Тамаддун

Биз даврлар, замонлар тамаддуни ҳақида сўз юритмаймиз. Бу ҳақда, Мирзо Бобур айтганидек, кўп ва хўб ёзилган. Одамлар, уларнинг онгидаги тамаддун бизнинг асосий мавзумизга айланади бугун. Ахийри шу ҳақда ёзишга жазм этдик ва мажбур бўлдик.


Юқоридаги айрим корчалонларимиздан фарқли ўлароқ (бундай корчалонлар туман, вилоят ва пойтахтда ҳам топилади), бу мавзуда қалам тебратиш учун қуйидан чиқишни афзал билдик. Муаммони ҳал этиш ёки уни ҳал этишга жўяли таклиф бериш учун аввало юқоридан эмас, қуйидан бошлаш керак.

Демак...

Зулмат ичра яшаётган одамни тасаввур қилинг. Собиқ иттифоқ пайтида худди шундай яшаган эканмиз, эшитишимизча. Ҳозир эса чироқ ҳам бор(ми), газ ҳам бор(ми) ва озодлик ҳам бор. Ўзбекистон дунёда биттадир, деймиз, тўғри, ижтимоий тармоқдаги бир блогернинг айтишича, Ватикан учта, Германия олтита, Бразилия эса ўн иккита. Қишлоқларимизда электр энергияси учун ҳар ойда аҳоли маошидан мажбуран қанчадир пул (30000-40000ми-ей) олиб қолинади. Шаҳарларимизда ҳам шундай, электр энергияси учун солиқ тўланади. Фақат битта фарқи бор: шаҳарда чироқ бор, қишлоқда эса йўқ. Унда шунча пул қаёққа кетади, дерсиз? Бу савол ўша кўпчилик аҳолини қизиқтиради. Тўғри, бундай давлат дунёда битта!

Давом этамиз...

Энди ижтимоиятдан маданиятга ўтамиз. Ўтган йили йўқ жойдан пайдо бўлиб қолган “Эътироф” маросими ўша пайтда кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинганди. Чунки унда ҳар бир соҳа (деярли) бўйича илғорлар тақдирланган эди. Ҳатто адабиёт йўналиши ҳам бор эди. Бу йилгиси ҳам бирдан пайдо бўлиб қолди, кўпчилик унинг ўтказилишига шубҳа билан қарай бошлаганди. Лекин бу гал адабиёт йўқ...

Аслида бу маросим бизга керакми? Шунча пул сарфлашга ҳожат борми? Мустақиллигимиз арафасида ҳар бир соҳа вакили муносиб тақдирланади, давлат мукофотига лойиқ кўрилади. Унинг ичида деҳқон, пахтакор, пиллакор, фермер, ўқитувчидан тортиб, рассом, ашулачи, актёр, шоир ва ёзувчи ҳам бор. “Эътироф”да эса фақат рассом, спортчи, ашулачию актёрлар бор холос. Яна бир қизиқ ҳолат: нега энди телевидение ва радио журналистлари тақдирланадию, матбуот аҳли яна беэътибор қолади? Нима, улар ердан чиққан қўзиқоринми?

Дарвоқе, адабиёт ҳақида. Нега олдингисида бор эдию, бу сафар олиб ташлашди? Муҳтарам Президентимиз бекорга қарорлар қабул қиляптими унда? “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор”, деганда Юртбошимизни алқаганлар қани энди? Балки Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги ёки Зулфиянинг 100 йиллик тўйларини нишонлаш фикрларидан ҳам қайтарармиз Президентимизни. “Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт...[1]”, деган эди 16 ёшида эрксевар Чўлпон.

Лекин “Эътироф”нинг ғолибларини (уларнинг қай йўл билан аниқлангани иккинчи масала) кўриб, адабиёт олиб ташланганига ҳам мамнун бўлдик. Чунки уни ерга уришларига тек қараб туролмаймиз...

