Понтийлик Пилат ҳақида Шайтон ҳикояси

Бундан тахминан 2000 йиллар олдин Понтий Пилат исмли золим фосиқ бўлган экан. Айнан у Исо алайҳиссаломни хочга михлашни буюрган экан. Энг аҳамиятлиси, уни Шайтон “руҳлантириб” турган экан. Бу ҳақда қаердан биласиз, дейсизми? Албатта, “Уста ва Маргарита” рўмонидан. Келинг, озроқ шу китоб ҳақида суҳбатлашсак.




"Уста ва Маргарита" фильмидан лавҳа

Рўмон (ёки роман, лекин Абдулла Қодирий изидан боришни афзал билдик) жуда мукаммал ва тугал ёзилган. Балки Михаил Булгаков уни умрининг охирларида ёзгани учун шоҳасар даражасига кўтар(ил)ган бўлиши мумкин. Бу ҳақда китобдаги (Тошкент, Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети “Ёш гвардия” нашриёти, 1987 йил, Қодир Пирмуҳамедов таржимаси) кириш сўзи сифатида келтирилган Константин Симоновнинг “Михаил Булгаков романи ҳақида” номли рисоласидан (“Звезда” журнали, 1966 йил) ҳам билиб олиш мумкин. Симоновнинг ёзишича, рўмон муаллиф томонидан бир неча маротаба қайтадан ёзилган, демак, асарнинг шуҳрати ва боқийлиги мана шу меҳнат самараси, албатта.

Рўмон Гётенинг “Фауст” асаридан олинган ажойиб эпиграф билан бошланади:
“...Кимсан айт?!
— Мен ҳаргиз ёмонлик тилаб —
Яхшилик қилувчи кучнинг бир қисми”.

Асарда гавдаланган Воланд образидаги Шайтон ва унинг мулозимлари (Азазелло, Коровьёв, мушук Бегемот, Гелла) бир неча кунга (чоршанбадан шанбагача) Москва шаҳрида пайдо бўлишади. Уларнинг мақсади асло ёвузлик эмас. Тўғри, уларнинг қилган ишлари ваҳшийлик, лекин ҳам яхшилик. Улар фақат порахўр, мансабпараст, зулмкор раҳбарлар ва адабиёт кушандалари бўлмиш танқидчиларгагина зиён етказишади. Зиён етказишади, десак ҳам, нотўғри. Аниқроғи, уларнинг ақлини киритиб қўйишади ва энг асосийси, шайтону инс-жинсларга ишонмагувчи бу рус халқига ўзларининг борлигини исботлаб беришади. Аннушканинг тўкилган ёғига сирпаниб, трамвай тагига йиқилган Берлиознинг боши чўрт кесилиб кетиши, кейин у бошнинг дафн пайтида ўғирланиши, бунга гувоҳ бўлган шоир Бездомнийнинг тўғри жиннихонага жўнатилиши, театрда Воланднинг ажойиб томошасию натижада шаҳардаги аёлларнинг кўчаларда қип-яланғоч бўлиб югуриши, кимдир бир лаҳзада Ялтага бориб қолиши, театр директорининг вампирларга дуч келиши, иш столида қуруқ костюмнинг ўзи енги билан ҳисобот ёзиб ўтиришию ақлдан озаёзган котибага “Чиқиб кетинг”, деб гапириши, боши узилиб, яна қайта жойига қўйилган конферансье, шунингдек, Маргаританинг кўринмас бўлиб, самода жодугардек парвоз қилиши, мурдалар ва арвоҳлардан ташкил топган катта балда қироличалик қилиши, умуман, жуда кўп ишлар, кўргиликлар ва янгиликлар тасвирланади бу китобда.

Энг асосийси, ўша Понтий Пилат ҳақидаги саҳналар. Аслида Пилат ҳақида асар бош қаҳрамони Уста рўман ёзади, лекин адабиёт кушандалари — ўша давр танқидчилари бу асарни бир тийинга ҳам арзимас чиқит қилиб юборади. Оқибатда содда ва ҳақиқатгўй Уста ўзи ҳақидаги бир бало мақолаларни ўқийвериб, “энг мудҳиш иллат — қўрқув” домига тушади. Бу дом эса уни руҳий касаллар шифохонасига элтади...

Рўмон орқали ёзувчи жуда кўп гапларни айтиб кетган. Бу муаммоларнинг аксарияти ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Чунончи, одамларга улар кийган либосга қараб муомала қилиш — бу нафақат ўша даврда (XIX аср бошларида), балки айни пайтда ҳам жуда долзарб муаммодир, айниқса, ўзимизда ҳам. Ёки ўша давр адабиётчиларини олайлик. Асарда уларнинг асл башараси очиб берилган, бир қолипга тушган, ҳужжатсиз ҳеч кимни тан олмайдиган кимсалар. Аксарият муаммолар рус миллатига мансуб, жумладан, русларнинг аксарият қисми худога ҳам, шайтонга ҳам ишонмайди. Ҳатто Исо алайҳиссалом ҳам аслида бўлмаганини, уйдирма эканини гапиради асар қаҳрамони Берлиоз. Айнан шу ерда уларнинг қаршисида Воланд пайдо бўлади ва худо ҳам, шайтон ҳам борлигини, Исо алайҳиссалом бўлганини айтиб, амалда ҳам исботлашга киришади.


Умуман олганда, асар ўша эпиграф асосига қурилган. Ростдан ҳам, Воланд ва унинг югурдаклари ёмонларга ёмонлик тилаб, халққа яхшилик қилганини тушунишимиз мумкин. Хуллас, бу асардан китобхон нимадир озуқа олади. Инкор этмайлик, шайтон бор, у доим ёнимизда, ё сиз бунга ишонмайсизми?

Comments

  1. Ука..гап йук, сизнинг ижодингиз баракали булсин...тойчок отдан узади..расмий идоралардаги совга саломдан кура, купчиликнинг рахматига (отангизга ухшаб), дуосига сазовор булиб юринг!

    ReplyDelete
  2. Rahmat, Samidillo aka, sizlar bor — biz bormiz!

    ReplyDelete

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!