Кўзим бахтдан қувнаганда бахтимга кўз тегмасин! (нимадир)

Зилолга бағишланади!

Атрофим лолазор. Ҳа, айнан атрофим лолазор, мен лолазорда эмасман. Шундай чиройли лолалар мени ўраб олган. Биласанми, лола бахт тимсоли, хурсандчилик рамзи. Лолам борлигидан шодликдаман!



***

Армияга кетяпман, бир ойликка бўлса ҳам, у ердан сенга хат ёзаман, дедим. Телефондан фойдаланиш мумкинмаслиги учун эмас (телефондан фойдаланиш имкони бор эди, ҳолбуки), мактуб ёзишга ҳавас қилганим учун. Биласанми, телефонда айтолмаган гапларимни мактуб орқали бемалол баён эта оламан. Шунинг учун хат ёзишни ният қилдим ва ёздим ҳам. Менимча, ёмон чиқмади.

***

Яхши кўраман, демайсиз, деб кўп бор айтасан. Балки. Лекин шуни билки, тил муҳим эмас. Ҳаммаси кўзимдан, дилимдан, ҳаракатларимдан аён бўлгувси. Агар ҳар нафас олганимда шу гапни қайтараверсам, қадри қолмайди. Орага совуқчилик тушади ёки кўз тегади. Ахир биз кўчадаги “парочкалар” эмасмизу, бир-бирини севаман, демаса, қовоқ-тумшуқ қилиб оладиган. Уларники ўткинчи. Буни ўзинг ҳам биласан. Ҳозирги шу бахтимизни асрайлик.

***

Ҳарбий хизматда юрган пайтим кўп нарсаларни билдим. Кунлар зерикарли бўлганидан бу ҳақда ўйлашга вақтим етарли бўлди. Қадринг билинди. Қадрим билинди. Қадрингни билганим яхшиликка. Қадримни билганим ўзимни койишликка. Рашк туфайли яхши муомала қилмаган пайтларим бўлганини англадим. Хулоса қилдим. Шунинг ўзи катта гап. Чунки бахтим мен билан ҳамроҳ экан, энди уни қўйиб юбормайман.

***

Сен содда, беғубор қизсан. Ақлинг ҳам, фаросатинг ҳам жойида. Бундай фазилатларга эга қизни топиш бизнинг замонда анча душвордир. Сенда ҳозир кўпчилик қизларда йўқ бўлиб бораётган яна бир фазилат бор. Номусинг кучли, ориятинг бор, уялишни биласан. Ахир шунча хислатларингни билиб туриб, сени яхши кўрмаслигим мумкинми? Бу нонкўрлик бўлади!

***

Лола гули ёқишини айтгансан. Исмингда шу ном борлиги учунмас, биламан. Кўпчилик исмидан гулларнинг номини қидиради ва буни мақташга арзигулик дея маъно топишади. Тўғри, қиз бола гулдек нозик бўлади. Лекин сенинг исмингда яна бошқа маъно ҳам бор. Поклик, тозалик, шаффофлик, тиниқлик, озодалик, покизалик, зилоллик... Ахир сени севмай бўладими?

***

Биламан, мени ҳатто ижтимоий тармоқлардан ҳам қизғонасан. Туну кун Твиттер ва Фейсбукда ўтиришимни биласан. Бунинг ёмон тарафи йўқ, билсанг агар. Сендек бахтимни топганимни, ҳар оним бахтли эканини кимгадир айтишим, ёзишим керак-ку! Твиттерсиз яшолмайсиз, дейсан. Адашасан, роппа-роса 30 кун яшадим усиз ва сенсиз. Кейин билдим кимсиз яшолмаслигимни!

***

Ёзарим кўп айтаримдан. Мақсад не эди бундан? Ҳаммага дилимни ёргим келди. Бахтимни кўриб, ҳавас қилишсин. Уларга ҳам шундай бахтлар ато этсин. Бунинг учун Аллоҳга ҳамду сано айтгум!

***

Ўзингни эҳтиёт қил. Менга кераксан. Дунёда тинчлик бўлсин, оилада ҳамма саломат юрсин. Бу камтарона “нимадир” (жанрини тополмадим, балки янгича йўналишдир) фақат сенга аталди.


Илова: эркаланиб кетмагин яна! J

Comments

Post a Comment

Кўп ўқилган мақолалар

Барибир фойдаси йўқ! (Ҳажвия)

Мухлислар, уйғонинг!