Хўш...

Яна бир катта масала — журналистика! Айниқса, тележурналистика. Бу муаммо шу қадар сийқаси чиққанки, уни ҳатто оддий одам ҳам ҳар йили ёки ҳар ойда бўлмаса-да, камида ҳар байрамда эслаши мумкин. Яхшиям, бахтимизга, хорижий фильмлар бор, телеканалларимиз навбати билан зериктиришмайди. Энди тасаввур қилинг, чет фильмлари бўлмаса-чи. Телевизорда нима кўрамиз? Ўзбек киноси, бир-иккита реклама шаклидаги қолипланган ток-шоулар кўришимиз ёки фақат ва фақат ашула эшитишимиз мумкин. Бу ҳолат эса ҳар байрамда бўлар такрор. Қани айтинг-чи, янги йил, Наврўз ёки мустақиллик байрамларида телеканалларимизда бирор қизиқроқ дастур кўрасизми? Йўқ, ҳатто қайси байрам қандай сценарий асосида ўтишини ёддан билиб олганмиз. Байрамга мос фильмлар, “чириган” кинолар ва энг “кулминацион” қисми — ҳамма каналда бир хил дастур — ашула, ашула ва яна ашула.

Тўғри, янги каналлар очилди, дерсиз. Тан олиш керак, “Болажон”, “Кинотеатр” телеканалларини ёқлаб чиқиш мумкин, улар ўз ишини қилишяпти. Лекин “Наво” (олдинги “ТВ-Марказ”га айланиб бораётган мусиқий телеканал), “Оилавий”, “Диёр”, “Маданият ва маърифат”, “Менинг юртим” телеканаллари ҳам бир қолипда. Уларнинг орасига “Маҳалла” қўшилмоқчи. Магарки маълум йўналиш бўйича канал очиш керак бўлса, нега кулгига оид биронтаям канал йўқ? Олдинги телеминиатюрачилар қани? Нега адабиётга бағишланган дастурлар йўқ бўлиб кетяпти? Нега деярли ҳамма кўрсатувлар енгил-елпи бўлиб бормоқда? Нима, ҳаётимиз мана шу ашулачилару актёрлардан иборатми?

Бу саволларга жавоб яна қуйидан топилади. Агар улар қуйидаги ҳаётни кўришса, бунчалик даражага боришмасди. Йўқ, сиз нотўғри тушунманг, қуйидаги ҳаётдан нолимаяпмиз. Фақат шуни тушунингки, қуйидагилар учун мана шу саводсиз ашулачилар (ҳар ҳолда қўшиқлари шунақа) ёки актёрлар (роллари шу талабга жавоб беради) ҳаёти умуман қизиқмас. Уларнинг бундан муҳимроқ ишлари бор. Тележурналистларимиз учун эса бундан осони йўқ: улар ашулачиларни реклама қилади, оиласини, уйини, машинасини телеэкранга олиб чиқади. Баҳонада ўзи ҳам қуруқ қолмас балки. Улар ҳақида “кўрсатув” тайёрлаш учун билим ва тажриба керакмас.

Қани...

Яна бир оғриқли нуқтамиз — картошка. Йўғ-е, карточка, пластик карточка. Бу борада муаммо йўқ, дерсиз. Тўғри, Тошкентда ҳеч қандай муаммо йўқ, бўлмаслиги ҳам керак, чунки у пойтахт. Пойтахтда ҳамма жойда терминал бор, банк пластик карточкаларининг барча турига савдо қилиш мумкин. Бунинг устига, ҳеч қандай устама ҳақларисиз...

