Аёллар қачон тилдан қолади? (Ҳажвия)

Айтайлик, қайсидир тўйдан бир неча кун ўтиб, тўйда яхшигина хизмат қилган хотин, кейин келин хизматидан роҳатланаётган қайнона ўз эри билан гаплашишни ихтиёр этиб қолди. Бу пайтда аслида асосий мавзу келин бўлиши керак. Лекин у нимагадир қариндошлар орасида шов-шувга айланган синглисининг қизи ҳақида гапиришни истади. Эр уни эшитишга тайёрми-йўқми, бу иккинчи масала, муҳими, у гапириб олса бўлгани.


Эр телевизор кўриб ўтирганда секингина ёнига келиб, олдинига бирор нима керакми-йўқми, шуни сўради. Рад жавобини эшитгач, қолаверса, кайфияти ҳам сал яхшилигини инобатга олиб, тўй ҳақида гап очди:
— Дадаси, тўй яхши бўлди-а?
Дабдурустдан ва яна шу саволни бераётгани учун эр хотинига кўз қири билан назар солдию, индамади. Хотин буни ўзича тушуниб давом этди:
— Аши куни синглимнинг қизини кўрдийзми? Бирам хомуш эди бечара, унинг аптини кўриб, менам йиғлаворай дедим. Нимага бунақа юрганиниям билассими?
Эр индамасдан эшитар, икки кўзи телевизорда эдию хотинини ҳам тинглаётганини билдириш учун “Ҳм” деб қўйди. Хотин яна давом этди:
— Онаси уни энди мажбурлаб эрга беряптийкан. Кимгалигини эшитсез, ҳайрон қоласиз. У қизи тушмагур биттаси билан севишиб қоганакан. Тўйгача раса гаплашиб юришибди, кейин йигити уни ташлаб кетибди. Йигит кимлигини билассими? Ўзимизди раисди ўғли экан. У бу қизгачаям шаҳарда анчаси билан юриб қўйган экан. Шаҳарда ўқимаганми, ашунчун шаҳар ҳокимиятида ишлаб юрарди. Ҳокимди ёрдамчиси билан анча яхши эди. Аши ҳокимди ёрдамчисиям-чи...
— Хўш, кимга узатаркан? — дея чўрт кесди эри тобора “ўтлаб” кетаётган хотинининг сўзларини бўлиб.
— Э, сабр қилинг, айтяпману, — деди хотин эркаланиб. — Аши ҳокимди ёрдамчисиям сал суюқроғакан. Раисди ўғлиниям аши йўлдан урганакан. Унданам қизиғи, бир марта иккаласиям битта қизман гаплашишганакан. Бунақалигини жиянимам билганакан. Тушида аши раисди ўғлини кўрганакан.
Эр бир уф тортди. У энди асабийлаша бошлаганди. Қулоғининг тагида қарийб ярим соатдан бери жағи тинмаётган хотини энди унга тинмай кавшанаётган говмишини эслатиб юборди. Хаёлига келган ўхшатишидан ўзи ҳам мийиғида жилмайдию, хотинига билдирмасликка уринди. Лекин хотин буни ҳам ўзича тушунди ва яна давом этаверди:
— Аши жияним тушида раисди ўғли билан юрганакан. Бир пайт қараса, орқасидан раса кўп қизлар югуриб келётганини кўрибди. Улар кимлигини йигитидан сўраса, раисди ўғли шунча қизни кўриб, орқа-олдига қарамай қочиб қолибди. Кейин у тушини аясига айтганакан, синглимам сал фолбинроғу, дарров йигитни суриштиришга тушибди...
— Стоп! — овозини кўтарди эр, унинг тоқати тоқ бўлганди. — Ҳозир индамасам, ҳамма қизларди номма-ном санаб берасан. Кимга узатаркан, шуни айт!
— Айтяпману, дадаси, энди ашетига келдим. Синглим ҳаммасини билгач, қизини қўшниси Холбиби опани ўғлига берадиган бўлди. Холбиби опани ўғлини танийсиз, а? Ё танимессими?
— Танийман! Қайда ким бўлиб ишлашини, нечига кирганини, қанақа қўшнисилигиниям биламан. Шу гапни бошидан айтсанг бўлмасмиди?! Говмишингга ўхшаб ўтлаб кетмасдан! — дея ўшқириб эр уйдан чиқиб кетди.
— Мен нима дедим? — дея хотин ўзича аразлаб олди.

(Заҳириддан)

Бобур Наби

Comments

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!