Афсусланмайсиз

Бизда ҳам замонавий, ҳам ёшларбоп, ҳам ахлоқий бўла олган фильмларимиз жуда кам, бармоқ билан санарли. Масалан, “Осмондаги болалар”. Ўсмирлар, ёшлар ҳақидаги ўлмас фильм, ҳар сафар кўрганимизда зерикмаймиз. Анча бўлган эди бунақа картиналар ишланмаганига.


“Жасур”, “Сардор”, “Муқаддас бурч” каби ватанпарварлик руҳидаги фильмлар ҳам керак, майли. Лекин уларни ҳамма ҳам кўролмайди ёки бир-икки марта томоша қилиши мумкин. Лекин ўзгача услубда суратга олинган “Шунқорлар” бадиий фильми бундан мустасно. Келинг, шу ҳақда бироз суҳбатлашсак.

“Шунқорлар” фильми сценарийсини таниқли кинотанқидчи ва киношунос Элмира Ҳасанова ёзган, режиссёр Умид Ҳамдамов. Картинада ёш ва янги актёрларни ҳам, тажрибали актёрларни ҳам учратиш мумкин. “Шунқорлар” фильми “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўрта махсус, касб ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида суратга олинган. Фильмда таниқли актёрлардан Абдухалил Мингноров, Тоҳир Саидов, Абдувоҳид Зоитов, Илмира Раимжонова, ёш ва дебютантлардан эса Суръат Исломов, Нигина Анорбоева, Фотиҳ Насимов, Саидаълохон Маъсудхонов кабилар ўз ролларини моҳирона талқин қилиб беришган.

Бу фильм ҳарбийлар учун эмас, балки ҳозирги ўсмир-ёшлар учун жуда тарбияли аҳамиятга эга. Воқеалар ривожи кулгили саҳналар, драматизм ва романтика билан бойитилган. Энг кераклиси, фильмда сунъийлик ва сохталик йўқ. Режиссёр ёшларнинг ҳозирги характеристикасини очиб беролган. Ҳар бир бола бир олам, деган гап бор. Фильм худди шу ғоя асосига қурилгандек туюлди.

Қолаверса, Суръат Исломов, Фотиҳ Насимов каби ёш актёрларни кўриб, ўзбек киносида янги юзлар пайдо бўлганига умид қилса бўлади. Тўғри, улар “Шунқорлар”гача бир неча фильмларда ўйнашган, аммо айнан шу картинадан кейин уларнинг янги қирралари кашф этилди (Суръат Исломовни “Зарб” фильмида кашф қилганмиз аслида). Демак, ҳали кўп нарсага умид қилсак бўлади, фақат буёғига улар сценарий танлашда адашишмаса бўлгани.

Шунингдек, фильмда “Камолот” етакчиси қандай бўлиши кераклиги Нигина Анорбоева образи билан моҳирона тасвирланган. Бундан ташқари, мусобақада иштирок этиш, унда қатнашишга коллежнинг энг тартибсиз гуруҳининг танланиши, ушбу зўравон гуруҳни ғалаба сари интилишга кўндириш воқеалари ўзига хос тарзда ҳамда ишонарли ифода этилган. Кинонинг бирор жойида сохта саҳна мавжуд эмас. Энг қувонарлиси, дарвозабон бўлиш ниятида “Бунёдкор” клубида ўйнашни истаган Суръат Исломов образи коллежда ўқитувчи бўлиб қолганидан ҳеч ҳам афсусланмайди.

Хуллас, ҳурматли ёшлар ва ота-оналар! Ҳеч иккиланмасдан, пулингиз ва вақтингизни аямасдан, бемалол “Шунқорлар” фильмига тушишингиз мумкин. Афсусланмайсиз.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!