Қишлоқларимизда, боринг ана, туман ва айрим вилоят марказларида аҳвол қанақа? Албатта, аҳоли пластик карточка нима эканини билишади, ойлигининг ярмидан кўпи, балки ҳаммаси шунга ўтиб кетишидан ҳам хабардор. Ҳатто шуни ҳам билишадики, пластик карточкани нақд қилиш учун қанчадир фоиз пулдан воз кечиш керак (бу ҳолат Тошкентда ҳам бор, айтганча). Ёки бирор катта дўконда (чунки карточкаларга асосан катта дўконларда савдо бўлади) у-бу нарса сотиб олишни истасангиз, унга ҳам қанчадир фоиз устама қўшиб бериш лозим. Ҳа, бундай “сиёсат” дунё бўйича фақат бизда бор.

Гапирса гап кўп...

Интернетни ихтиро қилган одам, яхшиям, уни патентлашга розилик билдирмаган. Йўқса, дунёдаги энг бой одам ўша бўларди. Бизда эса шу қурғур интернет ҳам пуллик, дарвоқе, бу ҳолат ҳам ҳозирча фақат бизда.

Муаммолар етарлича...

Албатта, масалан, бензинни олайлик. Ёки ДАН ходимлари. Айтганча, улар ҳақида бир оғиз. Тўғри, пойтахт кўчаларида камералар кузатуви йўлга қўйилмоқчи, ДАН ходимлари бир қанчасининг таноби тортилди. Лекин бу камлик қилибди, чоғи. Пойтахт кўчаларида бошқа вилоят автомашиналари эркин юролмайди. Чунки нима қилиб бўлса ҳам, ДАН ходими унга қандайдир айб қўяди-да, ё жарима солади, ё гувоҳномасини олади.

Мисол келтирамиз, Андижонга кетаётган эдик. М.Улуғбек туманидаги Феруза маҳалласидан “Чимён” дўконидаги чорраҳадан Роҳат томонга бурилдик. Олдимизда иккита машина бор эди. Йўл четида турган ДАН ходимлари бу икки машинага индамади. Лекин бизни кўрди, аввалига жим турди, кейин эса худди бир нимаси эсдан чиққандек ҳуштак чалди. Ҳайдовчимиз бизгами-бизгамасми, дегандек иккиланиб тўхтади. Ҳужжатларини олиб тушиб кетди... Узоқ вақтлик “музокара”дан кейин шумшайиб келди. Нима бўлганини сўрадик. Аниқланишича, биз светофордан ўтаётганда трамвайга йўл бермабмиз. Бир кулгим келди, бир куйгим, чунки ҳеч қанақа трамвай йўқ эди, бунинг устига, олдимизда иккита машина бор эди. ДАН ходимларига ҳайдовчимиз пул таклиф қилса, кўнишмабди (шунисиям шукур), лекин ҳайдовчилик гувоҳномасини олишибди (ундан кўра, пул олгани яхши эди). Биз ҳам тушунмадик, нимага тўхтатди, агар мақсади пул бўлмаса. Магар мақсади пул бўлмаса, нега қоидабузарлик ҳақида ёзиб, гувоҳномани олишди, ҳолбуки айбимиз ҳам йўқ эди. Лекин машина рақами 60 партия эди...

Хуллас...

Тамаддунга қайтамиз. Инсон онгида тамаддун шаклланиб, ривожланиб, тараққий этмас экан, давлатларнинг тамаддунда “гуллаб-яшнаши” бир тийин. Телевизорлардаги бемуаммоликка унчалик ҳам эътибор бермаган маъқул. Бу муаммоларни юқоридаги корчалонларимиз билмагунча, хабардор бўлмагунча, улар илдиз отиб бораверади. Балки янги депутатларимиздан фойда чиқиб қолар, балки улардан биронтаси бу бемаъни ёзмишимизни ўқиб қолар. Қўлимиздан келгани шу холос.

Узр, Янги йил байрам кайфиятини йўққа чиқармоқчи эмасмиз. Аксинча, бу қурғур шу эски йилда ёзилиб, шу йилда қолиб кетиши тарафдоримиз...





[1] Наби Жалолиддиннинг “Тегирмон” романидан олинди.

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!