Табиб табиб эмас...

Жўра амаки бетоб, инсульт бўлган. Кампири ҳам шундай. Кўп дўхтирга боришди, ҳар хил шифохоналарга қатнади, иложи бўлмади. Биров унга бор, деса, бошқаси бунга дейди. Водийда қанақадир табиб чиққанмиш, уни ҳам йўқлаб келишди, фойдаси тегмади. Мана, энди Тошкентда ҳам яна бир табиб чиқибди...

Рентген натижаларию бошқа қоғозларни олиб, иккинчи марта шу табибникига йўл олишди. Навбатда доимгидек одам кўп экан. Бир соатлардан кейин уларнинг гали келди. Табиб саксон ёшлардаги оқ соқолли чол, ҳар замонда соқолини тутамлаб қўяди. У жуда хотиржам, келиб-кетувчиларни зимдан кузатар, ўзича ташхис айтиб, дори ёзар ва ўша дорини қаердан сотиб олиш мумкинлигини ҳам эслатиб кетарди. Ёнидаги столда бир уюм пул ғиштдек тахлаб қўйилган, уни яширишни хаёлига ҳам келтирмасди.

Аввал кампирини кўрди. Рентген қоғозига тикилиб туриб, “ўт пуфагингизда тош бор экан”, деди. Кампир қўрқиб кетди, чол эсанкиради ва жаҳли чиқди.

— Яхшилаб қаранг, тош эмас, қум. Қум ҳаммада бўлади, — деди чол жаҳлдан ўзини босиб.

Табиб қоғозга яна бир назар ташлади. Тўғри, дегандек бош силкидию индамади. Бир парча қоғозга дори ёзишга тушди.

— Мана шу гиёҳни сотиб оласиз. Ташқарига чиқсангиз, ўнг томонда дўкон бор, ўша ердан оласиз, — деди табиб қоғоз парчасини кампирга узатаркан. — Сизни нима безовта қиляпти? — деди сўнг чолга юзланиб.

Чолни ҳам бир қур текширган бўлди. Савол бериб кўрди. Кейин шу гапни айтди:

— Сизнинг жигарингиз йўқ бўлиб кетган.

Чол энди ростмана жаҳл отига минди. Табибнинг мақсадини тушуниб қолди. Жигарсиз одам яшарканми, деди ичида. Шартта ўрнидан туриб, ташқарига чиқди.

Ўнг томондаги дўконга киришди. Дорихоналарда донаси беш минг сўм турадиган оддий ўт бу ерда салкам ўн баробар қиммат экан. Лекин дорихонаникига ишонч йўқ, буни айнан шу ердан олиш мақсадга мувофиқ экан. Сотувчи хола шундай деди. Кампирининг сазаси ўлмаслиги учун бир нечта ўша доридан сотиб олди.

Уйга қайтаётиб, чол заҳрини кимга сочишни билмади. Кампирига эшитиларли даражада ўзига ўзи гапираётгандек жаврай бошлади:

— Сени олдин ҳам кўрган бу чол. Нега аҳволингни сўрамади? Ўзгариш борми, яхшиландими ё ёмонлашдингизми, демади ҳам. Буларнинг дарди фақат пул экан-ку, баччағар! Бошқа бу ерга қайтиб келмаймиз!

Муаллифдан илова: тиббиёт фанлари доктори, профессор Муродулла Каримов шундай дейди: “Касбилик 40 ёшга тўлмаган аёл оёқлари букилиб, 14 йилдан бери умуман юра олмасди. Босқичли операциялардан сўнг 14 йил тўшакда ётган бемор турди. Бир инсоннинг тўлақонли ҳаётга қайтганини кўриб, чеккан барча машаққатларим унут бўлди. Шифокорнинг бахти ҳам ана шунда бўлса керак”.

Бу турдаги фирибгарлар кўп жойда топилади. Халқимизда бир гап бор: “Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб”. Агар табибнинг мақсади инсонларни даволаш бўлса, пул бирламчи масала сифатида турмайди. Бу каби фирибгарлар билан эса журналистлар кураша олмайди. Уларни, яхшиси, мутасадди ташкилотлар ихтиёрига топшира қоламиз.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!